"Реал" ўз сафига 20 ёшли футболчини қўшиб олди ва уни 20 июль куни расман таништирмоқчи

“Бетис” клуби ярим ҳимоячиси Дани Себальоса янги мавсумни Мадриднинг “Реал”ида бошлайдиган бўлди.

“Қироллик клуби” матбуот хизмати тарқатган хабарларга кўра “галлактикос”лар 20 ёшли футболчининг трансфери бўйича келишувга эришишган. Унга кўра Себальоса “Реал” билан 6 йиллик шартнома имзолайди. Берилган маълумотларга кўра ушбу трансфер мадридликларга 15 млн еврога тушган.

“Реал” ўзининг янги футболчисини оммага 20 июль куни расман таништириши кутилмоқда. Таъкидлаш керакки, унинг хизматларига шахсан жамоа бош мураббийи Зинедин Зидан жиддий қизиқиш билдираётган эди.

Эслатиб ўтамиз, футболчининг андалусияликлар билан амалдаги шартномаси 2020 йилга қадар имзоланган. Унга кўра Себальосанинг  товон пули 15 млн еврони ташкил этади. У жолрий мавсум Ла лиганинг 30та турида майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2та гол ёздириб қўйишга эришган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!