Ads

 

"Пахтакор" жамоаси ўз тарихида чемпионатлар доирасида 2000-учрашувида майдонга тушди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Манбанинг маълум қилишича, Самарқандда "Динамо"га қарши беллашув "Пахтакор" учун чемпионатлар тарихидаги 2000-ўйинга айланди. СССР чемпионатларида "шерлар" 1242 учрашувда иштирок этган бўлса, Ўзбекистон чемпионатида 758-беллашув ўтказилди. Ушбу ўйинларда "Пахтакор" 954 ғалаба, 472 дуранг ва 574 мағлубиятни қайд этган. Рақиблар дарвозаси 3286 марта ишғол қилинган, 2252 тўп ўтказиб юборилган.

Мазкур учрашувларда энг кўп майдонга тушган футболчи Геннадий Денисов бўлиб, у 371 ўйинда "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилган. Биродар Абдураимов 358 ва Сергей Бондаренко 329 учрашувда майдонга тушган. Тўпурарлар борасида Геннадий Красницкий (142), Игорь Шквирин (136) ва Биродар Абдураимов (131)тадан гол билан кучли учликни ташкил қилишган.