Шаҳобиддин Зоиров : "Қарз қиёматга қолмаслиги керак"

  • 31 октябрь, 2021, 23:47
  • 1
  • Бокс

Айни дамда Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб турган SPORTS.uz журналистлари қизиқарли интервюларни сиз азизларга тақдим этишда давом этади. Рио Олимпиадаси ғолиби ва собиқ жаҳон чемпиони - Шаҳобиддин Зоиров бизни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

- Профессионал боксда 3 та жанг ўтказиб ғалаба қозонгансиз. Жаҳон чемпионатидан сўнг, фаолиятингизни давом эттирасизми?

- MTK Global промоутерлиги билан шартномам бор. Режамга кўра, профессионал боксда 2 та жанг ўтказиб, навбатдаги олимпиадада иштирок этиш.

- Кўряпмиз, профессионал боксдан ҳаваскор боксга қайтган спортчиларимиз кутилган натижани бермаяпти. Зарбалар салмоғи ва аниқ ҳаракатларга асосланган боксдан сўнг, яна тезликка таянадиган ҳаваскор боксга қайтиш мураккаблик туғдирмайдими?

- Гапингиз тўғри. Бу мушкул. Профессионал боксда бор эътиборингизни битта жангга қаратасиз. Рақибни ўрганасиз ва тўлиқ бир рақибга қарши тайёргарлик кўрасиз. Ҳаваскорда бундай эмас. Камида 5-6 жанг ўтказмасдан мақсадга эришиб бўлмайди. Ўйлашимча, ҳаваскор бокс профессионалга нисбатан мушкулроқ. Бу ерда биринчи планга тезлик кўтарилади.

- Фаолиятингиздаги энг аламли жанг Токио олимпиадасида Карло Паламга қарши бўлди?!

- Яна бир бор Олимпиада олтин медалига эга бўлиш ниятида эдим. Рақиб кучли эди, бироқ уни мағлубиятга учратишимга имкон беришмади. Қошим ёрилгач, жанг тўхтатилди. Жуда ҳам аламли мағлубият бўлди. 5 йил қилган меҳнатим ҳавога учиб кетди. Кийиниш хонасига кирганимдан сўнг, мураббийларим мени қўллаб-қувватлади.

- Боксдаги кумирингиз ким?

- Аббос Атоев. Уларнинг жангларини томоша қилиб, айнан шу спортга бўлган меҳрим ортган. Уларни инсон сифатида ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан. Ёшроқ бўлганим учун, Лондонда бўлган олимпиада лицензияси учун жангларда иштирок эта олмаганман. Аббос ака кўз олдимда лицензияни қўлга киритиб, Лондонда бронза медалига эга чиққан. Уларни кўргач, катта натижаларга эришга бўлган қизиқишим янада ортиб кетди. Керак пайтда, маслаҳат олиб тураман. Бухорога борганимда, улар албатта учрашаман. Шу инсонга ҳавас қиламан.

- Сиз жаҳон чемпионатини 54кг вазнда жанг қилишни бошладингиз. Муаммолар туғилмадими?

- Очиғи, янги вазн бўлгани учун қандай рақиблар тушиши мумкинлиги ҳақида кўп ўйладик. Бунга қадар, узоқ муддат 52кг да жанг қилганман. Гап бироз фарқда эмас. Биз мусобақалардан олдин, керакли оғирликда тош босиш учун вазн ташлашга мажбур бўламиз. Шахсан ўзим, камида 6-7 кг "вес" ташлайман. 2012-йилдан бери битта вазн тоифасида жанг қилганман. Турнирда ҳар куни эрталаб ҳакамлар вазнимизни ўлчайди. Ҳатто, 50 гр ортиқча бўлса ҳам жангга қўймайди. Катталар ўртасидаги мусобақаларда энди иштирок этишни бошлаган пайтларим, вазн ташлаш борасида кўп муаммоларга дуч келганман. Аргонизим ўсаётгани боис, турнирлар йўқ пайтлари вазним ортиб кетар эди.

- Шаҳобиддин Зоиров Ўзбекистон, Жаҳон, Олимпиада ва Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Айтингчи, Осиё ўйинлари олтин медалини қўлга киритиш ниятингиз борми? Сизнинг коллекциянгизда биргина шу мусобақа олтин медали йўқ?!

- Албатта. Худо хоҳласа, ҳаваскор боксдаги режаларим катта. Юқорида айтиб ўтганимдек, профессионал боксдаги иккита жангдан сўнг, бор эътиборимни Париж олимпиадасига қаратмоқчиман. Ёшлигимдан ният қилганман. Камида 3 та олимпиадада иштирок этишни. Бундай катта масштабдаги форумда иштирок этиш барча спортчининг орзуси. Унда совриндор бўлиш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Мисол учун, Ришод Собиров 3 бор давлатимиз номидан иштирок этиб, ҳар сафар совриндор бўлишни уддалаган.

- Сиз бокс терма жамоамиз сардорисиз. Айтингчи, етакчи боксчиларимиз мағлубиятга учрагач, уларни кўнглини кўтариш мақсадида нималар дедингиз?

- Уларни кўйнини кўтаришга ҳаракат қилдим. Айниқса, Миразиз билан узоқ суҳбатлашдик. Унга, битта турнир билан бокс якунига етмаслигини, ҳаёт давом этишини айтдим. У ҳали ёш. Келажакда яна бир Жаҳон ва Олимпиада ўйинларида рингга кўтарилади. Йигитларга мураббийлар билан биргаликда руҳий далда бердик.

- Фаолиятингиз давомида, синга қарши рингга кўтарилган энг кучли рақиб сифатида кимни кўрсата оласиз?

- 2016-йилда Рио шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада финалидаги Миша Алаянни алоҳида эътироф этган бўлар эдим. Жуда оғир кечган жангдан сўнг, ғалаба қозонишни уддалаганман. Шунингдек, ҳиндистонлик Амит Пангал ҳам жуда ноқулай рақибларимдан бири. У дўстим Ҳасанбой Дўстматовни мағлубиятга учратганидан сўнг, у менинг принсипиал рақибимга айланди. Шу кунга қадар 3 маротаба тўқнаш келган бўлсак, барчасида қўлим баланд келди. У Ҳасанбойни 2 бор таслим этган эди. Мен қарз қиёматга қолмаслиги учун ўзбекистонлик боксчилар номидан уни 3 бор "хафа" қилдим.

- Терма жамоадаги энг муҳим омил нима деб ўйлайсиз?

- Биринчи навбатда жамоанинг аҳиллиги. Ўйлашимча, ўзбек боксидаги барча ғалабаларнинг сабаби жамоамизнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ. Биздан аввалги авлод вакиллари ҳам шу масалага жидий эътибор қаратган. Биздан кейинги авлод ҳам биз сингари аҳилликни биринчи ўринга қўйса, уларда ҳам катта ғалабалар бўлиши аниқ.

- Кўплаб машҳур спортчиларимиз ўз академияларини очишмоқда. Айтингчи, Шаҳобиддин Зойиров ҳам Когонда ўз бокс мактабини очишни ният қилганми?

- Насиб қилса, фаолиятимни якунлангач, мураббийлик фаолиятини олиб бормоқчиман. Устозим билан биргаликда, жаҳон ва олимпиада чемпионларини тарбиялашни ният қилганман. Бугунги кунда эришган барча ютуқларимнинг асосий сабабчиси саналган инсон ёнимда бўлса, ёшларга бокс ҳақида янада яхшироқ тушунча беришимиз мумкин.

- Рио олимпиадасидан сўнг, Шаҳобиддин Зоировни ичкиликка берилгани, чуқур депрессияга тушиб қолгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалиб кетди. Бу қанчалар ҳақиқатга яқин?

- Чемпион бўлганимдан сўнг, турли гаплар қулоғимга чалинди. Кимдир мени кўчада муштлашибди деса, бошқалар уни лицензиясини тортиб олишган деб ҳам ўйлади. Бунда ҳеч қандай ҳақиқат йўқ. Бундай гап-сўзларга эътибор қаратмай, яна рингга қайтдим ва Жаҳон чемпиони унвонига эга чиқдим. Ўзбекистон чемпионати олтин медалини қўлга киритдим. Агар бундай ёмон иллатларга ўралашиб қолганимда, фаолиятимда бундай ғалабаларни учратмаган бўлар эдингиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
23/11/2021 14:45
Хакикий мард йигит! Омадини берсин, ниятига эришсин!