Швейцария нашри Дердийокни Ўзбекистон чемпионлиги билан табриклади (тўлиқ интервью)

Швейцариянинг нуфузли нашрларидан бири “Luzerner Zeitung” “Пахтакор” футболчиси Эрен Дердийокни клуби билан эришган чемпионлик билан табриклаб, Ўзбекистондаги ҳаёти ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида ушбу суҳбатни тўлиқ тарзда эътиборингизга ҳавола этамиз. 

 

Ўзбекистонда ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказаётган футболчи Ўзбекистон, “Базель” ва “Сион”га уни ҳануз нима боғлаб туришини айтди. Тошкентдаги ҳаёти ҳақида гапиришни бошлар экан, ёнидаги шериги ундан олдин жавоб бериб юборди. Демак, Эренга у ердаги ҳаёт ёқмоқда. Тошкент - Марказий Осиё мамлакатларидан бири ҳисобланган Ўзбекистоннинг пойтахти. Бу ҳақида футболчининг ўзи шундай дейди:

“Европадан бошқа давлатга сафар қилар экансиз, катта қийинчиликлар бўлишини кутасиз. Аммо бу ерда мен ўйлаганимдан камроқ ноқулайликларга дуч келдим. Тошкентда ўз қитъамдаги каби ресторан ва кафелар мавжуд. Замонавий шаҳарда яшаш қулайликлар тақдим этиши аниқ”.

У Тошкентда январдан буён яшамоқда. “Гўзтепа”дан “Пахтакор”га кўчиб ўтиш у учун яхши қарор бўлди, дея оламиз. Оиласи (хотини ва 2 та қизи) ҳам энг аввалидан у билан бирга яшамоқда. Катта қизи халқаро мактабда ўқийди. 

Тил бўйича Эрен Дердийокда муаммо бўлиши мумкин эмас. У немисчадан ташқари, турк, инглиз ва рус тилларида гапира олади. Футболчининг ўзи айтиб ўтишича, ўзбек тили туркчага жуда ҳам ўхшаб кетади. Баъзи пайтларда жамоадошлари билан мулоқотга киришиш учун ушбу тил ҳам қўл келар экан. Ўзбекистон чемпионатида легионерлар у қадар кўп эмас. Умумий 341 футболчининг 36 тасигина легионердир. “Пахтакор”да ҳам атиги 2 та хорижлик футболчи бор. Эрендан ташқари, “шерлар” сафида сербиялик легионер Драган Черан ҳам ҳаракат қилади. 

IMG_7815

Унинг собиқ мураббийи ўзи учун номаълум бўлган Ўзбекистонга боришида асосий фигура бўлди. Аммо қилинган таваккал ўзини оқлади: Осиё марказидаги ҳаётга у анча кўникиб қолди. У Тошкентда эмин-эркин яшаётганининг яна бир сабаби, бу давлатда коронавирус пандемияси у қадар чуқур илдиз отмаганида. Эрен вирус юқтириб олишга ҳам улгурди. Бироқ ундан анча енгил қутулди. 

У ўзбек стадионлари ҳақида фақат жамоадошларидан эшитган гаплар орқалигина билади. Бу ҳақида у: “Мен йигитлардан, бу стадионлар аввал қандай бўлган, деб сўрайман. Уларнинг гапларига қараганда, яхши даражадаги ўйинларга 20-30 минг мухлис киради. Лекин бу ҳар доим ҳам кузатиладиган ҳолат бўлмаган”.

Футболчи ўзи ҳаракат қилаётган мамлакат футболини Европаники билан солиштирар экан шундай дейди: “Мен жамоага янги келган пайтларимдаёқ, уларнинг футболи жуда кўп жиҳатдан секин эканини айтганман. Улар ривожланиш томон бораётган бўлсалар-да, амалда кўп нарса Европадагидан кескин фарқ қилади. 

“Шота Арвеладзе мени Германиядаги фаолиятим омадсизликка юз тутгач, “Касимпаша”га таклиф қилганди. Аммо Туркияга борганимдан сўнг, 2 ҳафта ҳам ўтиб улгурмай, жиддий жароҳат олдим. 6 ой мобайнида тикланишга мажбур бўлдим. Афсуски, у клубдан кетиб улгурганди. Мен фаолиятимни “Галатасарай” ва “Гўзтепе”да давом эттирдим. Орадан бир қанча вақт ўтгач, Шота мен билан боғланди. Унинг жамоасига мен каби страйкер кераклигини айтди. Мен у билан тўлиқ ишлаб кўриш бахтига муваффақ бўлмагандим ва ушбу таклифни қабул қилдим. 

“Сион” билан ҳамон алоқаларни сақлаб қолганмиз. Аммо “Базель” ҳақида бундай дея олмайман. Демакки, Швейцария билан алоқаларим ҳануз мавжуд. Ўз вақтида Мурат Якин менинг хизматларимга қизиқиш билдираётгани ҳақида эшитдим. Аммо барчаси ўтмишда қолиб кетди ва у бугун “Сион” бош мураббийи эмас. Умуман, Швейцарияга қайтиш терма жамоа эшикларини ҳам мен учун яна бир маротаба очиши мумкин эди. “Базель”га ўтиш мен учун яхшироқ вариант бўлиш эҳтимоли бор эди. Тимм Клозе (“Базель” футболчиси) билан дўстона алоқаларимиз сақланиб қолган. Биз тез-тез боғланиб турамиз. У билан болаликдан дўстмиз. Яқинда Марко Штреллер билан ҳам гаплашгандим”.

IMG_7474

Швейцария клублари томонидан назарга илинмаган футболчи “Пахтакор” билан Ўзбекистон чемпионлигига эришди. У киритган 9 та гол клубининг муваффақиятларида муҳим ўрин тутди. Осиё Чемпионлар Лигасининг чорак финалидаги мағлубиятни Эрен шундай эслади:

“Ҳаммамиз шокда эдик. Биз потенциалимиз финалгача етишини билардик. Шундай бўла туриб, бу босқичда турнирдан чиқиб кетиш оғир. Барчамиз энг кучга тўлиб турган пайтда мусобақани тарк этдик. Осиёда яхши клублар кўп ва буни тўғри қабул қилиш ҳам лозим.

Гуруҳ босқичида “Ал-Ҳилол”га қарши ўтказган ўйинимизни кўрдингиз. Биз юқори савияли ўйин намойиш этдик. Осиёда Хитой ва араб клублари анча яхши даражада. Чунки, уларнинг ортида жуда катта маблағ туради”, - деди ҳужумчи. 

Дердийок чемпионликни нишонлашга ҳали эрта деб ҳисоблайди. Сабаби, ҳали олдинда кубок баҳслари ҳам бор. “Ушбу титулни ҳам ўзиники қилиб олган тақдирда, бемалол тантана қилсак бўлаверади”, - дейди Эрен. 

Ҳозирда, Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида авиақатновлар бўлмаяпти. Шу сабабдан, январь ойидан буён Дердийок Швейцарияга кела олмаяпти. Ҳозирча, ҳеч бир клубдан таклифлар йўқ. Аммо унинг фикрича, бир кун яна ўз ватанига қайтади. 


Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!