Про-лига: "Динамо" 3 футболчи билан шартнома имзолади

Про-Лига иккинчи даврасидан кейин "Динамо" жамоаси таркибига янги футболчилар келиб қўшилиши давом этмоқда.

Олдинроқ таркибга Акмал Холмуродов (“Сўғдиёна”), Аббосбек Жумақулов, Суҳроб Иззатов (“Бунёдкор”), Павел Пуришкин (“Металлург”), Дилмурод Каримов (“Сўғдиёна”) сингари футболчилар келиб қўшилгани ва улар билан 2019 йил якунигача 1,5 йиллик шартнома имзолангани ҳақида хабар бергандик.

Давралар оралиғида “Динамо” клуби яна уч нафар янги футболчи билан шартнома имзолади. Куни кеча Самарқандда бўлган Аваз Агалиев (“Нефтчи”), Шерзод Жалилов (“Зомин”) ва Отабек Нарзуллаев (“Шўртан”) сингари футболчилар “Динамо” билан 1,5 йиллик – 2019 йил якунигача шартнома имзолади.

Аваз Агалиев учун “Динамо” бегона клуб эмас. Чап қанот ҳимоячиси 2013-2015 йиллар давомида “Динамо” сафида тўп сурган эди. 30 ёшли футболчи жорий йилнинг дастлабки ярмини эса Фарғонанинг “Нефтчи” клуби сафида ўтказди.

Шерзод Жалилов ўтган йиллар давомида Жиззахнинг “Сўғдиёна” ва “Обод” клуби сафида тўп сурган бўлса, 27 ёшли футболчи жорий йилнинг дастлабки қисмини “Зомин” жамоасида ўтказди.

Отабек Нарзуллаев ҳам 2007-2008 йиллар давомида “Динамо” сафида тўп сурган. Сўнгги мавсумларни эса Ғузорнинг “Шўртан” клуби сафида ўтказаётганди. Тажрибали яримҳимоячи билан ҳам 2019 йил якунига қадар шартнома имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, “Динамо” Про-Лига учинчи даврасига тайёргарликни 9 июль кунидан Чимён тоғли ҳудудида бошлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!