Рўзимбой Аҳмедов: Ғалабани рақибдан кўра кўпроқ хоҳлагандик
Ads

 

Жароҳат сабабли биринчи давранинг асосий қисмини даволаниш билан ўтказган ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов яна майдонга қайтди. “Қизилқум” билан Наманганда ўтган учрашувни асосий таркибда бошлаган футболчимиз ҳисобни очишга эришди. Жароҳатдан кейин аввалги спорт формасини тиклаб бораётган Аҳмедовнинг ўйиндаги ҳаракатлари кўпчиликда илиқ тассурот қолдирди. Жорий йилги мавсум арафасида бир неча йиллик танаффусдан кейин “Навбаҳор”га қайтган ҳужумчини чемпионатдаги голлари ҳисобини очиши муҳимдир. Аҳмедов март ойи сўнггида Ўзбекистон кубогининг 1/16 финалида “Хоразм” дарвозасини икки бор нишонга олганди. Тўрт ойлик танаффусдан кейин гол урган Рўзимбой билан “Қизилқум” билан ўйин якунига етгач, бир нечта саволларга жавоб олинди. "Навбаҳор" матбуот хизмати қуйидаги суҳбатни тақдим қилди.  
 

- Дастлаб учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Ўзингизга маълумки, оёғимда жароҳат борлиги сабабли икки-уч ой давомида майдонга туша олмадим. Оёғимдаги гипс олингач анча қийналдим. Шунга қарамай, машғулотлар давомида тинимсиз равишда ишлаб аввалги спорт формамни тиклашга ҳаракат қилмоқдаман. Худо хоҳласа муносиб тарзда тўп суриб, “Навбаҳор” ютуқларига ҳисса қўшаман деган умиддаман. Бевосита “Қизилқум”га қарши ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, учрашувга жиддий тарзда ўрганиб чиқдик. Рақиб ўйинлари ёзилган дискларни томоша қилиб уларнинг ўйин услубини ўргандик. Майдонда осон бўлгани йўқ. Бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. Шунга қарамай, ирода кўрсатиб охиригача курашиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишни уддасидан чиқдик. 

- Маълум танаффусдан кейин майдонга қайтдингиз. Ўйинда ҳаракат қилиш осон бўлмагандир?

- Чинданам, бунга қадар саккизта турни ўтказиб юборишимга тўғри келди. Анча вақтдан бери ўйин амалиётига эга бўлмаганлигим сабабли осон бўлгани йўқ. Қийинчиликка дуч келсамда қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Асосийси гол уришга эришдим. Кейинги учрашувларга ҳам муносиб тарзда тайёргарлик кўриб, янада яхшироқ тарзда тўп суришга интиламан. 

- Умуман олганда намойиш этган ўйинингиздан кўнглингиз тўлдими?

- Ҳеч бир футболчи ўзининг ҳаракатларидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмайди. Шундай экан ўйинимдан кўнглим тўлгани йўқ. Ҳали камчиликлар кўп. Ҳозирча ўзимнинг оптимал спорт формамга кира олганимча йўқ. Секин-аста бу камчиликни бартараф этган ҳолда мураббийлар ва мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. 

- “Қизилқум” меҳмонда ўйнашига қарамай жиддий тарзда қаршилик кўрсатди. Рақиб ўйини ҳақида қандай фикр билдирасиз?

- Барчага маълумки, “Қизилқум” таркибида ҳам уч-тўрт нафар тажрибали футболчилар тўп суришмоқда. Қолаверса, улар анча вақтдан бери битта жамоа шарафини ҳимоя қилиб келишмоқда. Навоийликлар ҳам чемпионатда юқори ўринлар учун курашишмоқда. Бугун ҳам рақибимиз ижобий натижани қайд этиш учун сўнгги дақиқаларгача курашишди. Омадимиз чопиб, ғалабани қўлга киритишни уддасидан чиқдик. Бундан ташқари, мухлисларни олдида юзимизни ёруғ бўлиши учун ғалаба қозонишни улардан кўра кўпроқ истаганимиз ва боримизни берганимиз учун ғалаба биз томонда бўлди. 

- Олдинда “Навбаҳор”ни Фарғонада “Нефтчи”га қарши кечадиган “водий дерби”си кутиб турибди. Бўлажак ўйин ҳақида нималар дея оласиз?

- Фарғонада ўтадиган учрашувда ҳам мухлисларимизни хурсанд қилиш ниятидамиз. Албатта “Нефтчи”га қарши Фарғонадаги ўйинда осон бўлмайди. Иккинчи давранинг дастлабки икки баҳсида ғалаба қозонганимиз боис руҳий ҳолатимиз аъло даражада. Ўйиндан-ўйинга янада ёрқинроқ тарзда тўп суришни истаймиз. Шундай экан Фарғонадан ҳам фақат ғалаба билан қайтиб, ишқибозларимиз кайфиятини кўтаринки бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз.