Шоҳжаҳон кутилмаган вазиятга тушганига қарамай еттинчи нокаутга эришди

  • 1 декабрь, 2016, 22:31
  • 0
  • Бокс
 
 
Профессионал боксда рақибларини кетма-кет мағлуб этиб келаётган Шоҳжаҳон Эргашев SPORTS.uz ахборот порталига 2 декабрь куни угандалик Соломон Богерега қарши жанг ўтказиши ҳақида хабар берган эди.
 
Бироқ, профессионал бокс кечаси ташкилотчилари кутилмаганда Шоҳжаҳон Эргашевга жанг бир кун олдин бўлиши ва рақиб ҳам бошқа экани ҳақида хабар беришди. Ўз кучига ишонган ўзбек ўғлонини бу янгилик довдиратиб қўймади. Шоҳжаҳон жангга тайёрлигини билдириб, рингга чиқишга  рози бўлди.
 
Москвадаги Бокс академияси рингида ташкил этилган ўн раундлик жангда Шоҳжаҳон Эргашев ўз вазн тоифасида Беларуснинг энг кучли профессионал боксчиси ҳисобланган Илья Реуцкий билан куч синашди. Профессионал рингда йигирма учинчи жангини ўтказган беларуслик боксчи ўзбек йигитининг зарбаларига дош бера олмади.
 
 
Иккинчи раундда кетма-кет кучли зарбаларни ўтказиб юборган Илья Реуцкий техник нокаутга учради ва жангни давом эттиролмади. Шу тариқа Шоҳжаҳон Эргашев профессионал рингдаги кетма-кет еттинчи жангини муддатидан олдин якунлади.
 
 
Жангдан сўнг SPORTS.uz ахборот портали мухбири Шоҳжаҳон билан боғланди.
 
- Шоҳжаҳон, жанг муддати ва рақибнинг бирдан ўзгартилиши Сизни ҳайрон қолдирмадими?
 
- Йўқ. Мен жангга пухта тайёрланган эдим. Рақибнинг кимлиги ҳам унчалик аҳамият касб этмайди. Одатда, мен рақибларининг жанги ёзилган видеоларни томоша қилмайман. Ҳар бир жангда рақибни ўз услубимга тушириб оламан. Шунинг учун ҳам кимга қарши рингга чиқишимнинг фарқи йўқ эди.
 
- Жангдан сўнг рақиб нима деди?
 
- Зарбаларим кучли ва оғир бўлганини тан олди. Кейинги жангларда омад тилади.
 
- Угандалик Соломон Бореге билан жанг нима бўлади?
 
- Промоутерлар Соломон билан жангимиз 14 декабрь куни Санк-Петербургда ташкил этилиши ҳақида хабар беришди. Бугунги жанг бўлажак беллашувга тайёргарлик вазифасини ўтади, деб ҳисоблаймиз.
 
- Шоҳжаҳон кутилмаган жангдаги кутилган ғалаба билан табриклаймиз ва келажакдаги беллашувларда ҳам нокаутли ғалабалар тилаймиз.
 
- Раҳмат.
 
Шундай қилиб, истеъдодли ёш боксчимиз навбатдаги жангида ҳам муҳим ғалабани қўлга киритди. Олдинда эса Шоҳжаҳон Эргашевни янада жиддий беллашувлар ва кучли рақиблар кутиб турибди.
 
SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!