Пара атлетикачиларимиз катта шодиёна билан кутиб олинди (фоторепортаж)

Хабарингиз бор 7-15 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри Пара атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Дунёнинг 122 та давлатидан 1400 нафар спортчи қатнашган ушбу мусобақада Ўзбекистон Пара атлетика делегацияси ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятлироқ иштирок этди. Вакилларимиз сайёрамизнинг етакчи пара атлетларига қарши муносиб кураш олиб боришди ва 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида кучли ўнликдан жой олишди.

Қувонарлиси, Дубайдаги жаҳон чемпионати келаси йил Токиода бўладиган ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланмалар бериши билан ҳам муҳим эди. Юқорида медалларга сазовор бўлган 8 нафар спортчимиз Токио-2020 да иштирок этиш ҳуқуқини берувчи муҳим лицензияларни ҳам қўлга киритди.

Бугун қаҳрамон спортчиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида раҳбарият, ОАВ ходимлари, ота-оналар, мухлислар ва кенг жамоатчилик вакиллари катта шодиёна билан кутиб олишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Токио Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар 100 млн сўм, терма жамоа мураббийлари эса 50 млн сўмдан мукофот пуллари билан тақдирланишди.

Қуйида қаҳрамонларимизни кутиб олиш маросимидан фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин: