Равшан Эрматов: Футбол халқимизнинг энг яхши кўрган ўйини ва унга хизмат қилиш биз учун шараф
Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти лавозимида иш бошлаганидан кейин енг шимариб астойдил ишга киришганлиги кўриниб турибди. Энди у ўзбек футболининг равнақи йўлида ўзининг тажрибасини ишга солмоқда. Бунгача Эрматовни барчамиз ФИФАнинг етакчи ҳакамларидан бири сифатида билардик. Лекин энди вазият ўзгарди ва у ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқиш йўлида бор билим ва салоҳиятини ишга солмоқда. Албатта, унинг яна ҳакамлик фаолиятини давом эттириб, 2022 йилги мундиалда ҳам иштирок этишини ҳамма кутаётганди. Лекин Эрматов ЎФАда иш бошлаганидан буён ҳакамлик қилаётгани йўқ. Боиси Равшан Сайфиддинович бутун диққат-эътиборини Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги ишига қаратган. Энди у бутун ўзбек футболининг манфаатлари йўлида меҳнат қилмоқда. Қолаверса, унинг дунё футболи ҳамжамиятида тутган ўрни ҳам катта. Хабарингиз бор, яқинда ЖЧ-2022 саралаш баҳсларининг иккинчи босқичига қуръа ташланди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда Равшан Эрматов ушбу қуръа ташлаш жараёнида иштирок этди ва ОФКнинг бир қатор расмийлари билан учрашувлар ҳам ўтказишга улгурди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда ЎФА биринчи вице-президенти билан бир қатор муҳим масалалар бўйича суҳбатлашдик.
- Яқиндагина Ўзбекистон футбол ассоциациясида янги раҳбарият иш бошлади. ЎФА президенти этиб Абдусалом Азизов сайланди. Биринчи вице-президент лавозими эса сизга ишониб топширилди. Футболимизнинг янги раҳбариятидан барчамиз учун севимли бўлган ушбу спорт турини янада ривожлантириш бўйича нималар кутсак бўлади?
- Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Абдумавлонович Азизов футболга бефарқ бўлмаган, футболни яхши кўрадиган инсон. Улар ўзбек футболидаги айни вазият, мавжуд муаммолар, ютуқ ва камчиликлардан яхши хабардор. Абдусалом Абдумавлонович бошчилигида биз ўзбек футболидаги оғриқли масалаларни бартараф этиш, футболни мухлислар кутаётган даражага олиб чиқиш борасида саъйи-ҳаракатларни бошлаб юборганмиз. Яхши тушуниб турибмиз, ғалабалар бирдан қўлга киритилмайди. Аввал ассоциациянинг иш фаолиятида, халқаро муносабатларда, ички чемпионатимиз, турли ёш тоифаларидаги жамоалар ва энг муҳими – ҳалоллик ҳамда профессионаллик масалаларида самарали иш юритишимиз керак. Шунда футболимиз юксалади, мухлислар эса биздан рози бўлишади.
- Миллий терма жамоамиз учун ҳам ҳал қилувчи баҳслар 5 сентябрдан бошланади. Ҳозирда июль ойи тугаб бормоқда ва олдинда август ойи қолди. Яъни, саралаш баҳсларига бир ой вақт қолди холос. Рақиблар маълум бўлгач, терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер билан гаплашдингиз. Энди қолган бир ой вақт давомида режалар қандай кўриниш олади?
- Қуръа ташланмасидан олдин ҳам саралаш баҳсларининг ўтадиган саналари маълум эди. Шу боис Купер билан биргаликда ушбу саналарни ҳам ҳисобга олиб, йилнинг охиригача режаларни ишлаб чиққанмиз. Биз эса табиийки, ўша режаларга амал қилиб борамиз. Рақибларни эса ўрганишни бошлаб юборганмиз. Биласиз, бизнинг гуруҳимизда Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ва Сингапур терма жамоалари бор. 30 июль куни Ғарбий Осиё чемпоинати мусобақа бошланади. Бу мусобақа эса Ироқда ўтказилади. У ерда Яман, Саудия Арабистони, Фаластин каби рақибларимиз ҳам қатнашишади. Шунинг учун бизнинг вакилимиз ҳам ушбу мусобақага боради ва рақибларни ўрганиб, маълумотлар тўплайди. Мана шундай томондан ишларни бошлаб юборганмиз. Шунингдек, Сингапур тўғрисида ҳам маълумотлар йиғяпмиз. Аслида қуръа аниқ бўлиши биланоқ биз ташкилий ишларни бошлаб юборганмиз.
- Яқинда сиз Малайзияда бўлдингиз ва ОФКнинг бир қатор расмийлари билан учрашувлар ўтказиб, музокаралар ташкил этдингиз. Билишимизча сафарингиз жуда самарали ўтди. Чунки бир қатор ўзбекистонлик мутахассислар ОФКнинг турли қўмиталарига тайинландилар.
- Малайзияга боришимиздан асосий мақсадлардан бири ОФК билан аввалги илиқ муносабатларимизни тиклашдан иборат эди ва бу биз учун жуда муҳим ҳисобланарди. Биз бир қатор расмий учрашувлар ҳам ташкил этдик. ОФК бош котиби Дато Виндсор Жонс билан учрашув ўтказдик ва у билан бўлиб ўтган ишларни ҳамда камчиликларни таҳлил қилдик. Бундан буёғига ОФК ва ўзбек футболи ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишиб олдик. Ўз навбатида ОФК бош котиби ҳам Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва доим қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Турли қўмиталарига ўзбекистонлик мутахассисларнинг тайинланиши эса бу ОФКнинг бизга бўлган ишончи ва қўллаб-қувватлашининг яққол ифодасидир. Бундан ташқари, ОФКнинг бошқа расмий шахслари билан ҳам учрашувлар ўтказдик. Келишилган ўйинлар ва тотализатор билан курашиш бўйича бўлим раҳбарлари билан гаплашдик. Бу футболни орқага тортаётган ёмон иллатлардан бири. Энди бу масала бўйича улар билан яқиндан иш олиб борамиз. Шунингдек, ҳакамлар қўмитасининг раиси билан ҳам учрашдик. Ўзбек ҳакамлари масаласи юзасидан музокаралар ўтказдик. Ўзбекистондаги ФИФА ҳакамларининг салоҳияти, юртимизда ҳакамлик савиясини ривожлантириш бўйича келишувларга эришдик. Афсуски, бизда ҳали ҳам ҳакамлик асосан ҳаваскорлик даражасида. Биз улар билан ҳакамларимизни ҳаваскорликдан профессионал даражага ўтказиш бўйича музокалар олиб бордик. Ўзбек футболига нима керак бўлса, барча масалаларни кўтардик ва ижобий келишувларга эришдик. Умуман олганда, у ерда ҳар бир йўналиш бўйича мутасаддилар билан гаплашиб чиқдик. Шунингдек, VAR тизими бўйича ҳам суҳбатлар ўтказдик. VAR тизимини йўлга қўйиш мураккаб жараён ҳисобланади. Шунчаки, стадионга келиб мониторни қўйиб, унга бир одамни ўтказиб, VAR тайёр бўлди дейдиган нарса эмас. Буни амалга татбиқ этиш учун ФИФАнинг алоҳида талаблари бор. Бу жуда қийин жараён ва ўз ичига маълум вақтни олади. Айниқса, унинг лицензиялаш ишлари бор. Масалан, VAR тизимида ўтирадиган ҳакамларни лицензиядан ўтказиш керак. Ҳаттоки, майдонда ишлайдиган ҳакамларнинг ҳам VAR тизими бўйича лицензияси бўлиши керак. Бу йўналиш бўйича биринчи ўқиш жараёни 9 ой давом этади. Ўша 9 ойлик курсларни тугатганингиздан кейин махсус тестлардан ўтасиз. Буни ФИФАнинг ўзи ўтказади. Агар сиз тайёр бўлсангиз, лицензия оласиз ва VAR билан ўтадиган ўйинларни бошқаришингиз мумкин.
- Сизнинг ОФКда VAR бўйича музокаралар ўтказганингиз бизда ҳам ушбу тизим яқин келажакда амалда қўлланиши мумкинми, деган саволларни келтириб чиқармоқда. Ростдан ҳам ўзбек футболига VARни олиб кириш режангиз борми?
- Биласизми, VAR ўзи нима учун қилиняпти? Ҳакам адашиб қолган пайтда мониторда ўша хатосини кўриб, вазиятга тўғри ва адолатли қарор чиқаришини таъминлашга қаратилган. Ҳакамнинг кўра олмай қолган вазияти қайсидир жамоанинг натижасига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак. VAR шу мақсад учун ташкил қилинган. Биз бунга тайёргарлик жараёнини олиб бораверамиз. VARни ўрнатиш – бу жуда қиммат техника эканлигини биласиз. Барибир бизда ҳали VAR тизими бўлмаса-да, ҳакамларга VAR тизими билан ишлашни ўргатиб, лицензиялаштириш жараёнини бошлаб юборишимиз керак. ФИФА ҳам жаҳон чемпионатида VAR тизимини ишлатди. Ҳозирда кўплаб давлатларда ҳам VAR тизими йўлга қўйилди. Чунки ФИФАнинг айтишича VAR футболнинг келажаги. Мен ўзим ҳам миллий чемпионатимизда VAR тизими бўлиши ва ҳакамларнинг хатолари ўйин натижасига таъсир ўтказмасдан ҳар бир учрашув адолатли бўлишини хоҳлайман.
- Сиз бунга қадар ОФК ташкилотига асосан ФИФА ҳаками сифатида борардингиз ва ҳамма сизга ҳакам сифатида қарашарди. Бу сафар эса ОФКга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти, футболимиз раҳбарларидан бири сифатида ташриф буюрдингиз. Бу ҳолат ўзингизга қандай туюлди?
- Ҳар йили ОФКга бир неча маротабадан борамиз. ОФКдаги ҳамкасбларимиз ва мутасаддилар билан жуда яқин дўстона муносабатдамиз. Шу боис сиз мансабдор шахс бўласизми ёки ҳакамми, бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Муҳими, биз инсон сифатида бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Мансаб ёки қандайдир позиция ўзгариши мумкин. Лекин инсон ҳеч қачон ўзгармаслиги керак.
- Барибир ҳаммани битта савол қизиқтиряпти: Равшан Эрматов ҳакамлик фаолиятини давом эттирадими-йўқми? Яқинда ташкил этилган матбуот анжуманида эса ўзингиз бу масала бўйича фикр билдириб, кўпроқ ЎФАга эътибор қаратиб ўтишингиз ҳақида таъкидлагандингиз. Лекин ҳозирча сизни бирор жойда ҳакамликни расман тугатганингиз ҳақидаги маълумотларни кўрмадик. Чиндан ҳам ҳакамликни якунладингизми?
- Очиғини айтсам, бошида ассоциациядаги ишим кўп вақтимни олмайди ва ҳакамликка ҳам бемалол вақтим бўлади деб ўйлагандим. Лекин футболнинг ичига янада чуқурроқ кириб бориб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш билан овора бўлиб қолаётганим учун ҳакамликка вақт етишмаяпти. Хабарингиз бор, олдинлари жисмоний ҳолатимни меъёрида ушлаб туриш учун ҳар куни шуғулланардим. Ҳозирги кунда эса бир ҳафтада икки мартагина зўрға вақт топяпман. Агар жисмоний ҳолатим ўйинни ўтказишга етарли бўлмаса, таваккал қилиб майдонга чиқмайман.
- 2022 йили Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида ишлаши мумкин бўлган номзод ҳакамлар рўйхатида сиз ҳам бор эдингиз. Рости, сизни навбатдаги мундиалда ҳам иштирок этиб, рекордларингизни янгилашингизни жуда хоҳлаётгандик. Аммо эндиликда ҳакамлик иши сиз учун анча-мунча чеклангандек туюляпти. Бунга ўзингиз қандай қараяпсиз? Қатардаги жаҳон чемпионатида иштирок этишдан умидингиз борми?
- Қатардаги жаҳон чемпионатига номзод ҳакамлар рўйхатидан жой олганим рост. Лекин менга ватаним, ўзбек футболи кўп нарса берди. Бир нечта жаҳон чемпионатларида қатнашдим. Жаҳон чемпионатига миллий терма жамоамиз борса кўпроқ хурсанд бўласизми ёки ҳакам борсами? Шахсан мен, ўзим мундиалга боргандан кўра миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатида қатнашишидан хурсанд бўламан. Чунки бу халқимизнинг азалий орзуси ҳисобланади. Футбол эса халқимизнинг энг яхши кўрган ўйини ва унга хизмат қилиш биз учун шараф.
- Болалар футболида ёшини кичрайтириш ҳолатлари ҳам учраб туради. Булар ҳақида сиз қандай фикрдасиз?
- Халқимизда касални беркитсанг иситмаси ошкор бўлади деган гап бор. Биз қачонгача ўзимизни-ўзимиз алдаб келамиз. Болалар футболида ёшни кичрайтириш муаммолари борлиги бу футболимиздаги энг катта муаммолардан бири десам асло адашмаган бўламан. Менга кўпинча ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларидан кучли футболчилар чиқади ва кейин эса улар йўқ бўлиб қолишади, деган саволни кўп беришади. Бу саволга энг асосий сабаблардан бири деб айнан ёшни кичрайтириш деб биламан. Ёшни кичрайтириб сохта обрў ва сохта натижанинг кетидан қувишга чек қўйиш керак. Аксинча, барча ёшдаги терма жамоаларни ўз ёшидаги болаларни топиб тўғри ёшдаги футболчилар билан ишлашимиз зарур. Балки бизда яқин 2-3 йилда натижа бўлмас, лекин Корея ўз мисолида шуни кўрсатдики, улар ана шу йўлни танлаб жаҳон чемпионати финалигача етиб борди. Шунинг учун биз бу йўналишда ҳам ҳалол бўлиб, ишни тўғри йўлга қўйсак, келажакда болалар футболида ҳам яхши натижаларга эришамиз. Ахир муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳар бир ишга ҳалоллик ва адолат билан ёндашаётган бир пайтда нега биз футболга бундай ёндашмаслигимиз керак.
- Ўзбекистон футбол ассоциацияси мухлислар томонидан тез-тез танқидга учраб туради. Сиз эса ҳакам сифатида катта ҳурмат қозонгансиз. Ўзбек футболининг юзига айлангансиз. Энди эса сиз мана шу ерда иш бошладингиз. Лекин бу ташкилотда ким ишламасин, барибир танқидлар бўлиб туради. Ўзингиз бундай жараёнга тайёрмисиз?
- Биласизми, футбол шундай ўйинки, бир вазият бўйича 100 та одамдан 100 хил фикр чиқиши мумкин. Баъзида эса буларнинг орасида танқидий фикрлар ҳам бўлиб туради. Мен ҳамманинг фикрини ҳурмат қилган ҳолда бир нарсани аниқ биламан: ҳеч қачон виждонимга қарши иш қилмаганман ва қилмайман ҳам. Мен доим ўз ишимни тўғри ҳамда ҳалол бажаришга интилганман. Албатта, иш бор жойда камчилик бўлиб туради. Биз доим хатоларнинг олдини олиб, камчиликларга таҳлилий ёндашиб, ўзимизни аямасдан ҳалол меҳнат қилсак, танқидлар ҳам кам бўлади ва олдимизга қўйган мақсадларга Худо хоҳласа албатта эришамиз.
- Энди бизда янги Эрматовлар қачон чиқади? Сиз барибир ЎФАда ишлаётганингиз боис асосий эътиборингизни у ерга қаратишингиз табиий. Бунгача эса жаҳон чемпионатларида ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли ҳакамлик қилиб келганингиз учун бунга ҳаммамиз ўрганиб қолгандик. Бироқ эндиликда вазият ўзгарди. Гўёки, бизда ҳакамлик масаласида бўшлиқ пайдо бўлгандек…
- Тўғрисини айтсам, бизда ҳакамлик энг оғриқлик нуқталардан бири. Юқори савияли ҳакамлар сони жуда ҳам кам. Йиллар мобайнида ҳакамликни ҳаваскорликдан профессионалликка ўтказиш учун бир қадам ҳам ташлангани йўқ. Ҳаттоки, 2010 йили очилган ҳакамлар мактабини ҳам номаълум сабабларга кўра ёпиб юборишди. Бугунги кундаги ҳакамликдаги муаммолар асосан шулар билан боғлиқ. Ҳакамликнинг сифати ва савиясини ошириш учун ишни тизимли равишда тўғри йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз. Энди эса биз ўша ҳакамлар мактабини яна қайта тиклаб, замонавий шаклда қайта очмоқчимиз. Ҳозирда бундай мактабни ташкил этиш бўйича ташкилий ишларни олиб боряпмиз Бу борада бир неча хорижий мамлакатларнинг тажрибаларини ўрганяпмиз. Худо хоҳласа, ҳали ўзбек футболидан кўплаб маҳоратли ҳакамлар етишиб чиқиб, ватанимиз номини жаҳон чемпионатларида муносиб ҳимоя қилишади.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ўзбек футболининг равнақи йўлидаги ишларингизда ҳам омад ва муваффақият тилаб қоламиз.
- Раҳмат.
Фикрлар
Лекин бу амалга ошиши жуда кийин булган энг огир масалалардан биридир.