Шин Тэ Йонг: Ули Штилике ишлатмаган режадан фойдаланаман
Ads

 

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ–2018 саралашидаги рақиби – Жанубий Корея термаси янги бош мураббийи Шин Тэ Йонг матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Жанубий Корея термасини қийин аҳволда қабул қилганимга қарамай, бундан фархланаман ва билдирилган ишонч учун Корея футбол ассоциацияси президенти, Техник қўмита ва ассоциация расмийларига миннатдорчилик билдираман. Мамлакат термасининг қаторасига 9-марта Жаҳон чемпионатига чиқиши учун барча имкониятларимни ишга соламан.

Олимпия ёки U-20 терма жамоаларидан фарқли равишда мен мамлакатнинг энг яхши футболчиларини танлай оламан. Агар футболчи менинг услубимда ўйнай олса, унинг клубда етарлича ўйин амалиётига эга бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар терма жамоага таклиф қиламан. Одамлар Сон Хин Мин терма жамоадан кўра “Тоттенхэм”да яхши ўйнашини таъкидлайди. Мен Ули Штиликега ўхшамайман. У ишлатмаган режадан фойдаланаман. Сон Хин Миндан бошқача усулда фойдаланамиз”, – деди Шин Тэ Йонг.

46 ёшли мутахассис футболчилик давридаги армони, мураббий сифатидаги орзуси ҳамда ЖЧ–2018 саралаш босқичининг қолган икки ўйинида нимага эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

“Футболчи сифатидаги армоним – Жаҳон чемпионатида иштирок эта олмаганим. Бу ишни мураббий сифатида бажаришга тайёргарлик кўряпман. Жанубий Корея Осиёда ҳеч қайси терма жамоадан кам эмас. Айни дамда ҳимоявий ўйинга эътибор қаратишимиз керак. Биз мустаҳкам ҳимоя ташкил қила оламиз. Саралашнинг қолган икки ўйинида эҳтиёткор бўлишимиз ва рақиб дарвозасига битта гол урсак ҳам, барқарор ҳимоявий ўйин намойиш қилишимиз керак”, – дея фикрини якунлади кореялик мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойи ўрталарида Жанубий Корея футбол ассоциацияси ЖЧ–2018 саралашидаги қониқарсиз натижа туфайли германиялик мутахассис Ули Штиликени бош мураббий лавозимидан озод этганди.

Маълумот учун, 31 август куни Жанубий Корея термаси ўз майдонида Эронни қабул қилади. 5 сентябрь куни эса Шин Тэ Йонг шогирдлари Тошкентда Ўзбекистонга қарши баҳс юритади.