Ads

Мадриднинг “Реал” клуби куни кеча ЕЧЛда кетма-кет учинчи, умумий қилиб ҳисоблаганда ўн учинчи марта ғолиб чиқди. Юртимизда ушбу жамоага мухлислик қилувчи инсонлар жуда ҳам кўп. Бироқ мана шундай суперклуб сафида энг кўп совринларни қўлга киритган футболчиларни ҳамма ҳам билавермаса керак. Шундай экан, бугун биз улар билан таништирамиз.

Эмильо Бутрагеньо – 15

Эмильо Бутрагеньо “Реал” сафида 1982-1995 йилларда ҳаракат қилган бўлиб, жамоа сафида 341 ўйинда майдонга тушиб, 124 та гол киритган. Бугунги кунда Флорентино Переснинг “ўнг қўли” бўлиб ишлаётган Бутрагеньо “қироллик клуби” сафида 15 та соврин ютишнинг уддасидан чиққан. Жумладан 6 бор Ла лигада, икки бор Қирол кубогида, бир бора Ла лига кубогида, 4 бор Испания суперкубогида ваниҳоят икки бор УEФА кубогида ғолиб чиққан. Афсуски, унинг совринлари орасида ЕЧЛ кубоги мавжуд эмас.

Альфедо Ди Стефано – 15

Ди Стефано ҳақида ортиқча таъриф шарт бўлмаса керак. Икки карра “Олтин тўп” эгаси саналадиган Альфредо 5 карра Испания чемпионати тўпурари бўлган ва Мадридда 11 йил тўп сурган холда 396 ўйинда 307 та тўп киритишнинг уддасидан чиққан. Клуб тарихидаги тўпурарлар орасида учинчи ўринда зикр этиладиган Альфредо “Реал” билан Испания чемпионатида 8 бор, ЕЧКда 5 бор ғолиб чиққан. Бундан ташқари Испания кубоги ҳамда Қит`алараро кубок турнирларида бир мартдан ғолибликни қўлга киритган.

Рафаэль Варан – 15

Бугунги “Реал”нинг энг муҳим футболчиларидан бири бўлган Варан мадридликлар сафига 2011 йилда келган ва ҳозирга қадар жамоа билан 15 та соврин ютишга эришган. Айни кунга қадар “Мадрид” либоси остида 200 дан зиёд ўйинда иштирок этган 25 ёшли футболчи жамоа билан Ла Лига (2 марта), Испания кубоги, Испания Суперкубоги (2), ЕЧЛ (4), УEФА Суперкубоги (4) ва клублар ўртасидаги ЖЧ (3)да зафар қучган. Умуман олганда Варан жамоа ҳимоя чизиғининг асосий фигураларидан бири эканлигини инобатга оладиган бўлсак, Рафаелда ҳали совринлар сони  ошиб бориши аниқ.

Мичел

Мичел 1982-1986 йилларда “қироллик клуби” сафида тўп тепган. Ўнг қанот ярим ҳимоясида тўп сурган Мичелга ўз вақтида тенг келадигани топилмаган.  Умуман “Реал” сафида 400 дан зиёд ўйин ўтказган собиқ “8”-рақам эгаси жамоа сафида 15 та титулга эришган ва уларнинг аксарияти маҳаллий ареналарда қўлга киритилганлиги диққатга сазовардир.

Рауль – 16

 

“Реал”нинг яқин ўтмишдаги афсонаси жамоада ўтказган 14 йилда 16 та соврин ютишга эришган. Клуб тарихида энг кўп гол киритган футболчилар орасида иккинчи ўринда зикр этиладиган “Эль Капитано” клуб билан Ла лигада 6 бор, Испания суперкубогида 4 бор, ЕЧЛда 3 бор, Қитъалараро кубокда икки ваниҳоят УEФА суперкубогида бир бор ғолиб бўлган.

Криштиану Роналду ва Карим Бензема – 16 тадан

Бу икковлон жамоага бир йилда ва бир вақтда келишган ва табиийки, совринлар сони ҳам мутлақо тенг. 2009 йилда бор-йўғи 35 млн еврога сотиб олинган Бенземани ҳеч ким шу қадар жамоада кўп вақт қолади деб ўйламаган эди. Унинг ноаниқ ҳаракатлари ба`зан Мадрид клуби мухлисларининг ҳам асабларига тегади, бироқ, шу билан бирга франциялик футболчининг муҳим ўйинларда гол киритиши баъзан вазиятни “юмшатгандек” бўлади.

Роналду борасида эса ортиқча таърифга ҳожат бўлмаса керак.

Мигел Анхель ва Карлос Сантиляна – 16 тадан

Анхел 70 ва 80-йилларда фаолият юритган дарвозабон саналади. Жамоа сафида 16 бор турли хилдаги совринларни қўлга киритган.

Сантильяна 1971-1988 йилларда “блаугранаслар” сафида тўп тепган. Кўпчилик мутахассисларнинг унинг бош билан яхши ўйнай олишини таъкидлашади ва уни Давид Вильянинг ўйинларига қиёслашади.

Фернандо Йерро – 16

Испания терма жамоасида энг кўп ўйинда майдонга тушган футболчилардан бири бўлган Йерро “Сантьяго Бернабеу”да оз эмас, кўп эмас 14 йил фаолият юритди. Йерро “Реал” билан 5 бор Испания чемпионатида, 3 бор ЕЧЛда, икки бора Қитъалараро кубокда, 4 бор эса Испания суперкубогида ва бир мартдан УEФА суперкубоги ва Испания кубогида ғолибликни қўлга киритган.

Чендо(Мигель) – 18

Камачо сингари фақат “Реал”да тўп сурган футболчилардан бири айнан Чендодир. “Қаймоқаранглилар” сафидаги 16 йилда 18 та соврин юришга эришган “Чендо” 500 дан ортиқ ўйин ўтказган бўлиб, 7 бор Ла лига, икки бор Қирол кубоги, 5 бор Испания кубоги, бир бора Ла лига кубоги ва шунча марта ЕЧЛда, бундан ташқари эса икки бора УEФА кубогида муваффақият қозонган.

Икер Касильяс – 18

Замонамизнинг энг моҳир дарвозабонларидан бири бўлган Икер Касильяс “Бернабеу”даги  17 йилда 18 та совринни қўлга киритишга эришган. Улар орасида 5 та Ла лига, иккита Испания кубоги, 4 та Испания суперкубоги, 3 та ЕЧЛ, иккита УEФА суперкубоги ва бир мартдан Қитъалараро кубок ҳамда Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолибликлари мавжуд.

Хосе Антонио Камачо – 19

Бутун футболчилик фаолиятини “Реал”га бағишлаган Хосе Антонио Камачо клуб сафида 414 та ўйин ўтказган бўлиб, 9 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. “Бланкослар” сафидаги 13 йилда эса Хитой термасининг собиқ мураббийи 19 та совринни боши узра баланд кўтаришга эришган.

Серхио Рамос ва Марсело – 19 тадан

Рамос 2005 йил “Севилья”дан 27 млн еврога харид қилинган ва ўз вақтида Испаниянинг энг қимматбаҳо ҳимоячи бўлган эди. Рамос ана ўшандан буён Рамос мадридликларнинг асосий таркиб футболчиси бўлиб келади.

Марсело эса Рамосдан 2 мавсум кейин келган. Аммо шундай бўлсада, бу икковлоннинг “Реал” таркибида қўлга киритган совринлари сони бир хил – 19 тадан.

Франциско (Пако) Хенто – 21

“Реал” билан энг кўп совринларга эришган икки футболчидан бири Хентодир. Болалигида Мадриднинг бошқа жамоаси - “Атлетико”га муҳлислик қилган Хенто “Реал”даги 18 йилда 21 та совринни ютишга эришган. Жумладан 12 бор Испания чемпиони, икки бор Испания кубоги, 6 бор ЕЧК ва бир бора Қитъалараро кубокда ғолиб бўлган Хенто ЕЧК(ЕЧЛ) кубогини 6 марта боши узра баланд кўтаришга эришган ягона футболчи эканлигини қайд этиш жоиз.

Мануэль Санчес – 21

Хенто сингари 18 йил “Реал” таркибида тўп сурган яна бир футболчи бу Мануэль Санчесдир. Клуб сафида 500 дан зиёд ўйин ўтказган собиқ футболчи “бланкослар” сафида Ла лига(8 марта), Қирол кубоги(2), Ла лига кубоги(1), Испания суперкубоги(5), ЕЧЛ(2), УEФА кубоги(2) ва  Қитъалараро кубок мусобақларида ғолиб чиқишга эришган.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади