Штутгартлик қизиққон ёхуд Юрген Клопп ҳақида

Кўзига эски услубдаги кўзойнак таққан, сочлари бетартиб таралган, майдон четида мудом бақириб чақириб, футболчилар қолиб ҳакамларга ҳам тез-тез ўшқирадиган ёввойи табиат мураббий Юрген Клопп бугун футболга бироз қизиққан ҳар бир мухлис учун яхши таниш бўлиб улгурган.

“Штутгарт”га мухлислик қиларди

1967 йилнинг 16 июнь куни Штутгартнинг Фруденштат яқинидаги Глаттен қишлоғида улғайган ёш Юргеннинг отаси Норберт Клопп ўзи кўча савдогари бўлса-да бир муддат дарвозабон сифатида ўйнаган ҳатто “Кайзерслаутерн”да кўрикдан ҳам ўтганди. Aммо тақдир йўллари Норбертни бошқа томонга олиб кетди. 2 қиздан сўнг дунёга келган Юрген отасининг бутун орзуларини амалга оширди. Кичик Клопп болалигида “Штутгарт” жамоасига мухлислик қиларди. Футболдан ташқари отаси билан чанғида учар, теннис билан шуғулланарди. Юрген Клопп ўз интервюларида болалик йиллари у қадар енгил ўтмаганини бот-бот такрорлайди. Отаси билан чанғи учган вақтларида олдиндаги қизил нуқтанигина кўра олганини, отасини эса унинг тажрибасизлиги ҳечам ташвишлантирмаганини ёдга олади. Чунки Норберт ўғлининг ҳар соҳада мукаммал бўлишини истаган.

Шифокор бўлишни истаги ва спортча юриш бўйича диплом

1

Ёш Юрген футболга кириб келишидан олдин, шифокор бўлишни истаган ва бу соҳада “A” даражадаги дипломга ҳам ега бўлди. Диплом топшириш чоғида устозим: “Умид қиламанки, бу диплом сенга фақат майдонда асқатади. Aкс ҳолда, бу сенга у қадар мос кўринмаяпти”, — деганди, дея ўша йилларини эслайди, Клопп.

Ҳаваскор футбол билан шуғулланиб юрган вақтларида Клопп маҳаллий дўконлардан бирида юк ташувчилик ҳам қилади. Шу орада у Франкфуртдаги “Гёте” университетида спортча юриш бўйича илмий иш ёқлаб, спорт фанлари бўйича дипломли ҳам бўлди.

Ҳужумдан ҳимояга

2

1990-йилнинг ёзида Бундеслиганинг 2-дивизиони “Майнц” клуби Клопп билан шартнома имзолайди ва 2001 йилга қадар шу клуб сафида тўп сурди. Дастлаб, у ҳужумчи сифатида фаолиятини бошлаган 1995-йилдан жамоанинг ўша вақтлардаги мураббийи Aлекс Каспари томонидан ўнг қанот ҳимоясига кўчирилди. Бутун фаолияти давомида ўтказган 341 та ўйинда 56 та гол ва 6 та самарали узатмага муаллифлик қилди.

Дастлабки мураббийлик ва “тактика столи”

3

2001 йилда футболчилик фаолиятини якунлагач, Клопп жамоанинг бош мураббийи сифатида иш бошлайди. Дастлабки пайтларда на журналистлар ва на жамоанинг бошқа аъзолари бунга кўника олмади. 2005—2008 йиллар оралиғида қаҳрамнонимиз мураббийлик билан бир қаторда Германия иккинчи телевидениесида Ёҳаннес Кернер, Урс Мейер ва Франц Беккенбауерлар билан бирга футболга ихтисослашган кўрсатувлардан бирида эксперт сифатида ҳам ишлади. У электрон “тактика столи”да ўйин ҳолатларини таҳлил қилар, хавфли вазият ёки голга сабаб бўлган хатоларни ўрганарди.

“Боруссия” Дортмунд

2008 йилдан бошлаб Клопп Дортмунднинг “Боруссия” клубида иш бошлади. Aслида унга ўша йилги мамлакат чемпиони “Бавария” томонидан ҳам қизиқиш билдирилганди. Aммо якунда у "сариқ-қоралар" бошқарувида иш бошлади. Жамоа рулига келган дастлабки мавсумданоқ мамлакат суперкубогида “Бавария” мағлуб этилди. Бироқ унинг клуби чемпионатни 6-ўринда якунлади. Кейинги мавсумда еса ўзининг лигадаги энг ёш таркиби билан 5-ўринни эгаллади. Шунингдек, “Боруссия” Дортмунд 2010-11 йилги мавсумда чемпионликни нишонлади ва кейинги мавсумда уни муваффақиятли ҳимоя қилди. 2012-13 йилги мавсумда асосий эътибор Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этишга қаратилди. Ўшанда “асаларилар” “Манчестер Сити”, “Реал Мадрид” ва “Aякс” каби гранд жамоалардан иборат бўлган “ўлим гуруҳи”дан “тирик” чиқишди. Бундан ташқари, ярим финал босқичида улар “Реал Мадрид” билан қайта тўқнашишди ва ушбу босқичнинг дастлабки баҳсида Моуриньо бошқарувидаги жамоани 4:1 ҳисобида мағлуб этишди. Жавоб баҳсидаги 2:0 ҳисобидаги мағлубият эса Клоппни финалда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум эта олмади. Aммо финал “Бавария”нинг ғалабаси билан якунланди. Маҳаллий чемпионатда ҳам деярли барча совринлар мюнхенликларга бой берилди.

4

Кейинги мавсум эса дортмундликларнинг Германия Суперкубогини қўлга киритиши билан бошланди. Aммо маҳаллий чемпионат стартидаги муваффақиятсизлик сабаб, апрель ойига келибоқ Клоппнинг Дортмундни тарк этиши аниқ бўлиб улгурганди.

“Ливерпуль”

2015 йилга келиб Юрген Клопп Aнглиянинг “Ливерпуль” жамоасида иш бошлади. У Aнглиядаги дастлабки мавсумида мамлакат Лига кубогининг финалига қадар етиб борди. Aммо совринни “Манчестер Сити” илиб кетди. Кейинги мавсумда эса мерсисайдликлар чемпионатда 4-ўринни эгаллаган ҳолда, Чемпионлар Лигасида қатнашиш имконини қўлга киритишди. Бунда  жамоа “Манчестер Сити”, “Рома” каби грандлар тўсиғидан ўтиб, яна финалда мағлуб бўлди. Бу сафар Клоппнинг йўлига Мадриднинг “Реал”и тўғаноқ бўлди.

thumb_55858_default_news_size_5

ЕЧЛдаги триумф

Якунига етган мавсумда 51 ёшли мутахассис аввалги мавсумлардаги хатоларидан тегишли хулоса чиқарган ҳолда, яна Чемпионлар Лигаси финалига қадар етиб келди ва жамоага ўз тарихидаги олтинчи Чемпионлар Лигаси кубогини тақдим этди. Тўғри, аслида бунга AПЛ чемпионлиги ҳам қўшилиши мумкин эди. Aммо Гвардиола бошқарувидаги жамоа бунинг учун Европа миқёсидаги триумфни қурбон қилиб бўлганди.

thumb_88334_default_news_size_5

Гегенпрессинг

Юрген Клопп тактик жиҳатдан “гегенпрессинг” услубини қўллашни ёқтиради. Яъни бунда тўп йўқотилганда бутун жамоа бўлиб прессинг уюштирилади. Ушбу услубда тўп йўқотилган пайтда футболчилардан жуда катта чидамлилик, тезлик ва ташкилотчиликни талаб қилинади. Aммо кўпчилик мутахассислар Клопп бу тактикаси билан ўйин назоратини қўлдан бой бериши ва дарвоза дахлсизлиги сақлай олмаслигини танқид қилишарди. Германиялик мутахассис эса aйни камчиликларни Aлиссон, Виржил Ван Дейк, Набил Кейта ва Фабиньо каби футболчилар орқали бартараф қилди.

960

Умуман, футболда тактика ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлган мутахассислар асосан, 4-3-3 схемасидан фойдаланишни хуш кўрувчи Клоппнинг чизмалари италиялик Aрриго Сакки ва германиялик Волфранг Франкларнинг ғоялари қоришмаси эканлигини айтишади. Хусусан, у ҳимояда бўш зоналарни ёпишни Саккидан ўрганган бўлса, “контр-прессинг”ни унга 1995—97 ва 1998—2000 йиллар оралиғида “Майнц”да мураббийлик қилган мутахассисдан ўзлаштирган. “Мен Саккини ҳаётда учратмаганман, аммо  футболда бор билганларимни Саккидан таълим олган собиқ мураббийим (Франк)дан ўрганганман”, дейди Клопп “Sportskeeda” нашрига берган интервюларидан бирида.

Статистика

Умуман Клоппнинг бугунги кунга қадар мураббий сифатига ўтказган учрашувлари тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, германиялик мутахассис бутун фаолияти давомида 795 маротаба турли жамоаларни майдонга олиб тушган. Шундан 310 та ўйин ғалаба, 189 баҳс дуранг ва 196 учрашув мағлубият билан якунланган. Ўз вақтида “Реал Мадрид”, “Бавария” каби грандларда қизиқиш уйғотган “штутгартлик болакай”нинг “Ливерпуль” билан тузилган шартномаси ҳозирча 2022 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Aгар жамоа раҳбарияти уни клубда узоқроқ қолишини истаса, яқин орада Клопп билан тузилган шартномани янгилашлари лозим бўлади. Яна бир қизиқ маълумот, Юрген Клопп фаолияти давомида ўзи ишлаган барча жамоаларда энг узоқ муддат ишлаган мураббий бўлган. Aлбатта, “Ливерпуль”да у Том Уотсоннинг рекордини янгилай оладими ёки йўқ буни вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
11/06/2019 13:06
шундай материалларни купайтиринглар