Ўзбекистонга армон бўлган "ЖЧ-2022"га чиққан 13 жамоа ҳақида сиз билмаган фактлар!

SPORTS.uz ЖЧда иштирок этиши керак бўлган 32 жамоанинг 13 таси билан таништириб ўтади.

1. Қатар (Осиё). 2 декабрь 2010 йил.

- Қатар терма жамоаси ЖЧ иштирокчисига айланганини билганига 12 йилдан ошди. Осиёликлар турнир мезбонлиги учун курашда АҚШ, Австралия, Япония, Жанубий Корея сингари ривожланган мамлакатларни ортда қолдирган.

- "Митти" мамлакат ўз тарихида илк бор ЖЧда иштирок этади. Бунгача Қатар нақд 11 бор саралаш турнирларида иштирок этган, аммо барчаси омадсиз якун топган.

- 2019 йилда ушбу юрт терма жамоаси ўз тарихида биринчи бор Осиё кубогида зафар қучишга муваффақ бўлди. Бунга қадар улар, ҳатто, мусобақанинг ярим финалида ҳам тўп сурмаганди.

2. Германия (Европа). 11 октябрь 2021 йил.

- "Бундестим" "ЖЧ-2022" саралашида йўлланмани ўзиники қилган биринчи терма жамоага айланди. Улар гуруҳда Шимолий Македония, Арманистон, Руминия, Исландия ва Лихтенштейни ортда қолдирди.

- 16 йил деганда, илк бор "немис машинаси" Йоахим Лёвсиз мундиалга ташриф буюради. Қаҳрамонимиз "Евро-2020"дан сўнг, ўз ўрнини "Бавария" собиқ устози Ханс-Диттер Фликка бўшатиб берди. 2006 йилдаги ЖЧдан кейин Лёв нақд 9 та катта турнирда жамоа бош мураббийи сифатида иштирок этган.

- Россия яшил майдонларида ўтган жаҳон чемпионатида Германия гуруҳдан чиқа олмади ва мусобақани (ҳисоб-китобларга қараганда) 23-ўринда якунлади. Бу ушбу мамлакат футболидаги энг ёмон кўрсаткич.

3. Дания (Европа). 12 октябрь 2021 йил.

- Данияликлар гуруҳ босқичида Шотландия, Исроил, Австрия, Фарер ороллари ва Молдова билан куч синашиб, биринчи поғонани муаммосиз забт этди.

- Каспер Хьюльман шогирдлари ЖЧ саралаши доирасидаги илк 8 та ўйинда ғалаба қозонди, тўплар нисбати 27:0! 9-турда Фарер ороллари таслим этилди, аммо 1 гол ўтказиб юборилди. Шу тариқа, Дания мундиал саралашидаги 9 ўйинда ғалаба қозониб, ўзининг ЖЧ саралашидаги рекорд натижасини қайд этди.

- Жаҳон футболида ушбу юрт ўз услуби билан ажралиб туришига қарамай, Дания ўз тарихида эндигина 6-бор мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Шунга қарамай, улар ўзлари иштирок этган 5 та ЖЧнинг 4 тасида гуруҳдан чиқишни уддалаган.

4. Бразилия (Жанубий Америка). 11 ноябрь 2021 йил.

- "Пентакампеонлар" ЖЧ саралашидаги 18 ўйиннинг 12 тасида иштирок этибоқ, йўлланмани нақд қилиб қўйди.

- Футбол тарихидаги 22-жаҳон чемпионати ҳам Бразилиясиз ўтмайди.

- Чарм тўп сеҳргарлари ер сайёрасида барча жаҳон чемпионатларида иштирок этган ягона жамоа. Бразилия ўз тарихида сўнгги бор Осиё қитъасидаги (2002 йилда Япония ва Жанубий Корея) чемпионатда олтин медалларга эга чиққан.

5. Франция (Европа). 13 ноябрь 2021 йил.

- Французлар амалдаги ЖЧ ғолиблари сифатида мундиалга ташриф буюради. Сўнгги турда қўшниларимиз Қозоғистон дарвозасига жавобсиз 8 гол киритган "уч ранглилар" якунда Украина, Босния ва Герцеговина, Финляндияни ортда қолдириб, йўлланмага эга чиқди.

- Франция қаторасига 7-бор ЖЧда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бунга қадар улар икки бор турнир олтин медалларига эга чиққан.

- Эътиборлиси, Дидье Дешам 1998 йилда жамоа сардори, 2018 йилда эса, бош мураббий сифатида жамоасини ғалаба сари етаклаган.

6. Бельгия (Европа). 13 ноябрь 2021 йил.

- Бельгия 2018 йилдаги мусобақанинг бронза медали эгаси.

- Саралашда Беларусь, Уэльс, Чехия ва Эстония уларга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади.

- Қатардаги мундиал Бельгиянинг "олтин таркиби" учун мусобақада ғалаба қозонишнинг сўнгги имконияти бўлади.

7. Хорватия (Европа). 14 ноябрь 2021 йил.

- Хорватия Россия яшил майдонларида ўтган жаҳон чемпионати финалчиси саналади.

- Хорватлар ҳал қилувчи "лой жанги"да ғалаба қозониб, пешқадам Россияни ортда қолдирди ва биринчи поғонани забт этди.

- 2018 йилги "Олтин тўп" эгаси Лука Модрич ўз фаолиятидаги сўнгги мундиалда иштирок этади. Бир йилдан сўнг Лука 37 ёшни қарши олади.

8. Испания (Европа). 14 ноябрь 2021 йил.

- Испания гуруҳдаги сўнгги турда Швецияни таслим этиб, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди.

- "Қизил фурия" кетма-кет 12-жаҳон чемпионатида иштирок этади. XXI асрда испанлар футбол оламидаги энг катта форумларда 3-бор ғалаба қозонди.

- Ўша пайтдаги таркибдан фақат Серхио Бускетсгина ҳозир термадаги фаолиятини давом эттирмоқда.

9. Сербия (Европа). 14 ноябрь 2021 йил.

- Митрович Португалия билан меҳмондаги ўйиннинг 90-дақиқасида гол киритиб, жамоасини мундиал иштирокчисига айлантирди.

- Серблар гуруҳ босқичидаги 8 ўйиннинг бирортасида мағлубиятга учрамади. 6 ғалаба, 2 дуранг якунда улар Криштиану Роналду бошчилигидаги жамоани ортда қолдириши учун кифоя қилди.

- Сербия ҳеч қачон ЖЧ плей-офф босқичида тўп сурмаган.

10. Англия (Европа). 15 ноябрь 2021 йил.

- Инглизлар Европа қитъаси саралаш баҳсларидаги энг сермаҳсул жамоа саналади. "Уч шерлар" мундиал сари иштирок этган ўйинларда 39 бор рақиб дарвозаларини ишғол этган. Бу голларнинг 12 таси Харри Кейнга тегишли.

- 2018 йилдаги жаҳон чемпионатида ярим финал, 2020 йилдаги қитъа биринчилигида финалда тўп сурган инглизлар тобора кучли жамоага айланиб бормоқда.

11. Швейцария (Европа). 15 ноябрь 2021 йил.

- Тоғли ўлка вакиллари, кутилмаганда, амалдаги Европа чемпиони Италияни доғда қолдириб, ЖЧга тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқди.

- Аҳолиси 9 миллионни ташкил этувчи мамлакат қаторасига 9-бор футбол бўйича энг нуфузли мусобақа иштирокчисига айланмоқда.

- Европа чемпионатидан сўнг терма жамоа постини собиқ футболчи Мурат Яқин қабул қилиб олган. У 2014/15 йилги мавсумда ҳам бош мураббий сифатида Швейцарияни бошқарган.

12. Нидерландия (Европа). 16 ноябрь 2021 йил.

- Луи ван Гал мураккаб аҳволда қолган Нидерландия футболини яна бир бор қутқариб қолмоқда. Ушбу мутахассис 2014 йилда "лолалар юрти вакиллари"ни жаҳон чемпионатининг бронза медалларига эга чиқишига имкон яратган эди.

- Нидерландия ЖЧ саралашини Туркияга 2:4 ҳисобида мағлубиятга учраб бошлаган эди. Якунда турклардан ташқари Норвегия, Черногория, Латвия ва Гибралтар гуруҳда қолиб кетди.

- Мемфис Депай ортда қолган 2021 йилда терма жамоалар сафида ҳаракат қилган футболчилар орасида яққол пешқадам.

13. Аргентина (Жанубий Америка). 17 ноябрь 2021 йил.

- Бугунги рўйхатимиздан ўрин эгаллаган иккинчи Жанубий Америка вакили. Лео Месси жамоаси билан биргаликда Бразилия билан дурангга имзо чекиб, иккинчи ўринни ўзлари учун нақдлаб қўйишни уддалади.

- Аргентина мазкур мусобақада қаторасига 13-бор иштирок этмоқда. Бундан аввал 1978 ва 1986 йилларда "альбиселесте" мундиалда тенгсиз бўлишни уддалаган. 1990 ва 2014 йилларда эса, финалда мағлубият аламини тотиб кўрган.

- Катта эҳтимол билан, Месси учун бу мусобақа терма жамоа сафидаги сўнгиси. Қатардаги Жаҳон чемпионати бошланганида, Лео 35 ёшни қарши олган бўлади.

Я . У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!