Қорақалпоғистонда халқаро форум доирасида кореялик футболчилар билан ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Оролбўйи ҳудудларида экологик муҳитни яхшилаш масалалари ва бу жараёнда корейс диаспорасининг роли” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда. Мазкур форумда БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мун бошчилигидаги Жанубий Корея делегацияси вакиллари иштирок этишмоқда.
 
Меҳмонлар орасида Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги “Chung-Ang university high school” футбол жамоаси ташриф буюрган. Мазкур жамоа бугун “Турон” марказий ўйингоҳида Қорақалпоғистон Республикасининг U-19 ёшгача бўлган терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. 
 
Ўйиндан аввал стадионга йиғилган мухлислар учун катта гала концерт ташкил этилди. Концерт давомида эстрадамиз юлдузлари ва Жанубий Корея давлатидан ташриф буюрган ансамбль гуруҳларининг чиқишлари ўйингоҳга ташриф буюрган мухлисларни хушнуд этди. 
 
Ўйинга тўхталадиган бўлсак, ҳар икки жамоа аъзоларининг кўплаб уринишларига қарамай, учрашувда ҳисоб очилмади. Энди эртага  28 ноябрь куни “Chung-Ang university high school” жамоаси Тошкент шаҳридаги “Миллий” ўйингоҳида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 17 ёшгача бўлган ўсмирлар жамоаси билан куч синашади.
 
Бундан ташқари форум доирасида нуфузли меҳмонлар ҳамда футбол жамоа аъзолари Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ва тарихий обидалари билан ҳам яқиндан танишишни мақсад қилишган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!