"Ўзбекистоннинг юзини кўрсатишимиз керак" - терма жамоамиз ҳимоячиси Грузиянинг араблардан ажралиб турадиган жиҳатини айтди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни дамда Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётганидан хабардорсиз. 15 ноябрь куни Тбилисида Грузия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Шу сабабдан, Сречко Катанец бор эътиборини бўлажак баҳсга қаратган. Вакилларимиз сафарга 12 ноябрь куни жўнаб кетадилар.
Йиғинга таклиф қилинган футболчилар орасида Даврон Ҳошимов ҳам бор. “Навбаҳор”да тўп сураётган ҳимоячи ўз ўйинлари билан Катанецнинг эътиборини тортди. Боз устига мураббий ҳимояда муаммолар борлигини айтди. Шу боис тажрибали ўйинчиларни жалб қиляпти. Чунки Ҳошимов ҳам илгари миллий терма жамоада тўп сурганини барчамиз яхши биламиз.
Яна бир қизиқ томони шундаки, вакилларимиз Грузияга қарши илк бор 2017 йили тўқнаш келган. Мазкур ўртоқлик учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилган. Ўша таркибда ўйнаганлардан ҳозирги жамоада Даврон Ҳошимов ҳам бор.
- Грузия терма жамоаси арабларга қараганда кўпроқ агрессив футбол ўйнашади, - дея гап бошлади Ҳошимов. - Уларнинг таркиби жанговар ўйинчилардан иборат. Индивидуал жиҳатдан футболчилари кўп бўлмаса-да, яхлит жамоа сифатида шижоатли, курашувчан. Араблардан шу томонлама ҳам ажралиб туради. Ўйлашимча, Грузия билан жанговар ўйин бўлади. Якка курашларда ҳам ҳеч ким ютқазгиси келмайди. Агар улар рақибнинг қўрқувини сезиб қолса, шунга қараб “босиб” келаверади. Майдоннинг ҳар бир қарич ери учун рақиб билан курашиш керак. Чунки улар шунақа жамоа. Грузия мана шундай томонлари билан ажралиб туради.
- 15 ноябрь куни гарчи ўртоқлик учрашуви бўлса-да, бунинг масъулияти қанчалик деб ўйлайсиз?
- Йиғиндан шуни тушундимки, Осиё Кубогига тайёргарлик кўриляпти, иқтидорли ёшларни жалб қилиб кейинги жаҳон чемпионатига пухта ҳозирлик кўриш ҳам муҳим саналади. Мана шундай ўйинлар орқали йигитларнинг руҳини кўтариш ва олдимиздаги муҳим мусобақаларга тайёрланиш учун ушбу йиғинлар жуда керак. Ҳар бир машғулотимизда Грузия билан бўладиган учрашувга тайёргарлик кўриб боряпмиз. Мураббий доим бизни шижоатли бўлишимизни, бор куч билан ҳаракат қилишимизни, ўйинда қандай тўп сурсак, машғулотларда ҳам шундай бўлишимизни уқтиряпти. Бизнинг жамоамизга ўртоқлик учрашуви катта фойда беради деб ўйлайман. Боз устига Грузия Европа вакили саналади. Бу яхши савиядаги ўйин бўлади деб ўйлайман.
- Бу сизнинг Катанец бошчилигидаги дастлабки йиғинингизга айланди. Терма жамоадан чақирувни кутаётганмидингиз ёки барчаси сиз учун тўсатдан юз бердими?
- Чемпионат давомида ҳам клуб сафида ҳар бир учрашувда 90 дақиқадан ҳаракат қилиб келяпман. Барибир мени ҳам чақиради, деган умидим бор эди. Айниқса, менга яна бир бор имконият берилса яхши бўларди, ўзбек мураббийлари мени билади, бу эса хорижлик. Унгача Купер қўл остида ҳам ўйнаганман. Сречко Катанец ҳам мени жамоада синаб, имкон берса бундан фойдаланаман, деган умидида эдим. Мана шундай имконият берилаётганидан хурсандман. Ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Мени термага чақириб қолишар дея бирорта машғулот ёки ўйинни ўтказиб юбормасдан ўз устимда ишлаб, максимал спорт формасида бўлишга ҳаракат қилдим.
- Грузия билан учрашувдаги натижа биз учун устивор вазифага айланиши керакми ёки бу аҳамиятсизми?
- Албатта, натижа ҳам муҳим. Ахир бу ўсмирлар ёки ёшлар жамоаси эмас, балки Ўзбекистоннинг бош жамоаси ўйнайди. Биз Ўзбекистоннинг юзини кўрсатишимиз керак. Грузинларнинг биз ҳақимиздаги фикрлаши ва қанчалик ҳурмат қилишларига сазовор бўламиз. Икки миллат ўртасидаги ўйиннинг аҳамияти катта. Жанговар ўйин бўлади. Мухлисларимиз олдида олдинги мағлубиятли ўйинларни оқлаб, рейтингда ҳам юқорилаб оламиз, деган умиддаман.
- Катанец ҳимояда муаммолар борлигини очиқ айтяпти. Сизни йиғинга чақиргани ҳам бежиз эмас. Катанецнинг гапига муносабатингиз қандай? Сизга ҳам ҳимоядаги муаммолар яққол кўриняптими?
- Иордания билан ўйиндаги мағлубиятни таҳлил қилиб чиқдик. Ёмон ҳаракат қилишмаган. Фақат бироз айрим эпизодларда кеч қолишган ёки нотўғри позицияда бўлишган. Шунинг ҳисобига учта гол ўтказиб юборилган. Энди бундай хатоларни такрорламаслик учун кўрсатмалар бериляпти. Ҳимоячилар, ҳужумчилар, ярим ҳимоячилар билан алоҳида ишлашяпти. Машғулотларда хатоларимиз кўрсатиб бериляпти ва ниманинг устида кўпроқ ишлашимизни айтяпти. Биз ҳужумга камроқ борсак ҳам ҳимояда мустаҳкам ўйнашга ҳаракат қиламиз. Бизга ҳам имкон беришса, қўлдан келганича ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
- Терма жамоада футболчиларнинг кайфияти ва муҳит қандай?
- Ички муҳит аъло даражада. Ҳамма меҳмонхонада ётади, ҳеч кимга жавоб берилмайди. Бош мураббий айтганидек, жамоа қанча кўп бирга бўлса, шунда яхши шаклланади. Юлдуз ўйинчилар бўлса-да, аммо жамоавий ўйин бўлмаса унда натижа бўлиши қийин. Шу боис мураббийлар жамоавийликка катта аҳамият қаратишяпти. Достон Турсуновда бироз жароҳат бор экан. Машғулотдан чиқиб кетди. Муҳит яхши, мураббий бунга катта эътибор беряпти. Жамоадаги ҳамма йигитларни биламиз, ҳеч ким бегона эмас. Ҳамма бир-бирини ҳурмат қилади. Машарипов, Шомуродов каби етакчиларимиз бор ва меҳмонхонада ҳамманинг муносабати яхши. Ака-укадек муносабатда бўлишаётганидан хурсанд бўлдим. Мана шу авлод билан терма жамоамиз юқори даражага чиқа олади, деб умид қиламан.
Фикрлар