Ўзбекистон ОТЖ Испания йиғинини якунлаб, Туркияга келди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 14-25 февраль кунлари Испаниянинг Сан-Педро-дель-Пинатар шаҳрида ўқув машғулот йиғини ўтказгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.
 
Ушбу йиғин давомида футболчиларимиз Швейцариянинг "Делемон" (2:2) ва Грузиянинг "Локомотив" (3:2) жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказишди.  
 
Любинко Друлович шогирдлари кеча Испаниядаги йиғинни якунлаб, Туркияга етиб боришди. Эндиликда вакилларимиз Туркияда йиғинни давом эттиришади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти хабар бермоқда. 
 
Туркияда Олимпия терма жамоаси аъзолари назорат ўйини ўтказиши ҳам режалаштирилган. Жумладан, 27 февраль куни футболчиларимиз "Истамбул Башакшеҳир" клубининг U-23 жамоасига қарши майдонга тушади. Туркиядаги йиғин 3 март кунигача давом этади.  
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси келаси йил Тайландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралашига тайёргарлик кўрмоқда. Саралаш баҳслари шу йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда ўтказилиб, терма жамоамиз аъзолари Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун Тожикистон, Ҳиндистон ва Покистон терма жамоалари билан куч синашишади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!