Равшан Ҳайдаров: Ноқулайликларга қарамай, футболчилар матонат кўрсатишди
Ads

 

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси БААнинг Ал-Айл шаҳрида U-23 Осиё чемпионатига саралаш босқичи 1-тур ўйинини ўтказди. Ливан U-22 термасига қарши ўйинда ўзбекистонлик футболчилар 3:1 ҳисобида зафар қучди. Учрашувдан кейин Равшан Ҳайдаров ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Бугунги ўйин учун футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Футболчилар бироз ноқулай шароитларга қарамай ҳақиқий шижоат ва матонат кўрсатишди. Бугун икки ҳил таймларга гувоҳ бўлдик. Дастлабки бўлимда биз яхши ўйнадик, иккинчи бўлимда эса, бироз эътиборни қочирдик ва натижада гол ўтказиб юбордик. Рақибни қарши ҳужумда жазоламоқчи эдик, аммо, буни уддасидан чиқа олмадик. Яхши вазиятлар яратдик, аммо, улардан фойдалана олмадик. Биз учун гуруҳдаги ҳар бир учрашув муҳим. Непалга қарши ўйинга ҳам, БААга қарши ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз", - деди Ҳайдаров. 

Ливан ёшлар термаси устози ҳам ўйиндан кейин фикрларини билдириб ўтди. 

Биз ушбу турнирга жуда қисқа муддат давомида тайёрландик. Аммо, шундай бўлса ҳам, ҳаракат қилдик. Биринчи таймда футболчиларни танимадим. Улар рақибдан қўрқиб ўйнашгандек таассурот қолдирди. Ўзбекистон терма жамоасини ғалаба билан табриклайман. Улар жуда кучли жамоа ва буни билган ҳолда тайёгарлик кўрган эдик. Кейинги рақибимиз БАА ва улар ҳам худди Ўзбекистон сингари савиядаги жамоа. Биз хатолардан тўғри хулоса чиқариб, кейинги ўйинга яхшироқ тайёргарлик кўришни истаймиз. Умид қиламанки, кейинги ўйинда энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз". - деди Курчич Милич.