Пирло Италия термасида Манчини ёрдамчиси бўлиши мумкин
Ads

Агар Роберто Манчини Италия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланадиган бўлса, “Скуадра адзурра”да Андреа Пирло ёрдамчи мураббий бўлиши мумкин, дея хабар беради Football Italia нашри.

Манчини айни дамда Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоасига устозлик қилмоқда. Унинг рус клуби билан узоқ йиллик шартномаси бор. Аввалроқ, Манчини Италия футбол федерацияси (FIGC) билан икки йиллик келишув имзолашга тайёргарлик кўраётгани маълум қилинган эди.

Агар Пирло Манчинининг мураббийлар штабидан ўрин оладиган бўлса, бу 38 ёшли футболчининг илк мураббийлик иши бўлади. У футболчилик фаолиятини 2017 йил кузда якунлаган.

Пирло фаолиятининг катта қисмини “Милан”да (2001-2011 йиллар) ўтказди. Жамоа билан икки марта Италия чемпионатида ва икки марта ЕЧЛда ғолиб чиқди. Шунингдек, у “Интер” шарафини 1998-2001 йиллар, Туриннинг “Ювентус” клуби шарафини 2011-2015 йилларда ҳимоя қилган. “Кекса синьора” билан тўрт марта Италия чемпиони бўлди. Кейинги икки йилни “Нью-Йорк Сити” сафида ўтказди. Пирло хайрлашув учрашувини 21 май куни Миландаги “Сан-Сиро” стадионади ўтказишни режалаштирмоқда.