Рўзиқул Бердиев: Йигитларимизни молиявий аҳвол ўйлантираётгани йўқ
Ads

Хабарингиз бор кеча Суперлиганинг 12-туридан ўрин олган “Насаф” ҳамда “Нефтчи” (2:0) жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди. Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида майдон эгалари устози Рўзиқул Бердиев ишитирок этди ва ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Бугунги асосий мақсадимиз ғалаба қозониш эди. Бу ғалаба жамоамиз учун жуда зарур эди. «Нефтчи» жамоасининг охирги ўйинини ўрганганимизда шу нарсага амин бўлдикки, рақибимиз беш нафар ҳимоячи билан ўйнаб, Қўқонда бир очкони қўлга киритганига гувоҳ бўлдик. Бугунги учрашувда ҳам шундай бўлишини тахмин қилган эдик. Шундай ҳам бўлди. Биз ҳам бундай ўйинга тайёрланиб, бугунги ўйинни ташкил қилдик. Жамоамиз вазиятлар ярата олди ва учрашувнинг сўнгги дақиқаларида гол уриб, ғалабага эришдик. Яна қўшимча тарзда шуни айтаманки, биз биринчи голдан кейин бутун ўйин давомида яратган вазиятлардан кўпроқ вазиятлар ярата олдик. Албатта биринчи гол бизга руҳий устунликни берди. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга ўз ташаккуримни билдираман. Кейинги натижаларимизга қарамасдан улар бизни қўллаб-қувватлаш учун бугун стадионимизга келишди. Уларнинг ҳам бугунги ғалабада катта ҳиссалари бор.

Дониёр Нарзуллаевга яна ишонч билдирганимиз, Славко Лукични ўзларингиз биласиз барча ўйинларимизда майдонга тушмоқда эди. Мақсадимиз унга дам бериш эди. Аммо Нарзуллаевнинг биз кутган ўйини чиқмагач, яна Лукични майдонга туширишга мажбур бўлдик. Албатта у ўйинимизни кучайтира олди.

Жаҳонгир Алиев ҳам бугун яхши ўйин намойиш этди. Биз буни кутаётган эдик. У бугун биз кутгандек, талаб қилгандек ўйин намойиш этди. Унинг камроқ майдонга тушаётганига сабаб, мавсум бошида жароҳати сабаб бизга ёрдам бера олмади. Қатнашган ўйинларидаги ҳаракатлари эса бизни қониқтирмади. Агар Жаҳонгир бугунгидек ўйин кўрсатаверса, биз унга доим ишонч билдирамиз.

Шуни ишонч билан айта оламан. Йигитларимизни молиявий аҳвол ўйлантираётгани йўқ. Бу ҳақда ўйлашгани ҳам йўқ. Аммо ўзларингизга маълум, биз бу йил Суперлиганинг бошқа жамоаларига қараганда кўпроқ ўйин ўтказаяпмиз ва биз учун ўйинлар тақвими ҳам жуда тиғиз. Ҳисоблаб кўрсангиз, қирқ кунда ўнта ўйин ўтказдик. Ўйлаб кўринг, шунча ўйинда бир хил таркиб билан ўйнаш бари бир толиқишга олиб келади. Бу оғир. Кўплар ўйлаши мумкиндир, молиявий қийинчилик салбий таъсир қилаяпти деб, бундай эмас. Биз бугун футболчиларимизга уч кунлик танаффус эълон қилдик. Чунки олдимизда терма жамоамиз ўйини сабаб, танаффус вужудга келди. Бу вақт футболчиларимизнинг тикланишига ёрдам беради. Кейин биз албатта олдинги ҳолатимизга қайтамиз.

Биз ҳақимизда кўплаб гаплар чиқаяпти. Аслида биз иғво гапларга кўп ҳам эътибор қаратмаймиз. Қайсидир ўйинчимиз кетиши ҳақида кўп сўрашади. Футболчининг келиши кетиши, бу футболнинг бир бўлаги. Яъни футболдаги бор нарса. Аммо такрор айтаман, агар қайсидир ўйинчимизнинг трансфери орқали клубимизга жиддий фойда бўладиган бўлса, буни амалга оширамиз. Биз албата унинг ўрнини бошқа ўйинчи билан тўлдирамиз. Акс ҳолда, бу ўйинчи ўзимизга ёрдам бергани маъқул. Лекин бизга ҳали ҳеч қандай расмий таклиф бўлгани йўқ.

Жасур Ҳасанов ҳақида. У оёғидаги оғриқдан шикоят қилган эди. Шунинг учун биз таваккал қилишни ҳоҳламадик ва унга тикланиш учун кўпроқ имкон бердик.

Тошкентга сафарим ҳақида. Яширмайман, Тошкентга Умид Маҳаммаджоновичнинг таклифлари билан боргандим. У киши билан самимий ва мазмунли суҳбат бўлди. У киши клубимиздаги аҳвол билан ҳам қизиқдилар. Албатта бу борада ёрдам беришларини ва келиб вазият билан яқиндан танишишларини ва ўйинимизни томоша қилишларини айтдилар”, - дейди “Насаф” бош мураббийи.