«Саррисмо»да вужудга келаётган 5 хато
Ads

Шу йил ёзида жамоани Антонио Контедан кейин қабул қилиб олган Сарри кўпчиликнинг ҳавотирларига қарамай ажойиб жамоа шакллантирди ва Премьер Лиганинг дастлабки 12 турида мағлубият нималигини билмай келди. Бу янги мураббий учун ўзига хос рекорд натижа бўлди.

«Кўклар» яхши футбол кўрсатиш билан бирга уларга омад ҳам кулиб боқди. Нисбатан кучсиз жамоалар ва хавфли вазиятларни голга айлантира олмаслик қобилиятлари шу пайтгача сезилмай келди.

Аммо «тақачилар»га қарши баҳсда Саррисмонинг ҳар бир заиф нуқтаси борича каттариб кетди ва Жиру майдонга туширилгунига қадар қўлидан ҳеч нарса келмади.

Албатта, ушбу мағлубият «Челси» учун йўлнинг интихоси, ёки мавсум якуни эмас. Келаётган якшанба куни «Фулхэм»га қарши ўйингача йўл қўйган хатоларини қайта кўриб чиқиши ва уларни тузатиши шарт бўлади.

Аммо пайдо бўлган тешиклар қайси жабҳаларда намоён? Қуйида буларни таҳлил қиламиз.

  1. Кантенинг қобилиятидан фойдаланмаслик

Канте ажойиб таянч ярим ҳимоячиси ҳисобланади ва унинг янги шартномаси бўйича энг кўп маош олувчига айланиши ҳақли ҳисобланади. У энди ҳафтасига 290 минг фунт ишлаб клуб юлдузи Азардан ҳам олдинга чиқиб олди.

Ўтган уч йил мобайнида у «Лестер» ва «Челси»га Премьер Лигани ютиб олишга катта ҳисса қўшди. Энг муҳими франциялик футболчи Жаҳон чемпионига айланишга ҳам улгурди. Муаммо шундаки «Лестер»нинг собиқ вакили янги мавсумда таянч ярим ҳимоясида ўйнамаяпти. Клубнинг баъзи жабҳаларида у самарасиз ўйин намойиш қилмоқда.

Сарри ва «Саррисмо»нинг келиши ортидан Канте унга ноодатий бўлган янги позицияда ўйнашга мажбур қилинмоқда. Уч кишилик ярим ҳимояда таянч нуқтасини Жоржиньо эгаллади ва ҳимоя ва ҳужумни боғлашда айнан Саррининг «Наполи»даги шогирди асосий фигурага айланмоқда.

Натижада, Канте ўнг қанот ярим ҳимоясига ўтказилди ва унга ҳужумкорроқ бўлиш вазифаси юклатилди.

«Тоттенхэм»га қарши беллашувда рақиб айнан Кантенинг заифлигидан унумли тарзда фойдаланди ва «Челси»ни жазолади. Боиси, Канте барибир ҳужумжи эмас, шу сабабли кучли рақибга муносиб қаршилик қила олмаслиги аниқ.

  1. Жоржиньо атрофида ўйин қуриш

Сарри «Челси»нинг янги устози сифатида таништирилганидан бир кун ўтиб, клуб «Наполи»да Саррининг муҳим футболчиси вазифасини бажариб келган Жоржиньони олиб келишга ҳаракат қилди.

Мавсум стартида Бразилияда туғилган италиялик футболчи «Челси»нинг етакчи футболчиси мақомида ўзини кўрсата олди. Унинг ақлбовар қилмас узатмалари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.

Аммо кейинчалик инглиз клублари Жоржиньони қандай қилиб тўхтатиш йўлини ўйлаб топишди. Буни биринчи бўлиб «Манчестер Юнайтед» уддалади. Ўша учрашувда Хуан Мата «Стэмфорд Бридж» кечган 2-2 ҳисобидан беллашувда италиялик футболчини қўриқлаб юрди. Халқаро танаффусга чиқиш олдидан «Эвертон» вакили Гильфи Сигурдссон ҳам Мата каби чуқурроқ жойлашиб италиялик футболчига имкон бермади.

«Тақачилар»дан эса Деле Алли бу вазифани бажарди ва Жоржиньога ўзини кўрсатиш учун камроқ майдон қолдирди. Бу эса таянч ярим ҳимоячисининг қобилиятларини чеклаб қўйди.

Кўриниб турибдики, «Челси» таянч ярим ҳимоясида кучлироқ футболчига эҳтиёж сезмоқда. Жоржиньо эса бундай эмас.

  1. Тўпурар ҳужумчининг йўқлиги

«Наполи»да Сарри вингер Дрис Мертенсни марказий ҳужумчига айлантирди ва ундан «алдамчи тўққизлик» сифатида фойдаланди. Кўпчилик Сарридан «Челси»да Эден Азарни шундай позицияга қўйишини кутганди. Аммо бундай қилмаслиги маълум бўлгач, мураббий Алваро Мората ёки Оливье Жирудан ҳужумчи сифатида фойдаланишини билдирди.

Мората октябрь ва ноябрь ойларида тўрт ўйинда тўрт гол уриб озгина бўлсада спорт формасини тиклаб олгандек кўринганди.

Испаниялик ҳужумчи кўп ўйинларда самарасиз бўлмоқда ва жисмоний жиҳатдан кучли Премьер Лигага мослашиб кетишда ҳануз муаммога учрамоқда.

Унинг муқобил варианти Жиру эса Сарри томонидан унчалик хушлангани йўқ. У фақатгина Моратага ўринбосар вазифасини бажармоқда. Француз футболчиси ўнинчи ўйинидаги дастлабки голини уришга эришди.

  1. Эден Азарнинг ўйинидаги пасайиш

«Челси»нинг ажойиб стартни ўтказишига ягона сабаб Азарнинг Мундиалда кўрсатган юқори спорт формасини клубда ҳам давом эттиргани бўлди.

Унинг мавсум аввалида тўрт ўйинда 7 гол урганини Сарри «у ҳали мавсумда 40 гол уради» дея мақтаганди. Аммо бельгиялик футболчининг ўйинида ўшандан кейин пасайиш юз берди.

Жоржиньо каби, жамоалар Азарни ҳам тўхтатиб қолишнинг уддасидан чиқишди. Буни сўнгги вақтлардаги ўйинлар исботлайди.

«Мачнсетер Юнайтед», «Кристал Пэлас», «Эвертон» ва «Тоттенхэм»га қарши ўйинларда бельгиялик футболчи фақатгина бир голга узатма бера олди. 9 зарба ва 15 хавфли вазиятлар яратганига қарамай Азарнинг кўрсаткичи қониқарсиз аҳволга тушиб қолган.

Бунга жароҳатлар ҳам сабаб бўлиши билан бирга, 27 ёшли футболчи Мората билан ҳамкорлик қилишнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Иккаласи шу вақтгача бирорта гол уришмаган. Еттита голнинг барчаси Жиру билан урилган.

  1. Ротациянинг йўқлиги

Мавсумнинг 12 ўйинида Сарри «Челси» учун енгилмас формулани ишлаб чиқди ва буни ҳатто Карабао Кубоги ва Европа Лигасида ҳам бирорта футболчини ўзгартирмасдан фойдаланиб келди.

Ротациясиз ўйнашнинг ёмон томони «Тоттенхэм»га қарши беллашувд ўз юзини кўрсатди. Мавсум бошидаги Community Shield мусобақаси билан бирга «Челси» 20 ўйин ўтқазди ва бу учрашувларда 25 футболчининг хизматларидан фойдаланилди.

Шулардан 14 нафари барча мусобақаларда 500 дақиқадан сал кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлган.

Саррининг ротацияни қўлламаслиги ва захира футболчиларига ишончи пастлиги туфайли «кўклар» ишлар юришмаётганида уларга ёрдам берадиган жиддий футболчига эҳтиёж сезмоқда.