Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Футболсиз ҳаёт. Ўнинчи боб

 

Футбол жамиятига мен "Манчестер Юнайтед"га жон-дили билан берилган фанатик бўлиб кўринсам керак. Лекин вужудимни қамраб олган ишдан ташқари менинг кўплаб хоббиларим бор эди. Мия фаолиятини чиниқтириш учун китобларим бўларди , ертўлада эса яхши вино сақлардим.

Менинг футболга оид бўлмаган ҳаётим бошқалар учун маҳфий бўлиб келган. Бу дунёга мен Керрингтондаги машғулот тугагач ёки навбатдаги матч ўйнаб бўлиниб, таҳлил қилиниб, архивга жўнатилгач қайтардим. Охирги ўн йилларда мен бор диққат эътиборимни "МЮ" бошқарувини эффектив қилувчи машғулотларга қаратдим. Мен қаттиқ ғайрат меҳнат қилиб, мия ҳужайраларини хилма-хил тарзда ишлатдим. Менинг бўш вақтим уйда ўтарди. Диктаторлар биографиясидан бошлаб Жон Кеннеди ўлими ва виноларим ҳақидаги маълумотларгача ўқиб чиққанман.

Вақт келиб, инсон муваффақиятларга эришса ёки бой бўлиб кетса, унинг дунёқараши ўзгаради. Ёшлигимда мен бир неча ғоявий принципларни ўзлаштириб олдим, ва ҳаётга улар ёрдамида қарайдиган бўлдим. Мен ҳеч қачон лейбористларнинг қўғирчоғи бўлишга, уларнинг сайлов кампанияси пайтида кўзга ташланиб туришга интилмадим. Лекин лейбористларнинг маҳаллий бир депутатини қўллаб-қувватлардим. Кэти айтардики, агар мен сиёсатга аралашадиган бўлсам, мени ўз ҳолимга қўйишмасди. Лейбористлар партиясини, социализм принципларини қўллаб-қувватлашни ҳеч ёмон жойи йўқ, лекин сиёсий фаолга айланиш - бу бутунлай бошқа нарса. "Манчестер Юнайтед" мураббийи учун вақт олий ҳакам. Сайлов участкасида бюллетенга лейбористларга плюс қўярдим, ва улар томон эканлигимни ҳеч яширмасдим. Ахир сиз мени Дэвид Кэмирон билан ёнма-ён ўтирганимни кўргандирсиз? Мени парламентнинг лейборист аъзоси ёнида учратиш мумкин эди. Менинг қўшган ҳиссам ҳам фақат шу.

Дўстим Алистер Кемпбелл билан мени шотланд футбол журналистикаси отахони Жим Роджер таништирган. Роджер шунингдек лейбористлар премьер-министрларининг ваколатли шахси ҳисобланарди. У мендан ўша пайтда Mirror ходими бўлган Алистер билан гаплашиб кўришимни сўради. Биз чиқишиб қолдик, ва у  менга қисқа хатлар ёзишда давом этди. Кейин у Тони Блэрнинг матбуот котибига айланди. Бир куни Алистер, мен, Тони Блэр ва унинг рафиқаси биргаликда манчестернинг "Мидлэнд" меҳмонхонасида тушлик қилдик. 1997 йилги сайловларга бир ҳафта вақт қолганди. Мен Тонига дедим: "Сиз ҳукуматни бир хонага қамаб қўйишингиз мумкин, аммо гап шундаки, ҳукумат барибир ўз билганича йўл тутади. Уларнинг ўз журналистлари, ўз иттифоқдошлари бор. Кабинетни назорат қилиш осон иш эмас".

Тони менинг сўзларимни диққат билан тинглади. Ҳукмронликка эга бўлган ҳар бир киши заиф бўлади. Агарда сен давлатни бошқарсанг, ўз зиммангга улкан жавобгарликни оласан ва ёлғизликка кўникасан, худди мен каби. Ишимни тугатиб, мен бирор бир киши билан суҳбатлашиш илинжида кечалари билан ўтириб чиқардим. Худди қандайдир вакуум пайдо бўлгандек, ва инсонлар унга киришга ҳайиқаётгандек эди гўё. Тони бу йўлга ёшлигидан кириб қолди.

Ҳукмронлик қачон яхшики, агарда сен уни ишлатсанг, лекин ўйлайманки, асосан ишчи оиладан чиққан  футболчиларга бу ёқмайди. Агар хоҳлаганимда, мен жамоада ҳокимлик ҳам қилиб кўрардим (шундай қилган пайтларим ҳам бўлган), лекин "МЮ" билан эришган ютуқларимдан сўнг ҳукмронлик ўз-ўзидан меники бўлиб қолди. Четдан қараган одамга қабул қилган улкан қарорларим намойишкорона ҳукмронликдек туюлиши мумкин.

Лейбористлар партияси, ажойиб винолар ва Америка - булар менинг интеллектуал қизиқишларимнинг асосий манбалари. Жон Кеннеди, Фуқаролар уруши, Винс Ломбарди ва машҳур американча тўп ўйинлари - булар футбол босимидан мени қутқаришарди. Америка маданиятига мен Нью-Йоркдан кошона сотиб олганимиздан сўнг қизиқа бошладим.  Манхэттен халқаро учрашувлар олдидан дам олиш учун ажойиб масканга айланди.

АҚШ доим  мени қизиқтириб келган ва илҳомлантирган. Уларнинг энергияси, имкониятлар кенглиги мени руҳлантирарди. Биринчи марта мен Америкага 1983 йили, "Абердин" илк бор Кубок соҳиблари кубогини ютганида борганман. Таътилда оиламни Флоридага олиб бордим. Ўша вақтга келиб Америка ва унинг тарихи менинг онггимга сингиб бўлганди. Кеннедини Далласда 1963 йили отиб ўлдиргани ҳамон ёдимда қолган. Кейинчалик менда детективлик қизиқиш пайдо бўлди: қандай қилиб уни ўлдиришган, ким ва нима учун. Мен жаҳонни ларзага келтирган ўша кунни яхши эслайман. Жума куни эди, биз дўстларимиз билан рақсга кетмоқчи бўлиб тургандик., мен ваннада соқолимни олаётгандим. Отамнинг қулоқлари оғирроқ эди, улар мендан: "Жон Кеннедини отиб ўлдиришгани ростми?" деб сўради. "Йўқ, ота, сиз нотўғри эшитгансиз", -  бу гапга унча аҳамият бермадим мен. Ярим соат ўтгач, бу ҳақда барча янгиликларда кўрсата бошлашди. Кеннедени Парклэнддаги шифохонада олиб кетишган.

"Фламинго"даги танцада "Would You Like to Swing on A Star" қўшиғи янграётгани, аммо ҳеч ким хурсандчилик қилмаётгани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Биз тепада ўтириб, ушбу воқеани муҳокама қилардик.

Кеннеди менга ўхшаган ёш йигитларни кумири эди. У хушқомат инсон эди ва бизни ғоялар билан руҳлантирарди. Мен учун у етук сиёсатчи бўлиб қолди. Унинг ўлдирилишига бўлган қизиқишим Стокдаги кечки овқат пайтида рўй берган воқеадан сўнг ўзгача кўриниш олди. Бу ерга Стэнли Мэтьюз, Стэн Мортенсен ва Жимми Армфилдлар етиб келишди. Мен ўйладим: "Бу буюк ўйинчилар ёнида мен нима қилаяпман? Албатта, меҳмонлар мени эмас, Стэнли Мэтьюзни гапларини эшитишни хоҳлайди". Овқатланиш пайтида Брайан мендан сўради: "Сизнинг хоббингиз борми?"

"Бўш вақтим кам, - дедим мен, - уйимда снукер столи турибди, гольф ўйнашга қизиқаман, фильмларни томоша қиламан".

У менга визиткасини узатди: "Менинг ўғлимни Лондонда фирмаси бор, янги киноларнинг барчасини унда мавжуд. Фильм керак бўлса, унга қўнғироқ қилинг".

Бир кун олдин мен Уилмслоуда кинотеатрга  JFK фильмига киргандим. "Сиз бу мавзуга қизиқасизми?" - сўради Брайан. Ўшанда мен ушбу қотиллик тўғрисида бир неча китоблар сотиб олишга улгургандим. "Мен кортежнинг ўн бешинчи машинасида эдим", - деди Брайан. У ўша вақт Жон Кеннеди кортежида бўлганини айтди.

"Мен "Дэйли Экспресс" журналисти эдим. Сан-Францискога кўчиб ўтиб, "Тайм" журналида ишладим.  1958 йили мен Кеннедининг маъмуриятига сайловда ишлаш учун сўровнома жўнатдим" - сўзлаб берди Брайан. Жонсон (Линдон Жонсон - АҚШнинг 36-президенти, Кеннеди ўлими куни самолёт бортида қасамёд қилган - изоҳ) қасамёд қилган пайтда Жонсон у билан битта самолётда бўлган экан.

1991 йили биз Кэти билан АҚШга бордик. Тўйимизнинг йиллиги муносабати билан Чикагони, Сан-Францискони, Гавай оролларини, Лас-Вегасни саёҳат қилдик. Шунингдек Техасдаги дўстларимизникида меҳмон бўлдик ва саёҳатни Нью-Йорк билан тугатдик. Шундан сўнг биз Америкага деярли ҳар йили борадиган бўлдик. Менинг китобларим коллекцияси ўсиб борарди. Жон Кеннедининг энг аниқ биографияси Роберт Даллек қаламига мансуб бўлса керак. Унинг "Охирига етмаган ҳаёт. Жон.Ф.Кеннеди" китоби - ягона. Даллек Кеннедининг тиббий файлларини кўриш ҳуқуқига эга бўлган.

Кеннедининг уч йиллик бошқаруви жуда катта қийинчиликлар билан боғлиқ: Совуқ уруш, Вьетнам, Кариб инқирози, сегрегация. Соғлиқни сақлаш тизими қизғин муаммолар билан тўла бўлган. Кеннеди иш билан кўмиб ташланган. Қандай қилиб ЦРУ 1969 йили руслар Кубада фаолият юритаётганини аниқлаганини биласизми? Бунга сабаб футбол майдонларининг космосдан туриб олинган тасвири. Кубаликлар футбол ўйнашмасди, ва европалик Генри Киссинджер(изоҳ - АҚШ миллий хавфсизлиги маслаҳатчиси) буни пайқаб қолган. Мана сизга футбол қанчалик муҳим ўйин эканлигини қўшимча исботи.

2010 йили Америка бўйлаб ёзги турне пайтида мен Геттисбергни айландим, ва Фуқаролар урушининг буюк тарихчиси, "Озодлик жангига чақирув" китоби муаллифи Жеймс Макферсон билан бирга нонушта қилдим. Шунингдек мен учун Оқ уй бўйлаб экскурсия уюштирилди. Менга кимдир Фуқаролар урушидаги генераллар ҳақида китоб ҳадя этди, шу сабабли менда ўша жанглар мавзусига қизиқиш уйғонди. Бир куни Гордон Браун мендан нима ўқиётганимни сўради. "Фуқаролар уруши", - дедим мен. У менга баъзи ҳужжатларни жўнатишга ваъда берди. Кўп ўтмай менга 35 та ёзувни тақдим этишди. Улар Фуқаролар урушида флотнинг ролини ўрганган Гари Галлахернинг лекциялари эди. Бу ҳақда ҳозиргача жуда кам маълумот бор

От чоптириш менинг яна бир завқларимдан бири.  Бошқарма собиқ раиси Мартин Эдвардс бир куни менга деди: "Сен дам олишинг керак".

"Ҳаммаси жойида", - жавоб бердим мен. Аммо шу даражага етган эдимки, Кэти ўзингни жонингга қасд қилмоқчимисан, дерди. Ишдан сўнг мен соат тўққизгача уйда телефондан нари кетмасдим, ҳаёлим фақат футболда эди.

Биринчи отимни мен 1996 йили сотиб олганман. Тўйимизнинг 30 йиллиги муносабати билан рафиқам иккимиз Челентенга бордик. У ерда мен жуда ажойиб инсон, отлар мураббийи Жон Мулерн билан танишиб қолдим. Кечки овқатни биз Лондонда тановул қилдик, ва мен Кэтидан сўрадим: "От сотиб олсам, нима дейсан? Бу мени чалғитармиди".

"Отни қаердан топасан?  - деди у. - Алекс, муаммо шундаки, вақти келиб сен бунга ружу қиласан.

Отда чопиш менинг овунчиғимга айланди. Офисда сўлиб, қўнғироқларга вақт кетказиш ўрнига, энди ипподромга йўл олишим мумкин эди. Бу машғулот менга футболдан зўриққан пайтларим аз қотди. Мен отимни бобом қурган кема номи билан атадим - Куинсленд Стар. Мураббийлар ҳеч қандай ютуққа эришолмаган от эгалари ҳақида айтиб беришарди. Менда эса 60 ёки 70 та ғалаба бор, ва 30 от улушим ҳам мавжуд.

Рок оф Гибралтар жуда ажойиб от эди. У биринчи чопиш категориясида қаторасига етти марта ғалаба қозонган ягона от ҳисобланарди. Ушбу от ирланд компанияси "Кулмор Рэйсинг" розилиги билан менинг рангларим остида ҳаракат қиларди. Мен отга бўлган ҳуқуқларнинг ярми ўзимга тегишли, деб ҳисоблардим. "Кулмор" эса ютуқ пулларининг ярми менга тегишлилигини таъкидларди.  Биз буни ҳал қилдик. Икки томонлама тушунмовчилик бўлгани аниқлангандан сўнг муаммо ўз ечимини топди.

От чоптириш, китоб ўқиш ва вино коллекциялаш - булар мени ишдан чалғитишга ёрдам берарди. Винога мен 1997 йилдан қизиқа бошладим. Бу қизиқиш менга футболдан танаффус қилишга кўмак бўлди. Вино сотиб олишни қўшним Фрэнк Коэн билан бирга бошладим. У замонавий санъат коллекционери эди. Фрэнк бир неча муддат ҳорижга кетди, ва мен алоҳида шуғулланишда давом этдим. Бу соҳада эксперт бўлмасам ҳам, винони яхши тушунаман. Винони татиб кўриб, унинг бир қанча хислатларини айтиб бероламан.

Изланишлар йўлида мен Бордо ва Шампань вилоятигача бордим, лекин асосий билимларни китоблардан ҳамда коллекционер ва сотувчилар билан суҳбат чоғида олдим. Мен вино ёзувчиси ва телебошловчи Оз Кларк ҳамда вино сотувчиси Жон Армит билан бирга  тушлик қилдим. Улар узумлар ва вино йиллари ҳақида гапириб беришди. Балким, мен узум ҳақида кўпроқ маълумот олишим керакдир. Мен кўпроқ амалий томондан тараққий этардим.

2010 йили кузда мендан нафақа ҳақида сўраб қолишди. 70 ёшда бекорчилик одатдаги тартибни бузиши мумкин. Сиз ўзинггизга машғулот топишингиз керак  бўлади. У ойлик танаффусдан кейин эмас -  шу заҳотиёқ. Бир нарсага эришиш учун ёшлик даврида 14 соатлаб меҳнат қилиш шарт. Сиз ўзинггиз учун меҳнат низомини хоҳлаганингиздек белгилайсиз. Агар оилангиз бўлса, меҳнатларингиз роҳатини болаларингиз кўради. Ёшлик даври барқарор келажак қуриш учун ажратилган вақт. Ёш ўгач, энергияни ўйлаб тақсимлашга тўғри келади. Доим формада бўлинг. Яхши овқатланинг. Мен кўп ухламасдим, 5-6 соат менга етарли эди. Баъзилар уйқудан туриши билан, яна қайда уйқуга кетади. Мен ҳеч ундай қилмаганман. Уйғонганимдан сўнг шу заҳотиёқ сакраб ўрнимдан тураман. Вақтимни бекорга кетказиб ётмайман.

Уйғондингизми, демак сиз ўз уйқу нормангизни бажарган бўласиз. Мен соат олтида турардим, баъзан эса 6.15 да ва 7.00 да базада бўлардим. 15 дақиқалик йўл. Ушбу тартибни ҳеч ўзгартирмасдим. Мен ҳарбий авлоддан чиққанман. Улар айтишарди: "Дунёга келдингми - демак сен ҳамма нарсага тайёрсан". Кутубхонага, бассейда чўмилишга ва футбол ўйнашга бориш мумкин эди. Ота-онам ишда бўларди, менга эса бувим қарарди. Мен улғайдим ва ўзим учун ўзим қайғурадиган бўлдим. Ойим айтарди: "Мана фарш, мана картошка. Тўрт яримгача тайёр қиласан". Уларнинг ишдан келишига ҳаммасини тайёрлаб қўярдим. Ахлат тўкиш ҳам менинг вазифамга кирарди. Мактабдан келиб, айнан шу ишлар билан банд бўлардим. Кечроқ, соат еттиларда, укам иккаламиз уйга вазифага киришардик. Замонавий цивилизациянинг неъматларисиз оддий ҳаёт.

Ҳозир эса одамлар беқувват. Улар докларда ёки шахталарда бўлмаган, жисмоний меҳнат билан шуғулланмаган. Ҳозирги замон оталари болаларига кўпроқ эътибор қарата олади. Улар оилавий тадбирларда кўп бўлишади, болалари билан дам олишга боришади. Мен ҳаётим давомида бирор марта ҳам ўғилларимни саёҳатга олиб чиқмаганман. Мен уларга айтардим: "Йигитлар, бориб ўйнайверинглар". Абердинда уйимиз олдида мактаб майдончаси бор эди, болалар куни бўйи ўша ерда бўлишарди. 1980 йилгача бизда видеомагнитофон бўлмаган. Тош даври. Прогресс бизга CD, DVD дискларни ҳамда компьютерда фэнтэзи жамоасини тузувчи невараларни ҳадя қилди.

Мен фарзандларимга етарлича эътиборда бўлмаганман. Кэти эса улар билан шуғулланган, чунки у ажойиб она. Кэти айтарди: "Улар 16 га кирса, ота-ўғил бўлишади". Бу ҳақиқат. Уч ўғлим ҳам улғайиб бир-бири билан жипслашишди. Бу мени жуда қувонтирди. "Мен нима дегандим?" - эслатди Кэти. 

"Лекин уларни дунёга келтирган сенсан", - дедим мен унга.

"Агар мен уларга сен ҳақингда бирор бир ёмон сўз айтганимда, улар мени қатл қилишарди. Босс ҳамон сенсан", - деди Кэти.

 Муваффақиятга эришиш сир эмас. Масаланинг учи - бу тарбия. Малкольм Глэдуэлланинг "Сирлар. Муваффақият тарихи" китобинини оддийгина қилиб "Тарбия", деб номласа ҳам бўлади. Мисол тариқасида Карнеги ва Рокфеллер келтирилган. Айниқса Рокфеллернинг кўрган-кечирганлари менга ёқади. Унинг оила аъзолари эпчил ва диндор  бўлишган. Кунларнинг бирида, черковда садақа учун пул йиғилган. Ҳар бир киши бир доллардан патнис устига қўйган. Шунда Рокфеллернинг ўғли отасидан сўраган: "Бирданига бир йил учун 15 доллар қўйсак бўлмайдими?"

"Бўлади, лекин биз уч доллар йўқотамиз", - деб жавоб қайтарган унинг отаси.

У ўз хизматкорига каминни доимгидан бир соат кўпроқ ёқиш усулини ўргатган. Ва у миллиардер бўлди.

Оғир меҳнат Рокфеллерда тежамкорликни тарбиялади. У бекорга харажат қилмасди. Бундай фазилат менда ҳам мавжуд. Ҳатто невараларим тарелкаларида овқат қолдирса, мен уни еб қўяман. Тарелкада ҳеч нарса қолмаслиги керак - бу менинг одатим. Ўғилларимни ҳам худди шундай тарбиялаганман.

Албатта, тарбия ва стресс танга таъсир қилади - айниқса, ёш ўтган сари. Шу сабабли менда юрак билан боғлиқ муаммолар пайдо бўла бошлади. Бир куни эрталаб спортзалда шуғулланаётганимда, пульсометр менинг пульсим 90 дан 160 тагача ураётганини кўрсатди. Мен пульсометр бузилиб қолибди, деб ўйлаб, мураббий Майк Клегга шикоят қилдим.  Биз бошқасини ишлатиб кўрдик. Худди шу натижа. "Сен докторга кўринишинг керак, бу хавфли", - маслаҳат берди Майк.

Доктор мени Дерек Роулэндсга йўналтирди. Менда фибрилляция аниқланди. Электрошок билан даволанишни маслаҳат беришди. Етти кундан сўнг мен ўзимга келдим. Кейинги ўйинда биз ютқаздик, ва муаммолар яна қайтди. Мен бунда футболчиларни айбладим. Даволаниш 50-60 фоизга ёрдам берди, лекин кескин чоралар кўришлик кераклини тушундим. 2002 йили кечган операция муваффақиятли якунланди. Мен мониторда ҳаммасини кузатиб турдим. Қон оқими қандай тарзда сачраганини ҳеч эсимдан чиқмайди. Мосламани 2010 йили алмаштиришди. У саккиз йилга етадиган. Иккинчи марта мен бутунлай наркоз ҳолатида эдим. Консультация вақтида менга доимги ҳаётимни давом эттиришим мумкинлигини айтишди: машғулотлар қилиш, ишлаш, вино ичиш.

Тан оламан, биринчи ҳодиса мени издан чиқарди. Ўтган йили медосмотрдан ўтдим: мен  48 ёш параметрларига қайтибман. Мен яна ажойиб формада эдим. Ритм мосламаси ёрдамида яна 12 ой яшадим. Вақт ўтиши билан барчамиз заифлашамиз. Ҳаётни ўзи эсанкиратиб қўймагунча, биз ўзимизни метиндек мустаҳкам, деб биламиз. Ёшлигимда мен қанот чизиғида ҳар бир тўпга ташланардим. Йиллар ўтиши билан оғирроқ бўла бошладим. Охирида эса вазиятни четдан кузатадиган бўлдим. Лекин баъзи бир учрашувларда ўзимни кўрсатардим ҳам.

Соғлиқ ҳақида шуни айтишим мумкинки, сиз ўзинггизни ёмон ҳис қилдингизми, бунга бефарқ қараманг. Докторларга қулоқ тутинг. Кўриклардан ўтинг. Вазнингизга эътибор беринг ва тўғри овқатланинг.

Мен сизни ишонтириб айтаманки, китоб ўқиш - бу ҳаёт қийинчиликларидан чалғитувчи восита. Агар менинг уйимда меҳмон бўлсангиз, президентлар, премьер-министрлар, Нельсон Мандела, Рокфеллер, ораторлик маҳорати, Никсон ва Киссинжер, Браун, Маунтбаттене, Черчил, Клинтон, ЖАР ва Шотландия тарихи мавзуларидаги турли хил китобларни кўришингиз мумкин. Гордон Брауннинг шотланд социалисти Жеймс Макстон ҳақидаги китоб ҳам мавжуд. Шунингдек, кутубхонамда Кеннеди тўғрисида  барча маълумотлар бор. Кейин эса золим ҳукмдорлар мавзуси машҳур. Одамзод нималарга қодир эканлиги мени доим қизиқтириб келган. Соддароқ асарлардан Эдмунд Хиллари ва Дэвид Найвенларни мисол келтиришим мумкин. Яна жиноятчилар ҳақида "Крейенлар" ва "Америка мафияси" номли китобларни учратиш мумкин.

Мен спортга ишим давомида берилиб кетганим боис спорт литературасига қизиқмасдим. Аммо бир нечта классик китоблар жавоним полкаларида турибди. "Ғурур ҳали аҳамиятга эга" асарини, "Грин Бэй Пакерс" буюк мураббийи Винс Ломбарди биографиясини  ўқиётиб, мен ўйлаб қолдим: "У мен ҳақимда ёзган. Мен худди Ломбардини ўзиман". Мен Ломбардини бир буюк мулоҳазасини тан оламан: "Биз ютқазмадик, балким вақт камлик қилди".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!