“Қора” Бельгия (таҳлилий мақола)

Бельгиянинг Африкада фақатгина битта колонияси бўлган – Конго. Бир  неча ўн йиллар Бельгия ўз колониясининг бойликларидан фойдаланиб келган. Маҳаллий аҳоли бундан тўйиб кетди ва 1960-йилда ўз мустақиллигини эълон қилди.

У ерда катта сиёсий жараёнлар бўлди. Патрис Лумумба ёш мамлакатнинг биринчи премьер-министрига айланди. Лекин Лумумба ўлдирилди ва унинг ўрнига генерал Мобуту келди. Шундан сўнг Конгони европаликлар тарк эта бошлади. Мобуту даврида Конго ўз номини Заирга ўзгартиради. Заир Жаҳон Чемпионатининг қатнаша олган илк “Қора” Африка мамлакати эди. Бу ишни ундан олдин Африканинг асосан араблар яшайдиган ҳудуди – Миср ва Марокаш уддалаган эди. Бу тарихий воқеа 1974-йилда содир бўлган. Германия майдонларида тўп сурган Заир терма жамоаси кучсиз ўйин кўрсатган бўлса-да, муҳими иштирок эта олган. Унинг ортидан Камерун, Нигерия, Гана каби терма жамоалар ҳам кейинчалик иштирок этишни уддалашган.

Кейинчалик келиб чиқиши конголик бўлган футболчилар Европа ареналарида тўп сура бошлади. 1987-йилда Бельгия терма жамоаси сафида илк марта қора танли футболчи майдонга тушди. Бу Димитри Мбую эди.

Димитри ҳеч қачон Африкада яшамаган. У Бельгияда туғилган, ота-онаси конголик эди. “Локерен”, “Стандарт”, “Брюгге” жамоаларида тўп сурган. У терма жамоа сафида майдонга тушди, ўз вазифасини бажарди ва кейин “йўқолиб қолди”.

Мбуюнинг термага чақирилганидан ўн йил ўтиб келиб чиқиши африкалик бўлган икки футболчи терма жамоага жалб этилди. Мураббий Жорж Лекенс “Мускрона” жамоаси сафида ёрқин ўйин намойиш этаётган ака-ука Мпензаларга эътибор қаратмасдан ўтолмади. Ака-укалар африканча ва франсузча исмларга эга эди – каттаси Мбо ва Жером, кичиги Локонда ва Эмил. Иккала ажойиб ҳужумчи фақатгина клуб сафида эмас, энди терма жамоада ҳам кўплаб голлар урадиган бўлишди.

Ака-ука Мпензалар, айниқса, кичиги Эмил терма жамоанинг асосий фигурасига айланди. Ўша вақтларда Бельгия терма жамоаси ўзига яраша ва мусобақаларда доим қатнашиб юрмаслиги уларнинг айби эмас. Бельгия 2002-йилги Жаҳон Чемпионатидаги омадсиз юришидан сўнг, фақат саралашларда иштирок этиб юрди. Бир қанча вақт терма жамоа сафида Бельгия паспортига эга собиқ югославияликлар пайдо бўлди. Яна африкаликлар ҳам булар сафида бор эди. Ярим ҳимоячи Даниел Кимони, кейинчалик ҳимоячи Венсан Компани. Биринчиси кўзга кўриниб, кейин йўқолиб қолган бўлса, иккинчиси терма жамоада ўз ўрнини топа олди ва ҳатто, Бельгиянинг биринчи қора танли сардорига айланди.  Компанига елкадош бўлиб фламандликлар оиласидан бўлган Энтони Ванден Борре тўп сурган. Компанини ҳам. Боррени ҳам оталари колониялардан бўлган, аммо фарзандлари Бельгияда туғилиб ўсган ва тўлақонли европалик ҳисобланишади. Улардан ташқари Мусса Дембеле ҳам терма жамоа сафида 11 йил ўйнади ва 2018-йил бронза медални олгандан сўнг терма жамоадаги фаолиятини якунлади. Терма жамоанинг таянч нуқтасида Аксель Витсел ўйнайди. У ҳам қора танли, аммо африкалик эмас. Унинг отаси Бельгияга Вест-Индиянинг Мартиника оролидан келган.

Ўтган ўн йилликда Бельгияда миш-мишлар пайдо бўлди. “Андерлехт”нинг ёшлар жамоасида жудаям истеъдодли футболчи бор экан, бир мавсумда 60-70 талаб голлар ураётган экан. Унинг исми – Ромелу Лукаку. Унинг отаси Роже Лукаку ҳам футболчи бўлган ва Бельгиянинг турли жамоаларида ўйнаган. Терма жамоада эса Заир номини Конго Демократик Республикаси номига алмаштирган жамоа шарафини ҳимоя қилган. Аммо Антверпенда дунёга келган ўғли Конго эмас Бельгия терма жамоасида ўйнашни афзал билди.

Айнан Лукакунинг терма жамоада пайдо бўлиши, жамоани олдинга силжишига ёрдам берди. Тўғри, фақатгина Ромелу эмас, унга елкадош бўлган, Тибо Куртуа, Томас Вермален, Тоби Алдервейрелд, Ян Вертонген, Кевин Де Бруйне, Эден Азар каби футболчилар ҳам Бельгия терма жамоасини юксакларга олиб чиқишга бел боғлашди. Жамоада яна келиб чиқиши марокашлик бўлган Маруан Феллайни, Насер Шадли, Мехди Карсела-Гонсалес, испаниялик бўлган Янник Феррейра Карраско ва Кевин Миральяс, индонезиялик Раджа Наинголан каби футболчилар тўп суришади. Лекин тан олиш керакки, уларнинг таянчи Ромелу бўлади. Ромелунинг ортидан терма жамоада унинг укаси, ҳимоячи Жордан Лукаку ҳам пайдо бўлди.

Бельгия сафида яна бир қанча қора танли футболчилар тўп суришади. Миши Батшуайи, Дивок Ориги кабилар. Кристиан Бентеке эса Киншасда таваллуд топган. У бемалол Конго терма жамоасида тўп суриши мумкин эди. Лекин у ҳам Лукакуга ўхшаб Бельгия шарафини ҳимоя қилишни афзал билди.

Бельгия келиб чиқиши турли миллат вакилларидан тузилган терма жамоа ҳисобланади. Бир томондан олиб қаралса, бу яхши. Иссиқ Африка қони “Қизил иблислар”га жўшқинлик бағишлади ва улар Жаҳон Чемпионатида 3-ўринни, ФИФА рейтингида эса 1-ўринни банд этишди. Ҳозирча Бельгия терма жамоасида ҳаммаси яхши. Роберто Мартинес футболчилар билан яхши муносабатда. Фламандликлар, Валлонлар, араблар, испанлар, африкаликлар, барчаси бир мақсад йўлида бирлашишган ва ҳеч қанақа ирқчилик ва шунга ўхшаш тортишувлар юзага келгани йўқ.