Россиядаги мундиалда “авжига чиқиши” кутилаётган жамоалар. Исландлардан форсларгача

“Ўрта қатлам”га мансуб клублар ва терма жамоалар кутилмаган мўъжизаларни кўрсатишса, барчамизга ёқади, албатта. “Лестер”нинг чемпион бўлгани ёки камтаргина “Днепр”нинг Европа Лигаси финалига чиққани каби ҳолатлар ҳанузгача барчамизнинг ёдимизда. “Андердог”лардан “тоғни толқон қилиш” талаб қилинмайди, шунинг учун улар сал “бемалолроқ” ўйнашади. Қизиқ, келаси йили Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида улардан қай бири пешқадамликка даъво қилар экан?

Сенегал

Энг яхши натижаси: 1/4 финал, 2002 йил.

Мазкур топ-рўйхатимизда сара иштирокчиларнинг танлангани билан Сенегал терма жамоаси етакчилик қилмоқда. "Наполи"дан Калиду Кулибали, "Ливерпул" юлдузи  Садио Мане, "Эвертон" таянчи Идрисса Гейе, "Монако"нинг ёш иқтидори  Кейта Бальде бу жамоада тўп суришади.  Мураббий Алью Сиссе эса жамога “қуйиб қўйгандек ярашади”. Саралаш турнирида жамоа биронта ҳам ўйинни бой бермади: 4 та ғалаба ҳамда 2 та дуранг натижа. Кулибали бошчилигидаги ҳимоячилар 6 та баҳсдан 4 тасида дарвозага ҳеч кимни яқин йўлатишмади, бу эса ҳимоя тизими пухта ўйланганига яққол мисолдир.

Бу жамоанинг ЖЧга иккинчи маротаба чиқиши. Япония ва Жанубий Корея майдонларида ўтган мундиалда Европа ва жаҳон чемпионлари ҳисобланган французларнинг додини беришган эди. Аммо чоракфинал босқичида Туркия билан бўлаётган тўқнашувда қўшимча вақт доирасида ғалабани бой беришди. Ўша пайтда терма таркибида  Эл-Хажи Диуф ва Папа Диоп каби юлдузлар ҳам бор эди.

Қандай натижа кутиш мумкин?

Сенегал бошқаларни ҳайратлантиришнинг уддасидан чиқа олади. Бундай ажойиб таркиб билан улар ҳар қандай қийинчиликдан чиқиб кета олиши керак. 16 йил аввалги муваффақиятни такрорлаш учун уларда барча имкониятлар етарли.


Исландия

Энг яхши натижаси: ЖЧ дебюти.

Исландия терма жамоаси тарихида ушбу мундиал биринчи маротаба содир бўлмоқда. Ўтган йили Евро—2016 даги дебютида барчани лол қолдиришганди. Бўлажак чемпион Португалияга ҳам тутқич бермаган исландлар 2:1 ҳисоб билан инглизлар устидан ғалаба қозониб чорак финалга йўл олишганди. Улар ЖЧ-2018 саралаш босқичидан силлиққина ўтиб кетишгани ҳам рост. Жамоада юлдузлар унча кўп  эмас. Терманинг энг катта умиди бўлган Гильфи Сигурдссон саралаш раундида ажойиб натижа кўрсатди ( гол+пас тизимида 7 очко). Бош мураббий Хеймир Хадльгримссонни ҳам мўъжизалар яратишга қодир деб бемалол айтишимиз мумкин. 2014 йил жамоани қабул қилиб олгач, 2 йил ўтар-ўтмас уларни йирик турнирга олиб чиқди ҳамда барча учун эсда қоларли бўлган “эртак”ни яратди гўё. Терма жамоани қўллаб-қуватлаганлар мухлисларни айтмайсизми?!

90-йиллар ўртасида Рейкьявик институти директори Йон Сигфуссон ўсмирлар орасидаги гиёҳвандлик ва алкоголизм муаммоларини ҳукумат олдида кўтариб чиққандан сўнг Исландия спортида сезиларли ўзгаришлар кузатила бошланди. Мамлакатда 10га яқин футбол базаларини яратиш ташаббуси ҳам ушбу директордан чиққан эди. Тўғри, бу ташаббус давлат бюджети учун анчагина қимматга тушган эди, бироқ бунинг натижаси ўлароқ ёшлар орасида алкоголизм муаммоси 42 фоиздан 5 фоизгача қисқарди. Ҳозирги кунда аҳолининг 12 фоизи футболга боғлиқ фаолият билан шуғулланади. ЖЧ—2014 да Норвегия билан бўлган саралаш турнирида ҳал қилувчи баҳсда жамоани қўллаб-қувватлаш чун нақ 3 мингта исландиялик (аҳолининг 1 фоизи) Ослога йўл олган эди.

Қандай натижа кутиш мумкин?

Нима бўлганда ҳам Исландия гуруҳ таркибидан чиқиши керак. Агар жамоа Евро-2016 да кўрсатган муваффақиятини такрорлай олса, маррани забт эта олади. Энди бу ёғи “викинг”ларга ким рақиб бўлишига боғлиқ.  Франция тупроғида бўлганидек, грандлар устидан яна ғалаба қозониш Исландиянинг қўлидан келади. Шундай экан Исландия анчагина вақт  Россияда “меҳмон” бўлиши мумкин.


Эрон

Энг яхши натижаси: ЖЧ гурух босқичида 3-ўрин.

Осиёнинг “пичоққа илинадиган” жамоаси сифатида Эрон термасини кўрсатишимиз мумкин. Уч карра минтақа чемпиони, тўрт карра бронза соҳиби. ЖЧ-2018 квалификациясида Эрон битта ҳам ўйинни бой бермади, Жанубий Корея, Сурия, Ўзбекистонни ортда қолдириб, биринчиликниҳусусийлаштириб олди. Жамоанинг аксарият аъзолари Европада ҳам тўп суришади. Сердар Азмун, Саид Эззатуллаҳ, Милан Муҳаммади кабилар "Рубин", "Амкар" ва "Ахмат"да ўйнашади.

2001 йилга келиб мамлакатнинг энг юқори футбол дивизионига айланган Про-лига ташкил этилди. Айнан шу нарса Эрон футболида ўзгаришлар ясади. Молиявий камчиликларга қарамасдан маҳаллий клублар ўз устида ишлаш учун барча шароитларга эга. Аксарият клублар ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда, “ўзига тўқроқ”лари эса европалик мураббий ва футболчиларни таклиф қилишмоқда. Терма жамоа мезбонлик ўйинларини 100 минг киши сиғадиган муҳташам стадион “Азади”да олиб боради.

Қандай натижа кутиш мукин?

Эрон терма жамоаси ўйин учун аниқ ва мақсадли структурани ишлаб чиққан. Жамоа бош мураббийи Карлуш Кейруш жамоа таркиби устида анчагина меҳнат қилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Эрон квартетнинг 2-поғонасига кўтарилиш учун курашиши керак. Жорий йилда плей-офф ўйинларига чиқиш учун жамоанинг имконияти анча юқори, чунки таркиб жуда пухта тузилган.

Шунингдек, Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги Миср терма жамоасини ҳамда Москва “Локомотив”и форварди Жефферсон Фарфаннинг Перу  терма жамоасини алоҳида эслатиб ўтиш ўринлидир. Булар ўзидан анча илгарилаб кетган жамоаларга ҳам “дарс ўтиб қўйиш”га қодир. Сизнингча, бўлиб ўтажак мундиалда ким “авжига чиқади”?

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!