ПСЖ футболчисининг уйини бир ой ичида иккинчи марта ўғри урди
Ads

ПСЖ клуби форварди Эрик Максим Шупо-Мотинг Парижга кўчиб ўтгач кетма-кет ноҳушликларга учрамоқда.

Goal нашри тарқатган хабарга кўра камерунлик футболчининг уйини бир ойда иккинчи марта ўғри урди. Иккинчи ўғирлик кеча 24 декабрь куни содир бўлди. Ҳозирда ўғрилар томонидан футболчига нисбатан қанча зарар етказишгани маълум қилинмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Шупо-Мотингнинг уйини бундан аввал 28 ноябрь куни “Ливерпул”га қарши баҳс пайтида ўмариб кетишган эди. Ўшанда ўғрилар жами 600 минг евролик буюмларни ўғирлаб кетишган эди.

Қайд этиш лозимки, Шупо-Мотинг уйини ўғри босган ПСЖдаги ягона футболчи эмас. Ўтган шанба ўғрилар Тиаго Силванинг уйидан бир миллион еврога яқин тилла тақинчоқлар ва соатларни ўғирлаб кетишган эди.