Равшан Рўзиқулов: Ватанимизга олтин медаллар билан қайтамиз

Хабарингиз бор, 1-6 август кунлари Финляндиянинг Тампере шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар аъзоси ҳам иштирок этиши борасида аввал хабар бериб ўтган эдик. Шу муносабат билан SPORTS.uz интернет ахборот портали терма жамоа мураббийи Равшан Рўзиқулов билан боғланиб, жамоанинг мусобақа олдидан мақсадлари ва тайёргарлик жараёни билан қизиқди.

– Айни пайтда ўз олдимизга мусобақада яхши натижалар кўрсатишни мақсад қилиб қўйганмиз. Худо хоҳласа, ватанимизга олтин медаллар шодаси билан қайтамиз деган умиддаман. Тайёргарлик жараёнига келадиган бўлсам, барчаси яхши ўтди. Сўнгги ўқув машғулот йиғинларини “Динамо” спорт мажмуасида ўтказдик. Айни пайтда шуғулланишимиз учун барча шарт шароитлар мавжуд. Йигитлар ҳам ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.

Қайд этиш лозим, спортчиларимиз эртага кечки рейс билан Финландияга жўнаб кетишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!