Сергей Юран SPORTS.UZ мухбирига: "Ўзбекистоннинг 2 та клубидан таклиф олдим, бу ерда ишлаш мен учун ёқимли, Остон Ўруновни "Химки"га чақирмоқчи эдим"
Ёши катта футбол шинавандалари россиялик кўплаб номи чиққан футболчиларнинг ўйинларини кўришган. Жумладан, Сергей Юранни ҳам.
Бугунги кунда 53 ёшни қаршилаган Сергей Николаевич ўзини тўлиқ мураббийлик ишига бағишлаган. Футболчи сифатида каттагина ном қозонган ва эндиликда мураббий сифатида ҳам ўзини кўрсатиш ниятида юрибди.
Хуллас, Сергей Николаевич билан суҳбатлашишимиз учун мавзулар тўпланиб қолганди. Шу боис Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Юран билан алоқага чиқди. Ҳамиша журналистлар учун очиқ мулоқот қилишга тайёр бўлиб келган мутахассис бизнинг таклифимизни ҳам ерда қолдирмади.
- Сергей Николаевич, айтишларича, Ўзбекистонда иш бошлашингиз мумкин экан, шу гаплар ростми?
- Ўзбекистон Суперлигаси анча яхши биринчилик. Тўғриси, менга Ўзбекистондан қўнғироқ бўлиб, қизиқиш билдирганлар ҳам бўлди. Бу қўнғироқларга жавобан агар хизматимга кўз тикаётган жамоа ўз олдига яхши мақсадлар қўйган ва жиддий таклиф билан чиқадиган бўлса, албатта ўйлаб кўришимни айтиб жавоб қайтардим. Бизда Еврокубоклар, сизларда эса Осиё Кубоклари ўйинлари бор. Агар менга иш таклифи билан чиқадиган клуб Осиё Чемпионлар лигаси учун курашиш мақсадида бўлса, бажонидил ишлашга тайёрман. Ўзбекистонда ишлаш мен учун қизиқарли бўлиши аниқ. Қолаверса, яқинда Россия терма жамоаси сизларнинг термангиз билан ўртоқлик беллашувида ўйнади. Ҳамкасбларимдан эшитдим, Ўзбекистонда аксар жамоаларнинг уй стадионлари яхши ҳолатда, инфратузилма ҳам кўнгилдагидек. Энг муҳими, ишқибозларингиз футболни жуда севадилар. Бундай юртда ишлаш мен учун ёқимли бўлиши шубҳасиз. Яна шуни айтишим керакки, олдига жиддий мақсадлар қўядиган клуб менга молиявий томондан ҳам қониқарли таклиф билан чиқса, ўйланиб ўтирмоқчи эмасман. Боя айтганимдек, менга қўнғироқ бўлди. Буни яширмайман.
- Агар сир бўлмаса, айтинг-чи, хизматингизга айнан қайси клуб қизиқиш билдирмоқда?
- Узр, бу саволингизга тўлақонли жавоб қайтара олмайман. Чунки хизматимга кўз тикаётган клуб раҳбарияти билан ҳали ҳаммаси ойдинлашмагунга қадар бирор нарсани ошкор қилмаслик юзасидан келишувимиз бор.
- Эшитишимча, “Андижон” клубини бошқаришингиз ҳам мумкин экан. Бу ҳақиқатга мос тушадими ёки...
- Юқорида қизиқиш борлигини айтдим, лекин айнан қайси жамоалардан эканлигини ошкор қилиш ниятим йўқ. Фақат шуни билдиришим мумкинки, Ўзбекистондаги иккита клубдан таклиф олдим.
- Ўзбекистон футболини кузатиб боряпсизми?
- Суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон Суперлигаси яхши биринчилик эканлигини бежиз айтмадим, албатта, чемпионатингизни кузатиб бораман. Агар жиддий вазифалар қўйиладиган бўлса, клубларда ишлаш имкони туғилар экан, буни рад этмаслигим тайин.
- Яқинда Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртоқлик учрашувида куч синашишди. Ўйинни кўрган бўлсангиз, бу ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ҳа, ўша ўртоқлик ўйинини томоша қилдим. Ўйин даражаси ҳам анча юқори бўлди. Майдонда қизиқарли кураш кечди. Терма жамоангиз кучлилиги, ўз навбатида чемпионатингизнинг савиясидан дарак бериб турибди. Россия терма жамоасига қарши футболчиларингиз яхши тўп суришди. Бу эса ўйинчиларингизнинг даражаси анойи эмаслигидан далолат беради. Учрашув менга ёқди. Гарчи беллашувда ҳисоб очилмай қолган бўлса ҳам майдонда кечган кураш менда яхши таассурот қолдирди. Айниқса, учрашувнинг биринчи ярмида терма жамоангиз бизга анча муаммолар туғдира олди. Бироқ иккинчи бўлимда термамиз ҳаммасини назорат остига олди. Умуман айтганда, мен ўртоқлик беллашувида сифатли ўйин гувоҳига айландим.
- “Химки”даги ишларингиз унчалик юришмади. Айтинг-чи, жамоада қолишингиз мумкинмиди ёки истеъфо сиз томондан қабул қилинган энг тўғри қарор бўлдими?
- “Химки”дан кетишим билан боғлиқ масалани икки оғиз сўз билан ифодалашим мушкул. Раҳбарият томонидан қўйилган вазифани охиригача бажаришга интилдим. Лекин кетишимга бир қанча сабаблар туртки берди. Айнан қандай сабаблар эканлигини гапириб ўтирмоқчи эмасман. Матбуот орқали кетишим хусусида билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг ҳаммасида ҳам жон бор, дея олмайман. Масалан, қайсидир нашр ўғлини ҳам ўйинларга жалб этиш юзасидан раҳбарлар билан ўртада келишмовчилик чиққанини ёзди. Ўз навбатида атрофдаги турли гап-сўзлар урчиб кетгани боис бундай ҳолатда ишлай олмаслигимни тушуниб етдим. Биласизми, жамоадан кетганимдан кейин ҳам мени яна қайта таклиф қилишди. Лекин рад жавобини бердим.
- Ҳамюртимиз Остон Ўрунов билан ўртангизда муаммо юзага келганини кўпчилик билади. Боз устига ўзбек мураббийларидан бири сизга унинг ёши билан боғлиқ ҳолати хусусида айтганлигини таъкидлагандингиз. Агар сир бўлмаса, ўша мураббий ким эканлигини айтиб бера оласизми?
- Мен Остонни “Химки”да учратдим. У билан кўришиб, клубга таклиф қилмоқчи бўлдим. Биргаликда кечки овқатни тановул қилдик. Аммо буларни ҳаммага гапириш ҳам унчалик тўғри бўлмаса керак. Ўртамизда ҳеч қандай муаммо ёки бир-биримиздан хафа бўладиган ҳолат юз бермаган. Унинг ҳақиқий ёши юзасидан менга айтиб берган мураббийни ҳам ошкор қилмоқчи эмасман. Бир қарашда унинг ёши аслидагидан катталиги сезилиб турди, назаримда. Ўз вақтида “Химки”га чақирмоқчи бўлганман. Остон – ажойиб йигит. У шу билан бирга яхши футболчи ҳамдир. Афсуски, биргаликда ишлаш имкони бизда бўлмади. Қисқаси, биз эски қадрдонлардек хайрлашдик. Унинг Россиядаги ишлари нима сабабдан кўнгилдагидек кечмаганлигини билмайман. Фақат шуни айта оламанки, Ўрунов яхши йигит.
- Барибир Остоннинг Россия чемпионатидаги ишлари, жумладан клублардаги фаолияти юришиб кетмаганлиги ёқимсиз. Сизнингча, бунинг асосий омили нимада деб ўйлайсиз?
- Бу саволингизга жавоб беришим қийин. “Химки”га кўчиб ўтиши билан боғлиқ масала юзасидан гаплашганимизда у менда инсон сифатида илиқ таассурот қолдира олган. Менимча, “Спартак”да Ўруновга ўзини кўрсатиш учун етарли даражада имконият ҳавола қилишмаган кўринади. Ваҳоланки, у номдор клубга ўзбек футболининг етакчиларидан бири сифатида келганди. Агар йигитга имкон беришганида албатта “Спартак”да қолиб ўйнаб кетган бўларди. Одатда, футболчи кўп вақтини захира ўриндиғида ўтказар экан, ўзига бўлган ишончни йўқота бошлайди. Остонда ҳам шундай ҳолат юзага келгани табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда уни “Химки”га жалб этишни истагандим. Нега деганда, мен ўз олдига жиддий мақсадлар қўядиган ва курашувчан футболчилар билан ишлашни биламан. Яна такрорлайман: футболчингиз анча иқтидорли. Ҳали у олдингидек ўз ўйинини топиб кета олади. Эҳтимол, Россиядаги фаолияти яхши чиқмаган бўлиши мумкин. Аммо Остон Ўрунов терма жамоасига яқиндан ёрдам бериб келишда давом этмоқда. Инсонийлик ва спортчи нуқтаи-назаридан олиб қараганда ҳам у яхши инсон. Мен буни Остонни яхши билганим, юзма-юз ўтириб гаплашганимдан келиб чиққан ҳолда айтяпман. Дарвоқе, унинг агенти ҳам ўз ишини яхши билар экан.
- Россия чемпионатида фаолиятини давом эттираётган юртдошларимиз – Иброҳимхалил Йўлдошев билан Ҳожимат Эркиновнинг ўйинларини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Албатта, футболчиларингиз анча қобилиятли. Айниқса, “Нижний-Новгород”да ўйнаётган Йўлдошев менда илиқ таассурот қолдириб келади. У техник жиҳатдан ҳам яхши шаклланган, анча чидамли футболчи. Энг асосийси, унда спортчиларга хос бўлган жиҳатлар мужассам. Ҳожимат Эркинов ҳам чакки эмас. Ўйлайманки, улар ўз устиларида ишлашда давом этиб, ўйинларини янада кучайтира олишади. Мана шундай ўйинчиларингиз ўсишда давом этар экан, бу ўз навбатида миллий терма жамоангизга ижобий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ўйлайманки, Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этадиган пайти келди. Айниқса, Осиё майдонларида ЖЧ учун курашиб, якунда орзудаги йўлланмага эга чиқиш анча осонроқ. Ҳар қандай мамлакатнинг футболчилари фаолиятларини хорижда давом эттиришар экан, бу аввало миллий терма жамоа фойдасига ишлайдиган ҳолдир. Жумладан, ўзбек футболчилари мисолида ҳам буни бемалол кўриш мумкин.
- Агар Россияда ихтиёрингизда бўладиган клубда ўзбек футболчилари ўйнашларини истаган бўлармидингиз? Айнан қайси футболчиларни жамоангизда кўришни хоҳлайсиз?
- Ишлаган жамоаларимда ўзбек футболчилари билан ҳамкорлик қилиш ҳали насиб этгани йўқ. Футболчилик давримда юртингиздан чиққан таниқли ижрочилар билан яқиндан таниш бўлганман. “Пахтакор”га қарши майдонга тушганман, кўплаб футболчиларингиз билан танишганман. Пятницкийнинг “Спартак”даги фаолиятини яхши биламан. Кейинчалик у билан “Спартак”да бирга ўйнаганмиз. Лекин мураббийликка ўтганимдан кейин ўзбекистонлик футболчилар билан бирга ишлаш ҳозирча насиб этмади, афсус.
- Бугунги кунда дунё футболи нигоҳи Қатар яшил майдонларига қаратилган. У ерда ўтаётган мундиал баҳсларини кузатаётган бўлсангиз керак. Сизнингча, қайси терма жамоа чемпион бўлиши мумкин? Яна мухлисларга қизиқ жиҳати, айнан қайси термага ишқибозлик қиляпсиз?
- Менимча, Бразилия терма жамоаси чемпионга айланса керак. Қайси термага мухлислик қиляпман? Португалия терма жамоасини қўллаб-қувватлайман. Чунки Португалия мен учун бегона бўлмаган мамлакат. Ўйинчилик давримнинг маълум бир қисми ўша ерда ўтган. “Бенфика”да 4 йил тўп сургандим. “Бенфика” ва “Порту” клублари билан қатор соврин ва унвонларни ютганман. Шу сабабдан ҳам анчадан бери Португалия термасига мухлислик қилиб келаман.
- Сергей Николаевич, яхши суҳбат учун ташаккур. Сиз билан бундан кейин ҳам алоқани сақлаб қоламиз, деб умид қиламан.
- Катта раҳмат. Мен ҳам сиз билан суҳбатлашиб анча ёзилдим. Ҳозир Ўзбекистонда иссиқми?
- Йўқ-йўқ.
- У ҳолда ҳарорат неча даражани кўрсатмоқда?
- Адашмасам, асосан 0 даража. Баъзида +5 даража илиқ атрофида ёки акси. Қор ҳам ёғди.
- Демак, ҳаво анча яхши экан-да!
- Ҳа, шундай деса ҳам бўлаверади. Ҳозир Москвадамисиз?
- Ҳа, Москвадаман. Бизда – 10 даража совуқ. Айтишларига қараганда, яхши тоғ чанғиси учиш мумкин бўлган жой ҳам бор экан, тўғрими?
- Албатта, шундай жой бор. У ҳолда режаларингизда Ўзбекистонга келиш бор экан-да?
- Ҳозирча аниқ бир режам йўқ. Қолаверса, суҳбатимиз аввалида кўтарилган масалага тўхталсам, хизматимга қизиқиш билдираётган клублар мутасаддилари билан келишув бор. Агар улар юзма-юз учрашишни, ҳаммасини муҳокама қилишни таклиф қилсалар, Ўзбекистонга ташриф буюришим аниқ. Мен ўз олдига муайян вазифалар қўядиган клубларда ишлашга одатланганман. Шунчаки, ишлаш – бу менга тўғри келмайди.
- Раҳмат, омад ёр бўлсин!
- Сизга ҳам раҳмат.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар