Сардор Рашидов: Ўзимни юлдуз деб ўйласам, катта хато
Ads

Ўзбекистоннинг кўзга кўринган футболчиларидан бири Сардор Рашидов бу йил “Локомотив” сафида тўп суриб мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Кўпчилик эса уни миллий терма жамоамиз учун муҳим футболчи деб ҳисоблашади. Бироқ охирги пайтларда терма жамоамиз устози Эктор Купер уни йиғинларга чақирилмаётганди. Албатта, бунга унинг жароҳати ҳам сабаб бўлди, бироқ мураббий томонидан танқид ҳам билдирилди. Бунга футболчининг ўзи қандай фикрда? Хуллас, Сардор билан гаплашадиган мавзулар кўп эди. Бунинг устига у фаолиятини яна хорижда давом эттириш илинжида юрибди. “Локомотив”ни тарк этиши ҳақида ҳам мазкур суҳбатда маълум қилди. Бир сўз билан айтганда, Рашидов билан бир қанча масалалар устида гаплашдик ва умид қиламизки, ушбу суҳбат сизни беэътибор қолдирмайди.

“Ўзимни кўрсатиш учун тўлиқ имконият берилмаганидан қониқмадим”

- Чемпионлик қўлга киритилганидан кейин оила даврасида дам олиш янада мароқли бўлса керак?

- Бундай муваффақиятдан кейин ҳар қандай футболчи ҳам ўзини яхши ҳис қилади. Ўзбекистонда иккинчи бор чемпионликка эришганимдан хурсандман. Лекин бу йил “Локомотив” жамоаси оғир мавсумни ўтказди. Чунки аксарият клубларга бизга қарши кучли ўйин кўрсатишди. Аммо биз охиригача совуққонлик билан ўйнадик ва мақсадимизга эришдик.

- Бу йил чемпионат регламенти янгича тузилди ва бунга асосан мавсум ўртасига келиб “олтин очколар” тизими ишга тушди. Мабодо, бу нарса қўлланилмаганида ҳам “Локомотив” чемпион бўла олармиди?

- Бунисини билмадим. Аммо бундай бўлмаган тақдирда ҳам биз ҳаракат қилардик.

- Лекин сиз “Локомотив”нинг барча учрашувларида тўлиқ иштирок этганингиз йўқ. Статистика шуни кўрсатяптики, сизнинг ҳисобингизда 23 та ўйинда 8 та гол бор.

- Тўғриси, тўлиқ ўйинларда иштирок эта олмаганим мени қониқтиргани йўқ. Бунинг устига жароҳат ҳам орттириб олгандим. Яна бир гап: менга ўзимни кўрсатиш учун 100 фоиз имконият берилмади. Бундан эса табиийки қониқмадим. Бу футболда бўлиб турадиган нарса. Бир мавсум яхши ўйнасангиз, кейинги мавсум ҳеч нима ўхшамаслиги мумкин. Аммо менга бундан ҳам кўпроқ имконият берилганида голларим бундан-да салмоқли бўларди ва тўпурарликка ҳаракат қилиб кўришим мумкин эди.

- Ўзингизга етарлича имконият берилмагани борасида бош мураббий билан гаплашмадингизми?

- Гаплашдим. Мураббий нима дерди? Ҳар бир мураббийнинг ўз тактикаси ва дунёқараши бор.

- Жорий мавсумдаги формат сизга ёқдими?

- Форматга унчалик эътибор берганим йўқ. Чемпионат қандай форматда ўтишидан қатъий назар жамоалар ўз мақсади сари курашиши керак. Якунда эса форматни ёки бошқа нарсани баҳона қилмаслик лозим. Футболчи майдонга чиқдими, фақат футбол ўйнасин. Форматни эса ҳеч нимага алоқаси йўқ. Бу муҳокама қилинадиган мавзу эмас. Сизни қандай ўйнаётганингиз ва қанақа натижалар кўрсатаётганингизни билиш учун турнир жадвали бор.

“Локомотив”дан кетдимми? “Ҳа”!

- Сиз хорижга кетишга роса уриндингиз. Аввалига қишда кетмоқчи бўлдингиз, кейин эса ёзда сафарга отланишга ҳаракат қидингиз. Лекин мавсумни охиригача “Локомотив”да якунладингиз. Режангиз амалга ошмагани кайфиятингиз ва ўйинингизга ҳам таъсир ўтказмаганмиди?

- Йўқ, у қадар катта таъсири бўлмади. Барибир ҳар бир футболчининг ўз орзуси бўлади. Айниқса, Европага кетишни истаб қолади. Энди шуни очиқ айтишим мумкинки, мен учун арабларнинг чемпионати унчалик қизиқ эмас. Чунки у ерда ўйнаб бўлганман. Икки йил давомида ярим ҳимоячининг 30 та гол уриши қийин вазифа деб ўйлайман. Шу боис энди қизиқишим фақат Европа томонларга қаратилган. Афсуски, ёзда уринишларимиз ўхшамади. Энди насиб қилса, қишда яна ҳаракат қилиб кўрамиз. Яна хорижга кетиш ниятим бор.

- Демак, бу йил “Локомотив”даги охирги фаолиятингиз бўлдими?

- Ҳа, шундай.

- У ҳолда қачон сиз ҳақингизда янгиликни эшитамиз.

- Насиб қилса, яқин кунларда.

- 27 ёшни қоралаб бўлгансиз. Бундай ёшда Европага кетиш сизга тўсқинлик қилмасмикин? Одатда бундан-да ёш ва иқтидорли ўйинчиларга қизиқиш катта бўлади.

- Европада 2-3 йил ўйнаб келишим учун вақт бор деб ўйлайман. Тўғри, Европага қанча эрта кетса, ўйнаш учун имкониятлари кўпроқ бўлади. Ўйлашимча, ёшнинг катта фарқи йўқ, ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ.

“Ўзимни юлдуз деб ўйласам, катта хато!”

- “Локомотив”да бу йил 27-рақам остида тўп сурдингиз. Бу айнан ёшингиз билан боғлиқ эканда-а?

- Йўқ, менга бўш рақамлиги учун 27 ни беришганди. Рақамни олганимдан кейин бу ўхшашликни билдим. Ҳаммаси тасодиф.

- Нима деб ўйлайсиз, футболчига рақамнинг қанчалик аҳамияти бор?

- Рақам ҳеч қачон футболчини машҳур қилмаган. Аксинча, футболчи рақамни машҳур қилган. Ўйинчи майдонга тушиб фақат ўз ўйинини кўрсатиши керак.

- Кўпчилик сизни ўзбек футболининг юлдузларидан бири дейишади. Хўш, ўзингизни қанчалик юлдуз деб ҳисоблайсиз?

- Мухлисларнинг менга қаратаётган эътиборларидан хурсандман. Аммо ҳеч қачон ўзимни юлдуз деб ҳисобламаганман. Мабодо, шундай фикрга борсам катта хатога йўл қўйган бўламан. Мен доимо мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Чунки ишқибозларсиз бундай даражага эриша олмасдим.

- Чемпионатимизда ўйнаётган футболчиларнинг ҳаммаси ўзини профессионалмиз деб ҳисоблашади. Аммо бундай гаплар кўпинча қуруқ оғизда қолиб кетади. Легионер бўлиб ўйнаб юрганлар эса профессионал деган тушунчанинг моҳиятини яхшироқ тушунишади деб ўйлаймиз. Сизнинг фикрингизча, профессионал футболчи қандай бўлиши лозим?

- Профессионал бўлиши учун футболчи ўз ишига 100 фоиз ёндашиши керак. Нафақат машғулотларда, балки ҳамма жабҳада. Шунда у профессионаллик сари интилаётган бўлади. Биздаги футболчилар орасида профессионаллари ҳам, нопрофессионаллари ҳам бор. Очиғи, футболчиларимиз ҳақида бир нима дейиш қийин. Кимгадир оғир ботиши мумкин.

- Шунингдек, сиз легионер мақомида ўйнаб сифатли майдонларни ҳам кўп кўрдингиз. Бундай пайтда ўзимиздаги майдонлар билан солиштириб кўрсангиз керак-а?

- Араб мамлакатларида чиндан ҳам бизга қараганда майдонларнинг сифати зўр. Ҳар ҳолда уларда эътибор кучли. Қолаверса, маблағлари ҳам кўп. Шунинг ҳисобига майдонлари яхши ҳолатда, ҳақиқий профессионаллар. Тан олиш керак, бизга нисбатан фарқи катта.

- Шу пайтгача кўплаб стадионларни кўрдингиз ва у ерларда ўйнадингиз. Айтинг-чи, қайси стадионда этингиз жимирлаб кетган?

- (ўйланиб) Ўзимизда шундай бўлган. Жаҳон чемпионатининг охирги саралаш босқичида миллий терма жамоамиз иштирокида Эрон ҳамда Сурияга қарши ўйинларда шундай ҳолатни ҳис қилганман. Ўшанда стадион мухлислар билан лиқ тўлганди.

“Ҳатто Месси билан Роналду ҳам ҳимояга қайтиб 100 фоиз куч билан ўйнай олишмайди”

- Бунгача энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири сизни терма жамоа йиғинларидан четда қолаётганингиз билан боғлиқ эди. Бунинг сабабини билишга қизиқиб кўрмадингизми?

- Биринчидан йиғинга чақирса ҳам мендан фойда йўқ эди. Чунки жароҳатда эдим. “Пахтакор” билан ўйиндан олдин жароҳат олгандим. Лекин терма жамоа мураббийларининг мен ҳақимда қандай фикрдалигидан хабарим йўқ. Аммо ўз тушунчам бўйича йиғинга чақирилмаганимни жароҳат билан изоҳладим.

- Лекин Эктор Купер сиз ҳақингизда гапирар экан, ҳимояга қайтиб ёрдам бермаяпти, дея танқид остига олганди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Ўйлашимча, дунёда ҳали ҳимояга ҳам қайтиб, ҳужумга ҳам ўтиб 100 фоиз кучи билан ўйнай оладиган футболчи бўлмаса керак. Ҳаттоки, Месси билан Роналдуда ҳам бундай жиҳат йўқ. Ҳар бир ўйинчининг ўзига яраша услублари бор. Агарда мендан ҳимояга қайтиб ёрдам беришни хоҳлаётган бўлса, қўлимдан келганича унинг талабини бажаришга ҳаракат қиламан.

- Умуман олиб қараганда, унинг ҳимоявий тактикаси сизга ёқяптими?

- Ҳимоявий тактикада бирданига қарши ҳужумга ўтиб кетишда бўшлиқлар пайдо бўлади. Бундай услуб ҳаммага ҳар хил, менга эса тўғриси 50х50.

- Лекин футболчиларимиз Купернинг услубига мослашиши жуда қийин кечяпти. Бу ҳолат сизга ҳам сезилаётгандир...

- Чунки бизнинг футболчиларимиз бундай услубда ўйнашмаган. Эътибор беринг, терма жамоага “Пахтакор”дан ва “Локомотив”дан 7-8 нафардан ўйинчиларни чақиряпти. Лекин ўша футболчилар ички чемпионатда ўз жамоасида ҳимоявий ўйин кўрсатишмайди. “Локомотив” ҳам, “Пахтакор” ҳам фақат ҳужумкор ўйнашади. Бундай тактикада ўйнаган футболчиларнинг бирданига ҳимоявий тактикага мослашишлари осон эмас. Демоқчиманки, ўйинчиларнинг ўзларига ҳам қараш керак, яъни, улар нималарга қодир, қандай услубларда яхшироқ ўйнай олишади? Шуларни ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак. Бизда ҳамма ўйинчи ҳужумкор тактикада тўп суришади. Лекин ўйлаймаки, Осиё Кубогигача футболчиларимиз Купернинг тактикасига мослашиб кета оладилар. Яна бир ой вақт бор.

- Бир сўз билан айтганда, сиз Эктор Куперга қандай таъриф берасиз?

- Мен ҳозирча у билан битта йиғинда қатнашдим. Ўшанда Купер яхши таассурот қолдирди. Купер футболчиларга эркинлик беради. Барибир у Европа футболини кўрган мураббий.

- Энди ҳаммани ўйлантираётган савол: Сардор Рашидовнинг Осиё Кубогида қатнашиш имконияти қандай? Тўғри, буни мураббий ҳал қилади, аммо ўзингиз бу масалада нима дея оласиз?

- Билмадим. Мени ҳам олиб борса ўйнайман, олиб бормаса телевизор қаршисида ўтириб мухлислик қиламиз.

- Лекин терма жамоамизнинг Ливан ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларидан кейин таркибга барибир Виталий Денисов билан Сардор Рашидовнинг кераклиги ҳақида кўп гапирилди...

- Мухлисларнинг ўзи биз ҳақимиздаги саволларга жавоб беришди. Лекин барибир ҳозир бир нима дейиш қийин. Лекин мени ҳам олиб кетса, қўлимдан келганича ёрдам бераман, зарбаларим билан (кулади).

“Укаларимни ҳам хорижга жўнатмоқчиман”

- Осиё Кубоги кўплаб футболчилар учун катта реклама марказига айланади. Шу томондан олиб қарайдиган бўлсак, бу ҳолат сиз учун қанчалик муҳим?

- Биргина менга эмас, терма жамоадаги барча футболчиларга муҳим. Бу хорижга кетиш учун катта имконият деганидир.

- Рашидовлар футболчилар оиаласи. Укаларингиз ҳам футболчи бўлиб етишишди, дадангиз ҳам футболнинг ашаддий ишқибози. Ўзаро оилавий ўтирганингларда футбол асосий мавзуга чиқадими?

- Албатта, асосий мавзу. Уйга ҳаммамиз йиғилганимизда дадам бизни танқид қилади. Кўпинча камчиликларимиз ҳақида гапиради. Кўпинча бизни ҳали ҳеч ким эмассанлар дейди. Жуда тўғри гап. Биз ҳали ҳеч ким эмасмиз.

- Укаларингиз – Санжар билан Саҳобнинг ўйинлари ҳақида фикрингиз қандай?

- Ўз устида тинмай ишлашлари керак. Айниқса, кичик укам - Саҳоб янада ўсиши керак. Санжар эса ўз жамоасида ўрнини топиб олди, ҳар ҳолда сардор ва нима қилишни ўзи билади. Имконият бўлса, укаларимни ҳам четга жўнатишга ҳаракат қиламан.

- Шунингдек, сизни кино ёки клипларда суратга тушишга қизиқишингиз борлиги ҳақида ҳам эшитгандик...

- Тошкентда бир-икки марта клип ва рекламаларда суратга тушиб беришимни илтимос қилишганида рози бўлгандим. Аслида менинг бунга қизиқишим йўқ. Ҳали футболда ўйнаб, ўз сўзимни айтишим керак.

- Кимнинг клипида роль ўйнадингиз?

- Лоланинг клипида. Ҳозирда футболимиз ҳақида ҳужжатли фильм суратга олишяпти ва мени ҳам шунга таклиф қилишяпти. Аммо ҳозирча бунга вақтим бўлмаяпти. Айтишларича, Ўзбекистонда ҳали бунақаси бўлмаган экан. Қани, кўрамиз.

- Трансфер нархингизнинг суммасига қизиқиб турасизми?

- Йўқ, бу мени қизиқтирмайди.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.