Профессионал бокс оламидаги сенсациялар (Биринчи қисм)
Ads

Профессионал бокс олами бизга бир-биридан кескин, ажойиб баҳсларни тақдим этади. Улар орасида ўзига ҳос сенсациялар ҳам жуда кўп учрайди. Ахир, бу бокс, унда эса ҳар доим кучлилар етишиб чиқаверади. Тўғри, мағлубиятга учрамаган чармқўлқоп усталари ҳам бор. Улар одатда, ақлли боксчилар сарасига киради. Чунки, фаолияти мобайнида етарли маблағни ишлаб олиб, унга қаноат қилган ҳолда, катта спортни мағлубиятсиз тарк этадилар. Гарчи, юлдузлик даврини сураётган бўлсада... Бунга яққол мисол қилиб, Флойд Мейвезерни келтириш мумкин. Бу борада ҳам узоқ фикр юритса бўлади. Бироқ биз бугун бошқа мавзуда ёзмоқчимиз. Яъни профессионал бокс оламидаги ўзига ҳос сенсациялар, мўжизавий жангларга эътибор қаратиш ниятидамиз. Бундай жанглар жуда кўп бўлган. Биз ана шундай қарама-қаршиликларни серия тарзида сизнинг эътиборингизга ҳавола этиш истагидамиз. Демак, биринчи қисмда бироз тарихга юзланамиз...

Чарльз "Сонни" Листон ва Мухаммад Али

1964 йилда, Луисвилл шаҳридан бўлган 22 ёшли Кассиус исмли ёш йигит дунёни ларзага солиб, бокс тарихидаги энг даҳшатли нокаутчилардан бири бўлган "Сонни" лақабли Чарлз Листонни мағлубиятга учратди. Бокс оламидаги деярли барча таниқли мутахассислар томонидан берилган асосий савол: "Клей Листонга қарши жангда иккинчи раундга қадар дош бера оладими?" Кассий нафақат иккинчи раундгача туриб бера олди. Балки Листондан чемпионлик камарини тортиб олишга ҳам муваффақ бўлди (Чарлз жангнинг еттинчи раундига чиқишдан бош тортган). Кейинчалик Клей ислом динини қабул қилиб, Мухаммад Али номини олади.

али

Майк Тайсон - Джеймс "Бастер" Дуглас

1990 йил 11-феврал куни Токиодаги рингда нафақат профессионал бокс, балки умуман спорт оламида энг кучли шов-шув кўтарилди. Ўша куни Темир Майк чемпионликка даъвогарлар орасидаги энг заиф ҳисобланган боксчи билан рингга чиқади. Профессионал бокснинг таниқли мутахассисларидан ҳеч бири Бастернинг заррача бўлсада, Тайсонни мағлуб эта олишига ишонмаган эди. Тайсон билан жангдан уч хафта аввал Дуглас ҳаётида фожиа юз беради. Яъни унинг онаси вафот этади. Бундан ташқари, жанг кечасидан бир неча кун олдин, унинг рафиқаси жиддий буйрак касаллиги билан касалхонага ётқизилган. Шундай ачинарли ҳолатда, Бастер ҳаётидаги энг муҳим жангга йўл олади. Жеймснинг ўзи шундай дейди: "Бошимга тушган бундай фожиалардан сўнг, Тайсондан мағлубиятга учраш ҳаётдаги энг ёмон нарса эмаслигини англадим ва рингга мутлақо хотиржам ва совуққонлик билан чиққанман". Дуглас билан жанг арафасида Тайсоннинг ишлари ҳам орқага кетади. Хотинидан ажрашиш, давомий суд жараёнлари, мураббийи Кевин Рунини уни тарк этиши, ақл бовар қилмайдиган юк Майкнинг руҳий ҳолатига босим ўтказади. Қолаверса, у рақибининг кучига тўғри баҳо бермаганлига ҳам ушбу жангни бокс ишқибозлари асрлар давомида эслаб қолишларига сабаб бўлди. Aжойиб тўқнашувда Дуглас ўн биринчи раундда Тайсонни нокаутга учратади ва шу билан бокс бўйича мутлоқ жаҳон чемпионига айланади.

тайсон

Леннокс Льюис- Оливер Маккол

1994 йил сентябр ойида АҚШнинг Калифорния штати Сакраменто шаҳрида WBC йўналиши бўйича ёш ва енгилмас жаҳон чемпиони Леннокс Льюис Майк Тайсоннинг собиқ спарринг шериги Оливер Маккол билан рингга чиқади. “Атом буқаси” номи билан машҳур Макколл жангнинг иккинчи раундида Льюисни сенсацион тарзда нокаутга учратди. Бу Леннокснинг фаолиятидаги биринчи мағлубияти эди. Макколнинг ғалабаси нафақат бокс тарихидаги энг кутилмаган воқеалардан бири сифатида қайд этилади. Шунингдек, Оливерни "омадли лаки панч" соҳиби сифатида ҳам эслашади.

мак-2

Владимир Кличко - Лаймон Брюстер 

2004 йил 10 апрелда АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида украиналик Владимир Кличко ҳамда АҚШлик Лаймон Брюстер ўртасидаги вакант бўлган, WBO камари учун жанг кечади. Мазкур тўқнашувда  кичик Кличконинг мағлубиятини жуда кам одам кутган эди. Бироқ, охир-оқибат айнан шундай бўлди. Жуда оғир ва ачинарли мағлубиятни қабул қилиб олди. Лаймон дастлабки тўрт раундда тўлиқ имкониятни бой бераётган эди. Бешинчи раундда эса кутилмаганда Владимирни нокаутга учратади.(Давоми бор)

лаймон

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.