Собиқ чемпион 15 ой танаффусдан сўнг рингга қайтиб, рақибини нокаутга учратди
Ads

Калифорниянинг Бейкерсфилд шаҳрида ташкил этилган бокс кечасида ярим ўрта вазн тоифасининг WBC чемпионлик камари собиқ соҳиби Виктор Ортис (32−6−2, 25 КО) 15 ойдан сўнг навбатдаги жангини ўтказди.

30 ёшли америкалик боксчи бу сафар мексикалик Сауль Корралга (25−10, 16 КО) қарши рингга кўтарилди. Мазкур жангда Ортис ортиқча қийинчликка дуч келмади ва рақибининг ҳимоясини осонгина ёриб ўтиб, уни қийин вазиятга тушириб қўйди.

Тўртинчи раундда Корраль чап қўлда йўлланган кучли зарбани ўтказиб юборди ва нокдаун ҳолатига тушиб қолди. Ортиснинг кейинги ҳужуми эса жангнинг муддатидан олдин тугашини таъминлади.

Ортис олдинги жангини 2016 йил апрелида ўтказиб, Андре Бертони нокаутга учратган эди.