Роналду билан учрашув, танқидлар, Франция орзуси ёхуд Сардор Рашидов билан суҳбат
Ads

Футболимизнинг бугунги кундаги юлдузларидан бирига айланган Сардор Рашидов жорий мавсумни ўзимизнинг “Локомотив”да бошлаганини яхши биласиз ва бу клуб унинг учун вақтинчалик эканлиги борасида ҳам кўп айтилмоқда. Боиси, у ёзда хорижга кетиши мумкинлиги олдиндан айтиб келинаётганди. Сардорнинг “Локо”даги ишлари яхши бошланди деб айтиш қийин. Унга нисбатан танқидлар ҳам кўп бўлди. Лекин аста-секин у яна ўз ўйинини кўрсатишни бошлади. Ҳарқалай Фарғонада “Нефтчи”га қарши учрашувда Рашидов иккита гол урди. Биз у билан қатор масалаларда суҳбатлашиш ниятида эдик ва шу мақсадда Фарғонага бориб ўйинни кузатдик. Беллашувдан сўнг футболчи таклифимизга ижобий жавоб қайтарди.

“Локомотив”га мослашишим қийин бўлди”

- Охирги  йилларда араб чемпионатида тўп суриб анча кўникмага эга бўлгандингиз. Маълум танаффусдан кейин Ўзбекистон чемпионатига қайтиб келдингиз. Янгиланган Суперлигага мослашиш сиз учун қандай ўтди?

- Ўзбекистон чемпионатида икки йил олдин ўйнагандим, у пайтда номи олий лига эди. Албатта, бунгача араб чемпионатида ўйнаб у ерга анча мослашиб қолгандим. Тан олишим керакки, Ўзбекистон чемпионатига кўникишим бироз қийинроқ кечди. “Локомотив” амалдаги чемпион жамоа. Барибир бу клубдаги мақсад бошқача бўлади. Дастлабки 3-4 та турда ўзимни кўрсатишим қийинлашди. Энди эса мавжуд қийинчиликлар ортда қолди деб ўйлайман. 

- Тўғри, “Локомотив”га мослашишингиз осон бўлмади. Қолаверса, сизни ҳамма билади ва ўз ўйинингизни кўрсата олишингизга ишонган ҳолда эътибор кучлироқ эди. Ўйинингиз чиқмаётган пайтда сизга нисбатан танқидлар ҳам, салбий фикрлар ҳам билдирилди. Шундай вазиятларда ўзингизни қандай тутдингиз? Умуман, бу ҳолатдан қай тариқа чиқиб кетдингиз?

- Тўрғи, айрим журналистлар менга шахсиятга тегадиган саволларни беришди, бу менга ёқмади. Бундай пайтда доим ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим. Балки улар учун бундай мавзуда сўз очиш плюс бўлар, буниси менга қоронғу. Нима бўлганда ҳам саволларга профессионал нуқтаи назаридан жавоб беришга ҳаракат қилдим. Мана, аста-секин ўз ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. 

- Чемпионатимиздаги ўзгаришлар катта ва бўлиб ўтган воқелардан кейин бу футболимизга чиндан ҳам эътибор юқорилигидан дарак берадими ёки бошқа сабаби ҳам борми?

- Бу фақат чемпионатимиз кучайганидан дарак беради. “Локомотив”ни 7-8-ўринларда бўлишини ҳеч ким ўйламаганди. Бу эса Ўзбекистонда футбол кучайиб бораётганини кўрсатиб турибди. Чунки “Локомотив”дан ташқари бошқа клублар ҳам кучайишган. Тўғриси, янгиланган формат менга ёқди. Энди барча клублар бор кучлари билан ўйнашяпти. 

- Чемпионатимиз ва клубга мослашиб олаётганингизга Фарғонадаги ўйинда гувоҳ бўлдим. “Локомотив”да ҳам салбий натижадан кўра ижобий натижалар кузатиляпти. Қолаверса, бош мураббий алмашиб, Андрей Микляевнинг ўрнини Андрей Фёдоров эгаллади. Жамоадаги воқеалар ривожини яхши билган ўйинчи сифатида бу ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Балки мураббий алмашганидан кейин ўйинимиз янада кучайгандир. Лекин мен бу масалада бир нарса дея олмайман. Чунки ўзим ҳам бу клубга янги келганман. 2-3 йилдан бери ўйнаётган бўлганимда аслида нима бўлаётганини айтиб беришим мумкин эди. “Локомотив”га келганимга ҳали уч ой бўлгани йўқ. Рости, ўзгаришларга эътибор берганим йўқ ва бошимни ҳам қотирмадим (кулади). Клубдаги бошқа ишларга аралашиш ниятим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ. Мен футболчиман, асосий ишимиз майдонга тушиб жамоамизнинг ғалабасига ҳиссамизни қўшишимиз керак.

“Франциядан таклиф бўлса, кўзимни юмиб кетаман”

- “Локомотив”га ярим мавсум учун келгандингиз ва биринчи давра ҳам тугаб боряпти. Шундай экан, сиз билан боғлиқ ҳолатдаги воқеалар ривожининг қандай кўриниш олиши бизни қизиқтиряпти.

- Тўғрисини айтсам, мен кутяпман. Франциядаги мураббийим – Сабри Лямуши менга ёзгача кутишимни айтганди. Буни ҳеч кимдан беркитмайман. Лекин бу масала 100 фоизга ҳал бўлди дегани эмас. Францияга борарман, балки бормасман. Ҳаммаси Худодан. Лекин боя айтганимдек, Лямуши менга ёзгача кутиб туришимни айтган. 

- Демак, сиз ушбу мураббий билан алоқани сақлаб келяпсиз, тўғрими?

- Ҳа, у билан доимий равишда алоқада бўлиб турибман. 

- Шу билан бирга сизга яна арабнинг етакчи клубларидан таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитдим...

- Ҳа, таклифлар бўляпти. Аммо бу барибир араб жамоалари-да. Агар Франциядан чорлов бўлса, кўзимни юмиб кетардим. Агар Франция варианти амалга ошмайдиган бўлса, билмадим нима бўларкин?! Балки яна араб чемпионатига қайтарман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. 

- Араб чемпионатида ўйнаб сизда икки хил таассурот қолдирди. Қатарда ижобий, БААда эса салбий. Яъни, бундай плюс ва минуслари эвазига сизда у ерга боришда иккиланиш пайдо бўляптими?

- Рости, араб чемпионатига бориш учун олдингидек хоҳишим йўқ. Чунки у ернинг футболини бориб кўрдим. Шунинг учун энди Европа чемпионатини кўриш ниятим бор. Тўғриси, бу борадаги иштиёқим кучли. 

- “Ренн” клубидан ташқари Европанинг яна бошқа клубларидан таклифлар бўлдими?

- Ҳали 100 фоизли таклиф бўлгани йўқ. Аммо “Локомотив”га келмасимдан олдин бир-иккита таклифлар бўлганди.

- Музокаралар “ўхшамаган”миди?

- Йўқ, музокаралар “ўхшаган”-у, аммо Европанинг кучли бешлигидаги жамоалардан эмасди. Шунчаки, таклифлар Европа деган номи бор бўлган клублардан эди ва бу ўртамиёна саналарди. Масалан, менга мураббийлик қилган Лямушининг жамоаси Франция чемпионатида 5-ўринни эгаллади. 

- Иккинчи даврани яна “Локомотив”да ўтказишингиз мумкинми? Ёки бу охиргисими?

- Бир нарса дея олмайман. Ҳамма нарса бўлиши мумкин.

“Бундай гуруҳдан чиқмасак бўлмайди”

- Яқинда келаси йили БААда ўтадиган Осиё Кубогига ҳам қуръа ташланди ва унга кўра терма жамоамиз “Ғ” гуруҳида Япония, Уммон ҳамда Туркманистон термалари билан куч синашади. Сизнинг қуръа ҳақидаги фикрингиз қандай?

- “Нефтчи”га қарши ўйиндан кейин қуръа ташлаш маросимини кузатдим. Тўғрисини айтсам, қуръа менга ёқди. Бундай гуруҳдан чиқишимиз шарт. Худо хоҳласа, биз ўзимизни кўрсата оламиз. Бундай гуруҳдан чиқмасак бўлмайди. Бизга асосий рақобатчи – бу Япония. Тўғри, қолган икки жамоа ҳам рақиб. Аммо бизнинг даражамиздаги термалар деб ўйламайман. Ҳа, ҳар қандай рақибни ҳурмат қиламан. Нима бўлса ҳам ҳаракат қилиб кейинги босқичга чиқишимиз керак. 

- Ҳамма терма жамоамизга келадиган янги бош мураббийни кутяпти. Бизга қандай мутахассис зарур деб ўйлайсиз? Умуман, бу борадаги қарашларингиз қандай?

- Қўйинг, бу ҳақида муҳокама қилмайлик. Ҳозир бунинг мавриди эмас. Айтадиган гапим кимгадир ёқиши ёки кимгадир ёқмаслиги мумкин. 

“Укаларим мендан ҳам кучли футболчи бўлишларини истайман”

- Рашидовлар оиласини футболчилар оиласи деб айта оламиз. Укаларингиз – Санжар билан Саҳоб ҳам аста-секин мухлислар орасида танилиб боришяпти. Айниқса, кенжа укангиз Саҳобнинг “Сўғдиёна” сафидаги дебют ўйинида “Насаф”га гол ургани эътиборли бўлди.

- Кенжа укам ўша “Насаф” – “Сўғдиёна” учрашувидан бир кун олдинги ўринбосарлар баҳсида ҳам захирадан майдонга тушди. У пайтда жамоаси 2:0 ҳисобида ютқазаётганди ва Саҳоб ўйинга қўшилиб иккита гол урганди. Шундан кейин мураббийлар уни асосий ўйин учун захирада олиб қолишган. Асосий баҳсда захирадан майдонга тушиб, гол уришга муваффақ бўлди ва жамоасига муҳим ғалабани келтирди. Унинг бу ҳаракатидан ўзим ҳам хурсанд бўлдим. Укаларим мендан ҳам кучли футболчи бўлишишларини ният қиламан. Санжар “Насаф”дан “Сўғдиёна”га қайтиб келди. Раҳбарлар клуб олдига кучли олтиликка кириш мақсадини қўйишган. Шу боис укамни яна чақириб олишди. Санжарга ўзим ҳам Жиззахга қайтиб “Сўғдиёна”га ёрдам беришини сўрадим. Насиб қилса, ака-укалар биргалашиб “Сўғдиёна”га кўмаклашишади. 

- Дарвоқе, Санжар Рашидовни “Насаф”дан кетгани сизни ранжитмадими?

- Йўғ-е, бу – футбол-ку! Нега ранжитар экан? Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

- Укаларингиз билан гаплашганимизда иккаласи ҳам асосан сизга интилишаётгани ҳақида кўп гапиришади...

- Нима маслаҳат беришим мумкин? Улар билан кўп вақт бирга бўла олмайман. Икки йил давомида араб чемпионатларида ўйнаб Ўзбекистонга энди қайтиб келдим. Ҳозирда эса Тошкентдаман, укаларим эса Жиззахда. Уларга маслаҳатим фақат ҳаракат ва меҳнат қилишлари керак. Бу даражада қолиб кетмасликлари лозим. Майдонга тушганида ўз фаолликлари билан ажралиб туришлари керак. Ана шунда ўсиш бўлади деб ўйлайман. Ҳамма қатори бир хил ўйин кўрсатса, унда футболчи сифатида ўса олмайди. Футболчи майдонда нимаси биландир ажралиб туриши даркор. Ўйини, зарбаси ёки техникасими, хуллас у бошқалардан фарқланиб туриши муҳим деб ўйлайман. Ўртамиёна бўлиб юраверса, 35 ёшга келиб фаолиятини тугатади ва уни ҳеч ким эсламайди ҳам. Бизнинг қўлимиздан фақат футбол ўйнаш келади холос. Бундан бошқа қиладиган ишимиз ҳам йўқ. Футболчи бўлдикми, уни маҳкам ушлашимиз шарт. Уларга шу гапларни айтган бўлардим.

“Ал Жазира”да мени алдашди”

- Чемпионатимизга қайтдингиз ва ўзингизни кўрсатишингизга энди ҳеч нима ҳалақит қилмаяптими?   

- Йўқ, ҳеч нима тўсқинлик қилмаяпти. Бошида озгина ўзимда тушкунлик бўлди. Икки йил мобайнида Қатарда яхши ўйин кўрсатдим. Ярим ҳимоячи сифатида Лямушининг қўли остида ўйнаб 30 та гол уришга муваффақ бўлдим. Чунки у ерда ўзимни яхши ҳис қилардим. БААнинг “Ал Жазира” клубига ўтганимдан сўнг олти ой ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Жамоа билан ўртамизда тушунмовчилик бўлди. Тўғриси, “Ал Жазира”да мени алдашди. Натижада ўртага совуқчилик тушди. Кейин мени ҳам бу жамоада футбол ўйнагим келмади. Бунинг учун иштиёқим ҳам қолмаганди. Ахир сизни алдаса, ишлагингиз ҳам келмай қолар экан. Ўша воқеаларни ўйлаб олти ой тушкунликда юрдим ва шу аснода “Локомотив”га ўтдим. Шунинг учун бошида янги жамоамга 100 фоиз қўшилиб кета олмагандим. Энди бўлса вақт ўтган сари ўз даражамга қайтиб боряпман. 

- “Ал Жазира”даги хотираларингизни унутиб юбордингизми?

- “Ал Жазира”ни эслагим ҳам келмайди. У ердаги хотираларимни хаёлимдан ўчириб юборгим келади. Агар у ерни ўйласам яна орқага қараб кетишим мумкин. У ерда биргина мени эмас, бошқа футболчиларни ҳам алдашган. Бошида ушбу клубга ўтиб хато қилдимми, билмайман. 

“Роналдудан футболкасини сўрагандим”

- Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида сизни майдонга тушишингизни интизорлик билан кутгандик. Лекин мураббий буни сизга раво кўрмади. Асосан захирада қолиб кетавердингиз. Аммо ушбу ўйинларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Ундаги муҳит қандай эди?

- Яхши таассурот қолдирди. Рости, финалда “Реал”га қарши ўйинни маза қилиб томоша қилдим. Футбол юлдузларини яқиндан кўриш барибир бошқача бўлар экан. Бу бошқа футбол. Ўша ўйинда “Ал Жазира” ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Лекин “Реал” охирги дақиқаларда биздан ғалабани тортиб олганди. 

- Ўйиндан кейин “Реал” юлдузлари билан суҳбатлашиш учун имкон бўлганмиди?

- Ҳа, ўйиндан кейин Роналду билан гаплашдим. Криштианунинг ҳол-аҳволи билан қизиқдим ва сўнгра футболкасини ўзимга олишимни сўрадим. Лекин футболкасини сўрашимдан олдин бу менга насиб қилмаслигини билиб тургандим. Чиндан ҳам мендан олдин бошқалар сўраб бўлган экан. Шунинг учун Роналду менга тўғри тушунтирди ва сендан олдин бошқа ўйинчи сўраганди деди. Ростини айтсам, расмларда ва телевизорларда жуда бақувват кўринади. Лекин яқиндан қараганимизда ўзимизни оддий йигитлар каби. Ҳатто, яккама-якка суҳбатимизда унинг елкаси меникидан бироз пастроқдек туюлди. 

“Реал” “Ливерпуль”дан кучли”

- “Реал” севимли клубингизми?

- “Реал” ёки “Барселона”ни ажратмайман. Яхши футболга мухлисман. Биласизми, “Реал” клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини осонлик билан қўлга киритганди. Улар 100 фоиз бор кучи билан ўйнашмаган. 

- Чемпионлар лигасида “Реал” билан “Ливерпуль”нинг имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Финалда “Реал”ни фаворит деб ўйлайман. Лекин “Ливерпуль” ҳам кучли рақиб. Қани кўрамиз, нима бўларкин? Аммо “Реал” кучлироқ. 

- Жаҳон чемпионатида кимга мухлислик қиласиз?

- Аргентинага. 

- Месси борлиги учунми?

- Ҳа, шундай.

- У ҳолда сиз учун ким кучли: Мессими ёки Роналдуми?

- Ҳеч бирини танламайман. Иккаласи ҳам мен учун бир хил.

- Мухлисларингизга нима деган бўлардингиз?

- Бу йил стадионларда мухлисларнинг сони анча кўпайди. Жамоаларини қўллаб-қувватлаб футболимизнинг янада ривожланишига ёрдам беришсин. Ишқибозлардан кўп нарсани кутса бўлади. Ҳар бир стадион мухлислар билан тўлса, бундай футбол бошқача бўлади. БААда бўладиган Осиё Кубогида яхши иштирок этиб, телевизорда кўрган Кубокни Ўзбекистонга олиб келишимизда уларнинг қўллаб-қувватлаши бизга жуда муҳим. 

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.