Ўзбекистоннинг Туркияга қарши ўйини, трендга айланган Эктор Купер, ЕЧЛ ва ЕЛ финаллари ҳақида (+Видео)
Ads

SPORTS.uz сайти томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган кўрсатувнинг навбатдаги сони намойиш этилди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Туркияга қарши ўйини, Европа чемпионлар лигаси ва Европа лигаси финаллари борасида сўз юритилди.

Қуйида кўрсатувнинг матнли ва видео кўриниши билан танишишингиз мумкин:

Эктор Купер тренддан тушмайдиган мавзуга айланди. Унинг қўл остида футболчиларимиз ҳавотиримизни оширишда давом этмоқда. Аргентиналик мураббий футболчиларимизга ҳали ҳам ўз ғояларини тушунтира олмаяптими ёки футболчилар тушунишни хоҳламаяптими очиғи, билмаймиз. Лекин Купернинг ўйиндан кўнгли тўлмоқда.

Туркия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасида Аланьяда ўтказилган дастлабки учрашув тақдирини мезбонларнинг ўнг қанот ҳимоячиси Зеки Челик киритган икки гол ҳал қилди.

Тарихий учрашувни сиз каби биз ҳам орзуқиб кутдик. Мезбон жамоанинг таркиби эълон қилинганида, улар бизни менсимади деган ҳаёлга бордик. Лекин кўрдикки, ўша ўйинчилар ҳам бизни ҳар жабҳада енгишди. Беллашувни Туркия терма жамоаси катта устунлик бошлади. Прессинг эвазига биздан осонлик билан тўпни олиб қўяверди. Натижада тайм ўрталарида стандартдан оширилган тўпни ўнг қанот ҳимоячиси Зеки Челик боши билан Элдор Суюнов қўриқлаётган дарвозага йўллади. Гол муаллифини бизникилардан ҳеч ким қўриқламагани эътиборни тортди. Дастлабки таймда Одил Аҳмедовнинг фаоллигини алоҳида қайд этиш даркор. Унинг узатмасидан сўнг Фозил Мусаев қулай вазиятга чиқиб борди, бироқ тўпни нишонга аниқ теполмади. Сардоримиз берган кучли ва аниқ жарима зарбасидан кейин эса мезбонлар посбони ишончли ҳаракат билан тўпни эгаллаб олди. Танаффусдан сўнг мезбонлар ўзларини ортиқча уринтириб ўтиришмади. Керак пайтда олдинга ўтишди ва гол уришди. Аввалига Суюнов ўзи билан яккама-якка чиққан ҳужумчи парашют усулида дарвозага жойламоқчи бўлган тўпни тўсин устидан ўтказиб, майдон ташқарисига чиқариб юборди. Сўнгра посбонимиз яқин масофадан дарвозага аниқ йўлланган тўпни қийинчилик билан қайтариб юборди, лекин биринчи бўлиб етиб келган ўша Зеки Челик иккинчи голини урди. Бу сафар ҳам унга бизникилардан ҳеч ким қаршилик кўрсатмади. Демак, ё мураббийларимиз учрашув олдидан Зеки Челикнинг ҳужумга қўшилишига эътибор қаратишмаган ва футболчиларимиздан кимгадир алоҳида топшириқ беришмаган, ёки шундай вазифа юклатилган футболчимиз ишончни оқламаган. Оқибатда термамиз дарвозасига икки бор гол урилди. Беллашув охирларида Элдор Шомуродов ҳисобни биттага қисқартириши мумкин эди. Бироқ сўнгги паллада ҳужумчимиз жарима майдои ичида мувозанатни йўқотгани учун имконият йўққа чиқарилди. 89-дақиқада Остон Ўрунов жарима майдонимиз ичида Абдулқодир Омурни йиқитгани учун сербиялик бош ҳакам дарвозамиз томон пенальти белгилади.. Ифран Кахвечи тепган тўпни Элдор Суюнов ушлаб олди. Натижада майдон эгалари Франция ва Исландияга қарши расмий ўйинлар олдидан енгил “машғулот”да ғалаба қозонишди. ФИФА кунлари кучли рақиблар билан ўйнаяпмиз дейилмоқда. Бу яхши. Мухлислар ва футбол жамоатчилиги хурсанд. Лекин тангани иккинчи томони ҳам бор. Рейтинг очколари. Биз аралаш таркиб билан натижага эриша олмаяпмиз. Бу ўзини оқламаслигини расмий турнирда ҳам кўрдик. Шу боис бундан буёғига ким билан ўйнашимиздан қатиъ назар, ўз олдига мақсад қўйган мураббий кейинги йилларда ҳам жамоага ёрдам беришига кўзи етадиган футболчиларни синовдан ўтказгани мақсадга мувофиқ.

 

 

"Ливерпуль" ЕЧЛда олти карра чемпион! Мураббийлар, 23-сониядаги пенальти, Голдан кейинги "Ливерпуль", Кейннинг сояси. Буларнинг бари финалдаги воқеликлар

1 июнь куни тунда барчанинг нигоҳи Испания пойтахти Мадрид шаҳрида янги қурилган “Ванда Метрополитано” стадионига қаратилди. “Атлетико”нинг уй аренасида бу мавсумдаги Европа чемпионлар лигасининг финал баҳси ўтказилди. Инглизлар дуэлида “Тоттенхэм” ва “Ливерпуль” бош соврин учун курашди.

Юрген Клопп ва Маурисио Почеттино – топ-мураббийлар, бунга шубҳа йўқ. Аммо улар Мадридда нималарга қодир эканлигини кўрсатиши лозим эди. Германиялик мутахассис бунга қадар уч бор еврокубоклар финалига чиқиб (2013, 2018 – ЕЧЛ, 2017 – Европа лигаси), уларнинг барчасида мағлубиятга учраганди. Аргентиналик Почеттино эса 10 йиллик мураббийлик фаолияти давомида бирорта совринни қўлга киритмаган. Футбол шундай спорт турики, унда барча нарса 23 сонияда ўзгариб кетиши мумкин. У хатто ЕЧЛ финали бўлса ҳам. Сиз бу ўйин ҳақида кунлаб, ҳафталаб ҳаёл қиласиз. Бироқ тўп Муса Сиссоконинг қўлига тегади ва сизнинг "А" режангиз чиппакка чиқади. Бош ҳакам Дамир Скомина шу оннинг ўзидаёқ "нуқта"ни кўрсатди, VAR'дагилар ҳам словениялик реферининг қарорини тўғри деб топишди. 2-дақиқада эса Муҳаммад Салоҳ 11 метрли жарима зарбасини аниқ амалга оширган ҳолда ҳисобни очди. Бир йил олдингисидан ўзгача манзара. Ўшанда жароҳати боис кўзда ёш билан майдонни тарк этган мисрлик юлдуз бугун қувончдан сапчиди. Ўтказиб юборилган голдан сўнг "шпорлар" босим уюштиришга мажбур эдилар. Аммо Почеттино шогирдлари рақибдан ҳайиқиб ўйин кўрсатишди. Улар Салоҳ, Мане ва Фирминодан қўрқиб ҳаракат қилишди. Аслини олганда, "қизиллар"нинг ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғи орасида узилиш юзага келганди. Шунга қарамай, лондонликлар дастлабки таймда айтарли вазият яратишмади. Иккинчи бўлимда ўйиннинг том маънода очилиши Почеттинога боғлиқ эди. Аргентиналик мутахассис Киран Трипьерга олдинга ўтишга рухсат берди. Шундан сўнг уларда гол киритиш учун вазиятлар сони кескин даражада ортди. Клопп ҳам муносиб жавоб қилди. Жароҳатидан тўлиқ соғайиб улгурмаган Роберто Фирмино ўрнига Дивок Оригини, Жоржиньо Вейналдумнинг ўрнига эса универсал ҳисобланган Жеймс Милнерни майдонга ташлади. Кўпчилик икки ой ўйин амалиётисиз қолган Ҳарри Кейннинг ўрнига Лукас Моура майдонга тушишини тахмин қилганди, Почеттино эса ярим финал қаҳрамонини 66-дақиқага келибгина ўйинга қўшди. Аммо бразилиялик форвард Кейннинг сояси ўрнига эмас, Ҳарри Уинкснинг ўрнига майдонга тушди. Учрашув сўнгида "Ливерпул"- нинг қарши ҳужумларга таянмаганидан кўпчилик ҳайрон қолган бўлиши мумкин. Клопп жамоани 4-4-2 тактикасига ўтказди ва ҳолдан тойган Салоҳнинг ёнига Оригини ташлади. "Тоттенхэм"га эса гол киритадиган футболчи етишмади. Якунда Клоппнинг юриши самара берди. "Барселона" дарвозасини икки бор ишғол қилган бельгиялик футболчи Мадридда ҳам ишончни оқлади. "Тоттенхэм" ва "Ливерпуль" ижросидаги финал ўйини мухлисларга ёрқин ва томошабоп қарама-қаршилик тақдим этмаган бўлиши мумкин. Аммо бош совринни унга муносиб бўлган жамоа қўлга киритди. Бутун мавсумдаги ўйинларни инобатга олганда, албатта. Клопп ҳам кубокни боши узра баланд кўтаришга муносиб эди. Илк бор сариқ карточкаларсиз ўтган финалда мерсисайдликлар тарихда олтинчи бор “чемпионлар чемпиони” бўлишди.

 

"Челси" – Европа лигаси ғолиби! “Аристократлар” 2-марта ушбу мусобақада зафар қучишди. “Арсенал”да эса бунинг акси.

29 май куни Озарбайжон пойтахти Бку шаҳрида Европа лигаси финал баҳси ўтказилди. Унда Англиянинг "Челси" ва "Арсенал" жамоалари ғолиблик учун  ўзаро кураш олиб боришди. "Олимпийский" стадионида кечган учрашувда "аристократлар" 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритишди. Оливье Жиру, Эден Азар (2 та) ҳамда Педро томонидан киритилган голларга "тўпчилар" сафида Ивоби бир бор жавоб қайтарди холос.

Шу тариқа "Челси" ўз тарихида иккинчи бор Европа лигаси ғолиби бўлди. "Кўклар" 2013 йилда ҳам Европанинг клублар миқёсидаги иккинчи даражали кубогида зафар қучганди. "Арсенал" эса иккинчи бор Европа лигаси (УЕФА кубоги) финалида совринсиз қолди.

Ушбу ўйиндан сўнг бир қатор рақамлар эътиборимизни тортди

“Челси” МЮга етиб олди

“Челси” ҳисобида эндиликда Европада қўлга киритилган 6 та кубок бор. Лондонликлар 2 марта ЕЛда, 2 бор Кубок эгалари Кубогида, 1 мартадан эса ЕЧЛ ҳамда УЕФА Суперкубогида ғолиб чиққан. “Аристократлар” бу борада “Манчестер Юнайтед”га етиб олди. Биринчи ўринда эса “Ливерпуль” бор. Жамоа Европада 11 марта бош совринларни қўлга киритган.

 

Саррининг илк соврини

Европа лигасидаги муваффақият Саррининг “Челси” ва бутун мураббийлик фаолиятидаги илк соврини бўлди. Мутахассис 60 ёшга кириб илк бор мусобақада ғолибликка эришди.

Маурицио бунга қадар “Наполи” билан А Серияда 2 ва 3-ўринларни қўлга киритганди. Шунингдек, кубок баҳсларида ҳам финалга қадар етиб бориб, мағлубиятга учраганди.

 

"Челси" рози

"Челси" раҳбарияти жамоа устози Маурицио Саррига клубдан кетишига рухсат берди.

Сарри "Ювентус" жамоасини бошқаради. Турин клуби бош мураббийлиги Массимилиано Аллегридан сўнг бўш турган эди. Қайд этиш керакки, Сарри “Юве” билан 3 йиллик шартнома имзолаши кутилмоқда. Келишувга кўра италиялик мутахассиснинг бир мавсум учун 7 миллион евро олиши кўзда тутилган.

 

Азарнинг “Челси”даги энг сермаҳсул мавсуми

Петр Чехни икки бор доғда қолдирган Эден Азар жорий мавсум барча мусобақаларни ҳисоблаганда “Челси” сафида 21 та гол уришга эришди. Бельгиялик футболчининг бунгача энг яхши натижаси 2014/15 йилги мавсумда қайд этилганди. Ўшанда у 19 та гол урганди.

Қолаверса, Азар Европа лигасининг сўнгги 5 йилликдаги финалларида дубль қайд этган 4-футболчи бўлди.

Маълумот учун, бунгача Антуан Гризманн (2018 “Атлетико”), Коке Морено (2016 “Севилья”) ва Карлос Бакка (2015 “Севилья”) ҳал қилувчи баҳсларда иккитадан гол уришганди.

 

Французлар рекордчиси

Оливье Жиру “Арсенал” дарвозасига финалда дарвозани ишғол этди. Бу Жиру учун ЕЛнинг 2018/19 йилги мавсумидаги 11-голдир. Натижада Оливье Еврокубокларда французларнинг бир мавсумда энг кўп гол уриши борасида ўрнатилган рекордни янгилади. Уларнинг аввалги энг яхши кўрсаткичлари 1958/59 йилги мавсум “Реймс” аъзоси Жюст Фонтен томонидан қайд этилганди. Ўшанда футболчи 10 та тўпни тўрга йўллаганди.

Шунингдек Жиру инглиз клуби сафида Еврокубоклар доирасида 2004/05 йилги мавсумдан бери 11 та гол урган илк ўйинчи бўлди. Ўшандаундан аввал Алан Ширер бундай натижага эришганди.

 

Энг яхши тўпурар

Европа Лигасининг 2018/19 йилги мавсумида “Челси” форварди Жиру 11 та гол урди. Бунинг учун франциялик ўйинчи 13 беллашувда майдонга тушди. 32 ёшли ҳужумчи бу йўлда 10 тадан гол урган Лука Йович (“Айнтрахт”) ва Виссам Бен-Йеддер (“Севилья”)ни ортда қолдирди.

 

Педродан қойилмақом натижа

Учрашувда “Челси”нинг испаниялик ҳужумчиси Педро Родригес ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди.

Натижада 31 ёшли футболчи Чемпионлар Лигаси/Чемпионлар Кубоги, Европа Суперкубоги ва УЕФА Кубоги/Европа Лигаси Кубоги финалларида гол урган илк футболчига айланди.

Қайд этиш жоиз, Педро Европа Суперкубоги ва ЕЧЛ финалларида “Барселона” сафида тўп киритган.

 

Эмери илк бор финалда ютқазди

Бакудаги ўйин Унаи Эмери фаолиятидаги тўртинчи Европа Лигаси финали эди. Бунгача Эмери “Севилья” билан учала ҳал қилувчи баҳсда ғалаба қозонганди.

Шунингдек, мураббий аввалроқ “Валенсия” билан турнирнинг чорак ва ярим финалларига қадар етиб борганди.

 

Нохуш серия

“Арсенал” финалдаги мағлубиятдан сўнг кетма-кет учинчи мавсум Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этмайдиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Эмери шогирдлари АПЛда мавсумни 5-поғонада якунлашди. Бу ўрин эса ЕЧЛга йўлланма бермайди.

 

"Арсенал"нинг мағлубияти "Лион"нинг муваффақияти

"Челси" ва "Арсенал" учрашуви Франциянинг "Лион" жамоаси мухлислари ва ўйинчилари учун ҳам аҳамиятли бўлди.

"Кўклар"нинг финалдаги ғалабаси "Лион"га 2019/20 йилги Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини туҳфа этарди.

"Канонирлар" ғалаба қозонган тақдирда эса "Лион" ЕЧЛни 3-саралаш босқичидан бошлашларига тўғри келарди ва "Арсенал" Европа Лигаси соҳиби сифатида ЧЛнинг гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритарди. Якунда эса Лондон клуби Европа Лигасида ўйнайди, бўш турган жойни эса "Лион" эгаллайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ҳайрулла Аҳмаджонов
04/06/2019 18:14
ўфа дагилар фақат ўзини оқлашга гапиради.
&
Ҳайрулла Аҳмаджонов
04/06/2019 18:13
купер хатоми дейман
&
Surxon turon
05/06/2019 07:04
Бунақа ӯйин билан хатто 1чи саралашданам ӯтолмийди думбиллар йӯқотиш кеак куперди хайдаровга имкон бериш керак зато ӯйнда шижоат бор
Мурад Тулкинбаев
04/06/2019 22:10
Бир Дев айтган экан "Германия бир йилда, Италия уч йилда, Франция 5 йилда Япония 50 йилда, Корея 100 йилда жахон чемпиони булади" деб. Узбекистон качон чемпион булади деб сурашган экан, у даврларни мен хам курмай улиб кетаман. Деган экан. Булди бас хали олдимизда 22-23 асрлар турибди тугрими Умиджон Ахмаджонов
&
darwesh
04/06/2019 19:42
Куперни тинч куйинглар. Яхши мураббий.
Aza Arvelazde
05/06/2019 23:01
Diyor Imomxo'jayev, biz sizni tanidik, niqobni yeching