Шаҳрам Ғиёсов: Яқин орада яна жанг қиламан, 10 кундан сўнг тафсилотлар аниқ бўлади
Ads

Хабарингиз бор истеъдодли боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов кеча профессионал рингдаги еттинчи ғалабасини тантана қилди. У мексикалик Эдгар Пуэртога қарши жангда рақибини техник нокаут эвазига мағлуб этди.

Шаҳрам мазкур жангдан сўнг Миллий олимпия қўмитаси матбуот ва медиа департаментига қисқа интервью берди.

«Биринчи навбатда мени қўллаб-қувватлаб турган барчага раҳмат айтмоқчиман. Биз февраль ойида жанг бўлишини кутмагандик. Аммо, вазият шундай бўлди. Мексикалик боксчи жангга чорлади, биз эса буни рад эта олмадик. Тайёргарлик учун кам вақт – 25 кун бўлди. Бундан ташқари, рақиб яшайдиган мамлакатга сафар қилдик.

Жанг ҳақида гапирадиган бўлсам, осон ўтди дея олмайман. Мен рақибимдан бундай ҳаракатларни кутмагандим. Рингда қийин, бироқ ёдда қоларли жанг бўлди. Яхшигина тажриба тўпладим. Шуни айтиб ўтишни истардимки, мексикалик боксчилар чидамли ҳисобланади. У беш раунд чидаб берди. Қайсидир паллада нокаут бўлмаса керак деган ўй ҳам ҳаёлимдан ўтди. Аммо, якунда биз барибир мураббий ва менежерларим билан ўйлаган режамизга эришдик.

Яқин кунларда яна бир жангни кутинг. 10 кундан сўнг бу ҳақида эълон қиламиз», – деди Шаҳрам Ғиёсов.