“Қўқон-1912” айрим футболчилар билан музокаралар олиб бормоқда
Ads

 

 

Олий лиганинг биринчи даврасини ажойиб тарзда ўтказган “Қўқон-1912” жамоаси аъзолари қисақа муддатли таътилга чиқишди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда. 

Манбанинг маълум қилишича, Қаршида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги чорак финали дастлабки ўйинидан сўнг, бош мураббий Нўъмон Ҳасанов жамоа аъзоларига 9 июлга қадар дам олиш учун рухсат берди.

Энди қўқонликлар иккинчи даврага тайёргарликни 9 июль куни бошлайдилар. Режага кўра 9 июлдан 21 июлга қадар жамоа Тошкент вилоятида навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларини олиб боради. Бу йиғин давомида жамоа таркибида ўзгаришлар бўлиши мумкин. Мураббийлар штаби жамоани кучайтириш мақсадида айрим футболчилар билан музокаралар олиб боришмоқда. Улар айнан қайси ўйинчилар эканлиги ҳақида, уларнинг жамоа йиғинига келиши аниқ бўлгач хабар берамиз. Шунингдек навбатдаги йиғин давомида олий лига клублари билан ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказилади.

Жамоанинг сербиялик футболчилари Дарко Гожкович ҳамда Филип Райевац давралар оралиғидаги танаффусдан фойдаланиб ўз юртларига жўнаб кетишди. Бу футболчилар жамоанинг навбатдаги ўқув-йиғинларига бироз кечроқ келиб қўшиладилар.

"Қўқон-1912"нинг уч нафар футболчилари Ойбек Рустамов , Жавоҳир Сидиқов ҳамда Андрей Сидоров эса Ўзбекистон U-22 терма жамоаси билан бирга Қатар давлатида бўлиб ўтаётган ҳалқаро турнирда иштирок этишмоқда.

Жамоа аъзолари навбатдаги расмий учрашувни 26 июль куни Қўқонда ўтказишади. Шу куни Ўзбекистон кубоги чорак финали жавоб учрашувини ўтказиш учун Қаршининг “Насаф” жамоаси Қўқонга ташриф буюради.