Ўзбекистонда трансфер ойнаси очилди. Бироқ шартномалар вақтинча қабул қилинмайди

Бугун — 17 декабрь санасидан эътиборан Суперлига клублари янги футболчилар билан тузилган шартномаларни ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин. Бу жараён 2019 йилнинг 7 март санасига қадар давом этади.

Бироқ ПФЛ томонидан 2019 йилги мавсум учун қўйилган талаблар ҳам борки, футбол клублари мана шу талаблар ижросини ПФЛ билан муҳокама қилиб олмагунига қадар, бирорта ҳам шартнома рўйхатга олинмайди. Қайд этиш керак, футболчи ва клуб ўртасида тузилган шартнома бир ой муддат ичида рўйхатга қўйилмаса, ПФЛ мазкур шартномани тан олмайди. Бу жиҳат 14 декабрь куни бўлиб ўтган клуб директорлари билан йиғилишда яна бир бор эслатиб ўтилган.

Футбол клублари шу вақтга қадар футболчилар билан шартномалар тузган ва улар рўйхатга олинган. Аммо ортда қолиб кетаётган қарздорликлар масаласи, ПФЛ томонидан қўйилган талаблар жиддий назоратда бўлмаган. Эндиликда эса ҳаммаси ўз ўрнида ва тартиби билан бўлади. Клуб аввал эски қарздорликлари масаласини ҳал қилади, ундан кейин талабларни бажариш юзасидан иш олиб боради ва охирида 2019 йилги мавсум учун қадам ташлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!