Равшан Ҳайдаров: Терма жамоага хорижлик мураббий келишини матбуот орқали эшитиб турибман

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси яқинда Дубайда ўтказилган халқаро мусобақада иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Ушбу жамоага яна Равшан Ҳайдаров устозлик қилганидан хабарингиз бор. Осиё чемпионатида муваффақият қозонган мутахассис кузда Осиё ўйинлари мусобақасида чорак финалгача етиб борди ва танқидларга учраганди. Бу сафар эса у халқаро турнирда яна ўзини кўрсатди. Боз устига Ҳайдаров 2018 йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодлар орасидан ҳам жой олди. Терма жамоамиз сафардан қайтгач, бош мураббий билан суҳбатда бўлдик.

- Ноябрь ойидаги йиғинимизда халқаро мусобақада қатнашишимиз олдиндан режага киритилганди ва шунга асосан Дубайдаги турнирда иштирок этиб қайтдик, - дея гап бошлади бош мураббий. - У ерда ўзига яраша кучли жамоалар қатнашишди. Япония, БАА ва Қувайт Осиёда ўз ўрнига эга ва савияси юқори бўлган рақиблар ҳисобланади Қолаверса, мусобақа тизими гуруҳ модули шаклида ўтди. Яъни, ғолиблик фақат гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоага насиб қиларди. Тўғриси, ушбу турнир биз учун қизиқарли эди. Футболчиларда ўйин сифатини шакллантириш, халқаро тажрибаларини ошириш, ғолиблик руҳини сингдириш каби масалалар бўйича ҳам ушбу мусобақа бизга керак эди. Хуллас, у ерда биз кўп ишларни амалга ошириб келдик.

- Дубайдаги мусобақада ғолибликни қўлга киритиш устивор вазифамиди?

- Йўқ, албатта. Лекин боя айтганимдек, йигитларимизга ғолиблик руҳини сингдиришимизда мана шундай ғалабалар керак. Биз учун асосий масала – бу ўйинимизни шакллантириш эди ва бу борада катта ҳажмдаги ишларни бажардик. Шунингдек, бу турнир орқали таркибни ҳам аниқлаб олиш жараёнини ҳам белгилаб олдик. Гуруҳ босқичида ҳар 2-3 кунда ўйин бўлади, бундай пайтда босимни ким қандай енга олишини у ерда синаб кўрдик. Бундай режимда ишлашда кўникма ҳосил қилиш борасида ўзини ким қандай кўрсата олишини синаб кўрдик.

- Ушбу турнирга асосан иккинчи таркиб олиб кетилганига кўпчилик эътибор қаратмоқда. Сиз учун ҳам қўл остингиздаги жамоа иккинчи таркибмиди?

- Йўқ. Бундай пайтда биринчи ёки иккинчи таркиб деб ажратиб бўлмайди. Ҳозир ҳамма футболчилар учун синов даври. Айни пайтда ўйин моделимизга тўғри келадиган футболчиларни саралаб олиш жараёни кетмоқда. Албатта, бизда иккита таркиб бор. Масалан, битта таркибимизни Дубайга олиб кетган бўлсак, яна бир таркибимизга ҳам имконият яратиш мақсадида Тошкентда йиғин ўтказдик. Бундан кўзланган мақсад олимпия терма жамоасида рақобатни ўстиришдан иборат. Бунинг учун ҳамма футболчиларга имконият бериш даркор. Дубайга борган жамоамизга биринчи, иккинчи ёки якуний таркиб деб ном қўйиш керак эмас. Уларнинг аксарияти олимпия терма жамоасига номзод. Шунингдек, жароҳати сабабли биз билан бирга сафарга бора олмаган футболчилар ҳам бор. Бобур Абдуҳолиқов, Жасур Яхшибоев, Азиз Ғаниев кабиларни айтишим мумкин. Агар улар соғайиб, сафга қайтишса, ўйлайманки, бизда янада рақобатбардош жамоа пайдо бўлади.

- Умуман айтганда, ушбу қўл остингиздаги таркибдан неча фоизини Олимпиада саралашида бош жамоамизга ёрдам бера олади деб ўйлайсиз?

- Кўпчилиги ўзининг яхши сифатларини кўрсатишди. Биз ҳали уларни яна таҳлил қиламиз. Ҳали олдимизда кўп йиғинлар бор. Декабрь, январь, февралда ҳам машғулотлар ўтказамиз. Ҳозирда рақобат кўрсата оладиган 30 дан зиёд футболчилар ихтиёримизда бор.

- Бунгача олимпия терма жамоасига бошқа мутахассис келиши ҳақида кўп гапирилаётганди. Аммо барибир ўзингиз ишни давом эттиряпсиз ва бунинг самараси кўриниб турибди. Айтмоқчиманки, бундан кейинги йиғинларда ҳам жамоани ўзингиз бошқарасизми?

- Нима бўлганда ҳам ёшлар билан ишлаш фалсафаси менга тўғри келади. Чунки анча йилдан бери ушбу иш билан машғулман. Келаси йилнинг март ойигача бўлган режани ишлаб чиққанман ва буни раҳбариятга тақдим этганман. Ўз навбатида мутасаддиларимиз ушбу режа ва йиғинларимиз асосида барча шароитларни яратиб бериш бўйича қарор қабул қилинган, режаларимиз тасдиқланган.

- Яқинда олимпия терма жамоасига испаниялик мураббийнинг номзоди кўриб чиқилаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди...

- Мен ҳам матбуот орқали эшитиб турибман. Бундай нарсаларга унчалик эътибор беравермайман. Лекин мураббий сифатида ҳамма нарсага тайёр туриш керак. Шунга қарамай, менга юклатилган иш бор ва шуни бажаришда давом этяпман.

- Айтинг-чи, якунига етиб бораётган 2018 йил Равшан Ҳайдаров учун қандай ўтяпти?

- 2018 йил мен учун омадли бўлди. Биринчи навбатда Осиё чемпиони бўлдик. Осиё ўйинларида ҳам ёмон қатнашмадик. Ўзим яхши кўрган иш – ёшлар билан ишлашни давом эттириб келяпман. Меҳнатимизнинг ҳосилини ҳам кўряпмиз.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.