Гранд клублар шу даражаларини ушлаб туриши учун, одатда, катта трансферларга таянади. Бу табиий ҳол. Чунки барча жамоанинг ҳам “Аякс”, “Бенфика” ёки “Барселона”дек академияси йўқ. Энг қизиғи, “Ла Масия”дек футбол мактаби бор “Барса” ҳам, сўнгги йилларда миллионларни ортиқча ўйланишсиз сарфлайдиган бўлиб қолди. Баъзи клублар учун эса бу шунчаки давом этадиган жараён. Улар буни бир неча йиллар олдин ҳам амалга оширган, бугун ҳам қилаверади. Биз эса қуйида футболчи хариди учун 1 трансфер ойнаси мобайнида энг кўп маблағ ажратган клублар тўғрисида сўз юритамиз. Эътиборлироқ бўлинг, бу ерда сизнинг севимли клубингиз ҳам бўлиши мумкин.
10. ПСЖ 2018 йил. 227 млн 4 та трансфер
Рўйхатимизни Қатар шайхлари барпо этган ПСЖ очиб беради. Ўша мавсум ҳеч ким парижликлардан бундай жасорат кутмаган эди. Европанинг гранд бўлмаган клуби қаторасига 2 йил 200 млн евродан кўп маблағ сарфлаши жаҳон чемпионатини Қатарда ўтказишни режа қилган ишбилармонлардан бошқасининг хаёлига келган, дейсизми?! 227 млн эвазига Килиан Мбаппе, Леандро Паредес, Тило Керер, Хуан Бернат ҳамда Эрик Шупо-Мотингни харид қилган раҳбарият бу трансферлари билан анча ақлли қарор қабул қилган эди. Буни ушбу мавсум юқорида исми келтирилган йигитлар исботлаб берди. Боз устига, айни вақтда уларнинг умумий нархи 248 млн еврони ташкил этмоқда. Демак, Носир Ал-Хелайфи томонидан сарфланган пуллар зое кетмади.
mpabbe1
9. ПСЖ 2017 йил. 238 млн 2 та трансфер
Аслида, ПСЖ ўша мавсумда 5 футболчини ўз сафига қўшиб олган эди. Бироқ уларнинг фақат иккитасигина сотиб олинган. Қолганлари ижарага олинган эди. Трансфер рекордини янгилаган парижликлар жаҳон юлдузи Неймар учун 222 млн еврони баҳридан кечишга тайёр эканлигини исботлаганди ўшанда. Ўйлаб кўринг, икки йил давомида 465 млн еврони ўйинчи сотиб олишнинг ўзига сарфлаш осонми? Ҳа, агарда сиз бир неча йиллардан кейин миллиардлаб фойда келтирувчи 4 йилликнинг энг муҳим футбол тадбирини қабул қилиш учун ҳозирлик кўраётган бўлсангиз, трансфер рекордини янгилаш сиз учун уддалаб бўлмас топшириқ эмас. Трансфер бозорида 2 йил шовқин кўтарган ПСЖ харид қилган “ниҳоллар” бу йил мева беришни бошлади. Кузатамиз кейинги йилларда бу футболчилар нималар қила оларкан.
neymar
8. “Атлетико” Мадрид 2019 йил. 243,5 млн 7 та трансфер
Буни ҳеч қандай ажабланарли жиҳати йўқ. Мадридликлар ўтган мавсум аввалида 312,8 млн еврога футболчи сотган ва бу маблағлар туфайли трансфер бозорида ўзларига одат бўлмаган ишларни амалга оширганди. Гризманндан ташқари, Люка Эрнандес, Родри каби футболчилар сотувидан 300 млн евродан кўпроқ фойда кўрган клуб президенти Энрико Сересо бош мураббийнинг барча истагини бажо келтирди. “Golden boy” совринини ютган Жоау Фелиш, “Реал” ярим ҳимоячиси Маркос Льоренте ва яна бир нечта яхши даражадаги футболчилар “матрасчилар” учун 243,5 млнга тушди. Мана шу жойда мураббийнинг имзоси яққол сезилди. Яъни, Диего Симеоне ўзига керакли футболчиларни талаб қилди ва айтиш мумкинки, етакчилар кетганидан кейин ҳам жамоани ўз даражасида ушлаб тура олди. Сотиб олинган ёш истеъдодлар эса келажак юлдузларига айланиши турган гап. Симеоне бу ишни жуда кўп уддалаган.
feliks
7. “Реал” Мадрид 2009 йил. 258,5 млн евро 10 та трансфер
Бу ҳамшаҳарлар ёнма-ён юришга ўзаро келишиб олгандек, гўё. Бизнинг рўйхатимизда ҳам уларнинг номлари бирга келмоқда. Ўша йили президентлик сайловларида қатнашган Флорентино Перес ўз ваъдаларининг устидан чиқди. У “Реал”да инқилоб амалга оширди. Ва бу на биринчиси, на охиргиси эди. Сайлов олдидан жамоага жаҳон миқёсида энг кўп муҳокама қилинаётган Криштиану Роналду ва Какани олиб келишга сўз берган испан олигархи сўнгги икки йилдаги “Олтин тўп” эгаларини Мадридда жамлаган эди. Барчанинг наздида бу жамоани енгиб бўлмас, барча совринлар "Сантьяго Бернабеу"га йўл оладигандек эди. Бу жараён бизни озгина куттирган бўлса-да, барибир амалга ошди. “Реал”нинг кетма-кет 3 бор Европада тенгсиз деб топилишига айнан шу йили энг катта қадам ташланган эди. Ҳозир ўшанда сотиб олинганлардан фақат Карим Бензема ўз фаолиятини “қаймоқранглилар” сафида давом эттирмоқда.
Декада сўнгида Мадридда “янги Галактикос” ташкил этган “Қироллик клуби” учун бу ҳали ҳаммаси эмасди...
kaka
6. “Ювентус” 2018 йил. 259,7 млн евро 8 та трансфер
Роналдуни сотиб олган жамоа ўша йили трансфер бозорида шов-шув кўтариши аниқ. Жаҳоннинг энг кучли икки футболчисидан бирини харид қилган клуб унинг ёнига муносиб шерикларни ҳам сотиб олиши табиий. Шу сабабли, туринликлар футболчи харид қилиш борасида анча фаоллашиб қолган ва Роналдуга ёрдам бериш мақсадида Жоау Канселу, Дуглас Коста, Леонардо Бонуччи, Гонсало Игуаин, Эмре Жан каби яхши даражадаги ўйинчиларни ҳам ўз сафига қўшиб олган эди. Айтиш жоизки, “Юве” раҳбарлари яхши футболчи учун пул аямайди. Аммо уларни янада юқори даражага чиққан вақтида ҳам олиб қола билиш лозим. Боз устига, мураббий борасида қилинган нотўғри қарорлар ҳам Турин супер клуби мухлисларига маъқул келмади. Бундай хатолар клубга Чемпионлар Лигасини ютиш учун олиб келинган Роналдунинг йилларини ўғриламоқда. 5 карра “Олтин тўп” соҳиби ҳозир 35 ёшда. Кейинги йил ҳам унинг айнан ҳозиргидек юқори даражада бўлишига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
ronaldu
5. “Челси” 2017 йил. 260,5 млн евро 9 та трансфер
Уларни бежиз “аристократлар” дейишмайди. Клуб президенти Роман Абрамович кўп ҳолларда бош мураббийларнинг талабини қондиради. Жамоа постига келган мавсумидаёқ Премьер-лигада ғолиб бўлишни уддалаган Антонио Контега раҳбарият томонидан титул ҳимояси учун катта трансферлар амалга ошириб берилди. Альваро Мората, Тьемуэ Бакайоко, Дэнни Дринкуотер, Оливье Жиру, Антонио Рюдигер каби ўртамиёна футболчилар учун жами 260 млн евро маблағ сарфлаган Абрамович мавсум сўнгида жамоасини Европа лигаси йўлланмасинигина тақдим этувчи 5-поғонада кўрди.
Мавсум аввалидаги саҳийлигидан кейин натижа кўрмаган миллионер дарҳол бош мураббийни истеъфога чиқарди. Боз устига, Конте ҳамда “Челси”нинг баъзи юлдуз футболчилари ўртасида низолар келиб чиққан, аксарият ўйинчилар италиялик мутахассиснинг гапларига кирмай қўйган эди. Ҳозир эса ўша трансферлардан фақатгина Рюдигер ва Жиру асосий таркиб учун курашмоқда. Қолганлар ёки захира ўриндиғида ёки бошқа жамоаларга кетиб улгурган.
alvaro-morata-chelsea-1503583354-11664
4. “Барселона” 2019 йил 273 млн евро 7 та трансфер
“Барселона”нинг хато қарорларига кўникиб ҳам қолдик. Ўтган мавсум аввалида Бартомеу узоқ кутилаётган Чемпионлар Лигаси совринини Каталонияга қайтариш учун яна бир бор қўлидан келган ёрдамни беришга уриниб кўрди. Катта нарх эвазига Антуан Гризманн, Френки де Йонг, Нето каби футболчилар харид қилинди. Бир мавсумда икки бор мураббий алмашди. Аммо буларнинг барчаси “кўк-анорранглилар” зарарига ишлади. Ла Лигадаги иродасизлик, Чемпионлар Лигасида сенсацион натижадаги мағлубият, кубок ва суперкубокдаги ортиқча хотиржамлик оқибатидан содир бўлган кўнгилсизликлар ва буларнинг барчасини ўзида жамлаган Мессининг кетиш қарори. Мана йил бошида 273 млн евро сарфлаган “Барселона”нинг мавсум сўнгидаги ҳолати. Мана таркибни юлдузларга, мураббийлар штабини эса ўртамиёна мутахассисларга тўлдириб қўйган Бартомеунинг бугунги “Барса”си. У клуб президентлигига келган вақт каталонияликлар ўз тарихларида иккинчи бор требл қайд этган эди. Бундай натижа бошқа ҳеч бир жамоада йўқ. Эсиз, Бартомеудан аввалги президентлар шунча ҳаракат қилган эди-я.
coutinho-barca
3. “Манчестер Сити” 2017 йил 317,5 млн евро 10 та трансфер
Кучли учликни Гвардиола бошқарувидаги жамоа очиб бериши мантиқан тўғри. Араб шайхларининг энг муваффақиятли, шу билан бирга энг қиммат лойиҳаси ҳисобланадиган “Манчестер Сити” ҳар йили камида 2 та яхши трансфер амалга оширади. Ҳозирги кунда “Transfermarkt” маълумотларига кўра, энг қиммат таркибга эга клуб ҳам айнан “Сити” ҳисобланади (1,04 млрд евро). Бунда 2017 йил амалга оширилган 317,5 млн евролик трансферларнинг ҳам ўрни анча катта. Айнан 3 йил олдин сарфланган пулларнинг самараси ўлароқ, кетма-кет икки бор Премьер-лигада тенгсиз кўрилган Гвардиола ҳамон катта харидлардан чекинмаяпти. Ўшанда сотиб олинган ўйинчиларнинг барчаси бугун асосий таркиб футболчилари ҳисобланади. Эмерик Ляпорт, Бенжамен Менди, Кайл Уокер, Бернарду Силва, Эдерсон Мораеснинг барчасига испаниялик мутахассис ишонмоқда. Шундай бўлса-да, унинг захира ўриндиғи ҳам хавас қилгудек даражага чиқиб улгурган.
laport
2. “Барселона” 2017 йил 387,5 млн евро 7 та трансфер
Юқорида таъкидлаганимиз, “Барселона”нинг хатоларидан энг йириги 2017 йил содир бўлган эди. Ўз юлдузи Неймарни сақлаб қолишни уддалай олмаган Бартомеу унинг эвазига тўланган пуллардан ҳам унумли фойдалана олмади. Коутиньо учун 145, Усман Дембеле учун эса 138 млн евродан воз кечган президент ҳозир ўша даврларни эслаб, қанчалик афсусланаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. 3 йил олдин 283 млнга баҳоланган ушбу икки футболчининг бугунги нархи 112 млн еврони ташкил этади. Ундан ташқари, Паулиньо, Семеду, Деулофеу, Мина ва Марлон каби ўйинчиларни сотиб олган “кўк-анорранглилар” бугунги кунда уларнинг ҳеч бирига асосий таркибдан муқим ўрин ажратмаган. Бироқ Каталония томондан яхши хабарлар ҳам бот-бот эшитилмоқда. Мавсумолди жараёнларини ижарадан қайтган Коутиньо, жароҳатдан тузалган Дембеле, клубда ўз ўрнини топишга уринаётган Гризманн анча фаоллик билан ўтказмоқда ва янги мавсумда улар бош мураббий Рональд Куманнинг режаларида асосий фигуралардан бўлиши кутилмоқда. Балки кетиш олдидан ўз сўзига эга, катта мутахассисни Каталонияга олиб келгани Бартомеунинг “блаугранас”га қилган сўнгги яхшилиги бўлар. Буни вақт кўрсатади!
grizmann
1. “Реал” Мадрид 2019 йил 397,5 млн евро 8 та трансфер
Перес доимгидек ўз услубида! Юқорида таъкидлаганимиздек, 2009 йилги трансфер инқилоби ҳали “Реал” учун етарли эмас эди, гўё. Кетма-кет Чемпионлар Лигаси ғолиблигидан кейин Роналду ва Зиданнинг Мадридни тарк этиши клуб президентини чуқур ўйга толдирди. Криштиануга-ку энди бироз кеч. У бошқа клуб сафига бориб қўшилди. Яна кимсан, “қаймоқранглилар”нинг ашаддий душманларидан бири “Ювентус” таркибига. Бироқ Зидан ҳамон жамоасиз-ку. Демак, уни қайтариш мумкин. Шу мақсадда франциялик мутахассис билан гаплашган Перес унга истаганини муҳайё қилишга ваъда берган шекилли, Зидан қайтиши биланоқ Эден Азар, Лука Йович, Эдер Милитао, Ферлан Менди ва яна бошқа истеъдодлар жамоага олиб келинди. Зидан улардан фойдаланишни тизимли йўлга қўймоқда. Бундан ташқари, “Реал” учун керакли совринлар ҳам аста-секин ютиляпти. Экспериментал мавсумда Испания суперкубоги ва Ла Лига ғолиблиги Пересга манзур келаётганга ўхшайди. Боиси бу мавсумда на Зидан, на Перес трансферлар ҳақида оғиз очишди. Энг катта мақсад эса, ПСЖ вакили Килиан Мбаппе. Кузатамиз, у Мадридга келган вақти бу рўйхат балки янгиланар.
azar
Ҳар ерда “пандемия”, деган огоҳлантириш янграётган, унинг оқибатида катта клублар миллионларни бой бераётган бир вақтда “Челси” ҳеч нима бўлмагандек, 223,3 млн евро сарфлаб улгурди. Трансфер ойнаси 5 октябрда ёпилиши ва “аристократлар” ҳали дарвозабон муаммосини тўлиқ ҳал этиб улгурмаганини ҳисобга олсак, ҳаммаси тугади, дейишга бироз эрта. 4 футболчига 223 млн евродан кўп сарфлаган “аристократлар”нинг олигарх президенти Ян Облак, Андре Онана каби истеъдодли посбонлар учун пулни қизғонади, деб ўйлайсизми? Шундай экан, трансфер маш-машалари ҳали узоқ давом этиши аниқ!

Жавоҳир Азимов тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)