Родолфа Аррауабаррена: Таркибимизда айрим йўқотишлар бор

Бугун ОЧЛ-2018 “С” гуруҳи 2-тур доирасидаги “Насаф” – “Ал Васл” жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида “Ал Васл” клуби бош мураббийи Родолфа Аррауабаррена ва жамоанинг 8-рақамдаги ярим ҳимоячиси Энтони Касерес иштирок этишди. Бу ҳақда "Насаф" матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Родолфа Аррауабаррена: - Аввало ассалому алайкум ҳурматли журналистлар. Эртага дастлабки учрашувда мағлубиятга учраган икки жамоа ўзаро куч синашади. Иккала жамоага ҳам очколар зарур. Икки клубни ҳам қийин учрашув кутиб турибди. Рақибимизда бизга нисбатан имконият кўпроқ, чунки улар ўз майдонида ўйнашади. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Биз ҳам эртага ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Ўтган учрашувни уйимизда ўтказиб, мағлубиятга учраганимиз биз учун аламли бўлди. Сўнгги дақиқада иккинчи голни ўтказиб юборганимиз мағлубиятимизга сабабдир. Шунингдек, бу учрашувдан олдин биз мамлакат кубоги учрашувида асосий рақибимиз билан ўйин ўтказдик. Бу учрашувда футболчиларимиз катта куч йўқотишган эдилар.

Ҳеч бир мураббий ўйиндан олдин ўз таркиби ҳақида аниқ маълумот бермайди. Кечирасизлар, мен ҳам эртага майдонга тушадиган жамоамиз таркиби ҳақида очиқ гапириш истагида эмасман. Аммо сафимизда айрим йўқотишлар йўқ эмас. Баъзи шогирдларим жароҳати туфайли бу ерга келмади. Аниқ майдонга тушадиган таркибимиз ҳақида эртага, ўйиндан олдин маълумотга эга бўласиз.

ОЧЛдаги вазифамиз ҳақида? Бундай нуфузли мусобақада иштирок этмаганимизга ўн бир йил бўлди. Шу боис баъзи футболчиларимизда тажриба ҳам етишмаяпти. Бизда “Ал Айн”дек ОЧЛдаги иштироки билан катта тажрибага эга клублар бор. Шунга қарамасдан биз ҳам ОЧЛда яхши натижага эришишга ҳаракат қиламиз.

Қаршига ярим ҳимоячимиз Фабио Лимани олиб келмадик, унда кичик жароҳат борлиги боис уйда қолдирдик. Ҳужумчимиз ва жамоамиз сардори Кайо Канедо шу ерда, у эртага майдонга тушиши мумкин.

“Насаф” ҳам ўтган ўйинда ютқазиб қўйди. Аммо улар дарвозасидан учта гол ўтказиб юборишга муносиб эмасди. “Аждарлар” жуда яхши ўйин намойиш этишди. Тўғри, айрим хатолар бўлди. Биз бу ўйинни яхши таҳлил қилдик ва рақибимизнинг бу камчиликларидан биз ҳам эртага фойдаланишга уриниб кўрамиз.

Мамлакатингиз чемпионати қитъамизда энг кучлилиларидан бири ҳисобланади. “Насаф” ҳам шундай кучли биринчилик иштирокчисидир. Жамоа йинчиларида жисмоний ва бошқа сифатлар ҳам юқори даражада.

Энтони Касерес: - Эртага албатта жуда қийин ўйин бўлади. Рақибимиз “Насаф” ҳам жуда кучли ўйин кўрсатади. Шундай бўлсада чиройли ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, мухлислар эртага қизиқарли ўйин гувоҳи бўлишади.

Дубайнинг об-ҳавоси билан бу ерникини фарқ бор. Бу ҳам майдон эгаларига қўл келади, аммо эртага биз ҳам ижобий натижани қўлга киритишга уриниб кўрамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!