ПСЖ раҳбарияти Неймарнинг отаси билан унинг келажагини муҳокама қилди

Франциянинг ПСЖ клуби раҳбарияти жамоа етакчиси бўлган Неймарнинг отаси билан унинг келажагини муҳокама қилди. Бу ҳақда El Mundo Deportivo нашри хабар бермоқда.

Ушбу учрашувда парижликлар бразилиялик футболчининг отасига уни ёзда қўйиб юбориш ниятида эмасликларини айтишган. Бундан ташқари жамоа раҳбарияти келгуси мавсум ПСЖни янада рақобатбардош жамоага айлантиришга ва йирик мусобақаларда улкан натижаларни қўлга киритишга ишонтирган.

Эслатиб ўтамиз, ПСЖ УЕФА Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи доирасида “Реал”га қарши ўтказилган ҳар иккала баҳсда ҳам мағлубиятга учради ва мусобақани тарк этди.