“Ўзбекистон миллий спорт ва халқ ўйинлари энциклопедияси”нинг тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида “Ўзбекистон миллий спорт ва халқ ўйинлари энциклопедияси”нинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов, Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси раиси Ойбек Норинбоев, Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази раиси Норқул Юсупов, шунингдек, вазирлик ва идоралар, этно ва миллий спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг вакиллари, энциклопедия муаллифлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
“Ўзбекистон миллий спорт ва халқ ўйинлари энциклопедияси” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 30-октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6099-сонли Фармони ҳамда “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган топшириқларнинг ижроси доирасида яратилди.
Энциклопедия 2 қисмдан иборат бўлиб, унга жами 82 та миллий халқ ўйинларининг келиб чиқиш тарихи ва ривожланиш босқичлари ҳақидаги маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида киритилган.
Китобнинг 1-қисмида миллий спорт турлари ва уларнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган сулолавий спортчилар ҳақида сўз юритилган бўлса, 2-қисмда миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг келиб чиқиш тарихи, ривожланиш босқичлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
Тақдимот маросимида Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов йиғилганларни ушбу қувончли воқеа муносабати билан самимий табриклаб, этноспорт турларини янада кенг оммалаштириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтди. Келгусида миллий спорт ўйинларини халқимиз, айниқса ёшлар орасида янада оммалаштириш учун нималарга аҳамият қаратиш кераклиги борасида ҳам муҳим тавсия ва маслаҳатларни берди.
“Биргина энциклопедия билан чекланиб қолиш керак эмас. Чунки, энциклопедияга саноқли миллий халқ ўйинларимиз киритилган. Бу эса ҳали олдимизда қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини англатади. Ушбу энциклопедияни методик ўқув-қўлланмага айлантириб, уни ўқув муассасаларида, маҳаллаларда ўқувчи ёшларнинг фойдаланиши учун тақдим этишимиз керак”, – деган фикрни илгари сурди вазир.
“Бугун биз учун ҳақиқий байрам, десам муболаға бўлмайди. Чунки биз орзиқиб кутган кун етиб келди. Ушбу энциклопедиядан мен томонимдан 20 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида республикамиз бўйлаб кезиб, халқ орасидан ёзиб олинган 150дан ортиқ халқ ўйинларининг 29таси киритилган. Бу билан тўхтаб қолмаслигимиз керак, ҳали халқ орасида ухлаб ётган, ёзиб олинмаган миллий ўйинларимиз жуда кўп. Уларни излаб топиш, тарғиб қилиш ва уларнинг йўқолиб кетмаслиги учун ҳаракат қилишимиз керак”, – деди мазкур энциклопедия ҳаммуаллифларидан бири, педагогика фанлари номзоди Гулжаҳон Мардонова.
Шунингдек, тадбир давомида бир қатор мутахассислар ҳам ушбу энциклопедиянинг аҳамияти борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Фикрлар