Роналду тўрт карра "Олтин тўп" соҳиби ёхуд Месси икки баробар кам овоз олди

 
"Реал" ва Португалия терма жамоаси етакчиси Криштиану Роналду 2016 йил якунларига кўра футбол оламининг энг нуфузли соврини - "Олтин тўп"ни тўртинчи бор қўлга киритди.
 
Бу йилдан эътибор ушбу совринни яна France Football нашри топширадиган бўлди. Авваллари 1956 йилдан 2009 йилгача "Олтин тўп"соҳиби ушбу нашр томонидан журналистлар овозига кўра аниқланарди. 2010-2015 йиллари эса France Football нашри ФИФА билан ҳамкорликда жаҳоннинг энг кучли футболчисини аниқлаган. Бу йилдан эътиборан нуфузли нашр яна бу масъулиятни ўз зиммасига олди.
 
Бу йилги "Олтин тўп" соғибини аниқлашда дунёнинг 173 мамлакатидан биттадан оммавий ахборот воситаси вакили овоз берди. Натижаларга кўра, Криштиану Роналду 745 очко тўплаб фаолияти давомида тўртинчи бор нуфузли совринни қўлга киритди.
 
Унинг энг яқин таъқибчиси - "Барселона" ва Аргентина терма жамоаси етакчиси Лионель Месси 316 очко билан Роналдудан икки баробар ортда қолди. Кучли учликка кирган "Атлетико" ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Антуан Гризманн 198 баллга эга бўлди.
 
31 ёшли Криштиану Роналду бунгача 2008, 2013 ва 2014 йилларда ҳам "Олтин тўп"га эга бўлганди. "Олтин тўп"ни қўлга киритиш бўйича бу совринга беш маротаба лойиқ топилган Лионель Месси пешқадамлик қилмоқда.
 
 
SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!