“Қўқон-1912” янги келган футболчиларни таништирди
Ads

 

Бугун “Қўқон-1912” жамоаси сафига иккинчи давра арафасида келиб қўшилган янги футболчиларни кенг оммага таништириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, Қўқондаги “Марказий” ўйингоҳида бўлиб ўтган тадбирда “Қўқон спирт” АЖ бошқарув Кенгаши  раиси вазифасини бажарувчиси И. Абдуллаев, клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ва бир қатор мухлислар иштрок этишди.

Маросимни одатдагидек, жамоа вице-президенти, бош директори Бахтиёржон Толипов очди.

Бу йилги мавсум жамоамиз учун жума муваффақиятли ўтмоқда, деб сўз бошлади клуб раҳбари. – Биринчи даврани аъло даражада ўтказдик. Шунинг учун иккинчи давра арафасида таркибга икки нафар футболчи жалб этдик, холос. Клубимиздан 4 нафар футболчи кетган бўлса, 2 нафар янги ўйинчини олдик.

Жамоамизнинг  олдидаги мақсади  Осиё чемпионлар лигасига йўлланма олиш.  Ўйлайманки, мавсум сўнггида ўз олдимизга қўйган вазифаларни бажара оламиз. Бунда албатта сиз мухлисларнинг кўмаги ҳам керак бўлади. “Қўқон-1912”нинг фидоий мухлислари бисёр эканлигини биламан. Сизлар жамоамизни яхши ёмон кунларида қўллаб-қувватлаб келдингизлар. Бунинг учун барчангизга жамоамиз номидан миннатдорчилик изҳор этаман. Бугун иккинчи давра арафасида ўз сафимизга қўшиб олган янги футболчиларни кенг оммага таништирамиз, - дейди Бахтиёржон Толипов.

Шундан кейин мавсумнинг иккинчи қисмида жамоа шарафини ҳимоя қиладиган янги ўйинчиларга иккинчи даврада қайси рақамлардаги футбол либосларида ўйнашларини оммага тақдим этилди. Унга кўра, Қувондиқ Рўзиев 70, Дониёр Ҳасанов 14-рақамларда майдонга тушишлари ойдинлашди.

Тадбирда шунингдек, жамоамиз бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ҳам сўзга чиқиб, қўқонлик футбол мухлисларига қўллаб-қувватлаб туришгани учун миннатдорчилик билдирди ва бундан кейин уларнинг далдалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини таъкидлади.

Маросим кўтаринки руҳда ўз якунига етди. Тадбир сўнггида ишқибозлар жамоамизнинг эртага бўладиган “Насаф” жамоасига қарши ўйиндан олдинги машғулотларини томоша қилишди.