SPORTS.uz талқини бўйича А Серия рамзий терма жамоаси
Мураббий: Жан Пьеро Гасперини (3-4-3)
Ортда қолган А Серия мавсуми кутилмаган воқеаларга бой бўлди. Бир нечта жамоалар ўз тарихидаги энг сермаҳсул натижани қайд этган бўлса, баъзилар учун ушбу мавсум бироз омадсиз кечди. Мураббийлар ўртасида ҳам қизғин кураш кечганлиги сабабли, рамзий терма жамоа бошқарувига танланадиган мутахассисни ҳам ажратиш бироз қийин кечди. Якунда А Серияда ўртамиёна футболчилар билан гранд жамоаларнинг пўстагини қоқа олган “Аталанта” клуби устози Жан Пьеро Гасперини вариантида тўхталдик. Чунки унга рақобат уюштирган ҳамкасблари орасида чемпионликка ҳисса қўшмай, “Скудетто”ни қўлга киритган Сарри, қўл остида нисбатан савияли футболчилари кўпроқ бўлган Конте ҳамда бошқарувидаги ўйинчиларни бироз кеч уйғотган, Златан билан масофа сақлаб гаплашадиган Стефано Пиоли бор эди. Шубҳасиз, Гасперини улар ичида фаворит ва бизнинг рамзий жамоа мураббийлиги ҳам айнан унинг ихтиёрида. Мавсум давомида ўз шогирдларини (3-4-3) схемасида баҳсларга тайёрлаган итальян мутахассисининг ушбу тактикаси бизнинг термамизда ҳам устувор.
Дарвозабон: Войцех Шченсни
“Ювентус” бу йил жуда ишончли ўйин кўрсатмаган бўлса-да, чемпионлик унвонини сақлаб қола олишида польшалик дарвозабоннинг хизматлари катта бўлди. Чунки бутун мавсум давомида 29 ўйинда иштирок этиб, уларнинг 12 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишни уддалаган кипер, қайсидир маънода жамоадоши Буффоннинг рекордларига ўз ҳиссасини қўшиб юборди. Яъни, Буффонга А Серияда энг кўп ўйинга тушган футболчи бўлишига имконият яратиб берди. Акс ҳолда, қаҳрамонимиз бу натижасидан кўра яхшироқ рақамларга эга бўлиши тайин эди. Аммо “Скудетто” учун курашган клуб посбонлари орасида энг кўп сэйв айнан Шченснига тегишли эканлигини ҳам эътироф этиш ўринли (95 сэйв). Боз устига, Италия футболи мутасаддилари ҳам айнан уни 2019/20 йил якунлари бўйича А Сериянинг энг кучли дарвозабони, деб топган.
Марказий ҳимоячи: Алессио Романьоли
Мавсумнинг рестартдан кейинги қисмини ёрқин ўйинлари билан безаган “россонерилар”нинг алмаштириб бўлмас ҳимоячиси Алессио Романьоли ҳақли равишда жамоамиздан ўрин эгаллади. Ҳужумчилар ўз позициясида эркин ҳаракат қила олишлари учун орқа чизиқда тартибга жавоб берадиган италиялик фулбек “қизил-қоралар” ғалабаларига катта ёрдам берди. Айниқса, рестартдан кейинги ўйинларда унинг бошчилигидаги “Милан” ҳимояси ишончли ўйин кўрсатди. Жамоасини 35 баҳсда майдонга етаклаган футболчи уларнинг 11 тасини гол ўтказмай якунлашга эришган.
Марказий ҳимоячи: Рафаэл Толои
Супер мавсум ўтказган бергамоликлар таркибида бирор юлдуз футболчини кўрсатиш мушкул. Даражаси юқори бўлмаган, аммо ўйин томонлама ҳеч кимдан қолишмаган Рафаэл Толои бу мавсум ишончли ҳаракатлари билан мухлис ва мутахассислар эътиборини ўзига қаратди. 29 ёшли бразилиялик ҳимоячи бу мавсум 33 учрашувда майдонга тушиб, 9 та ўйинда дарвозасига рақиблари тўп киритишига имкон бермаган. Қўшимчасига, 2 бор гол уришга ҳам муваффақ бўлган.
Марказий ҳимоячи: Стефан Де Врей
Мавсум аввалида “неррадзурилар” бош мураббийи этиб тайинланган Конте ўз ишини ҳимояни тартибга солишдан бошлади. Ва айтиш мумкинки, бу ишни уддалай олди. Бу йил Де Врей бошлиқ “Интер” ҳимоячилари ҳар қандай клуб ҳужумчиларига жанг таклиф қила олди. Унинг ишончли ўйинларини муносиб эътироф этишди ва айнан голландиялик қаҳрамонимиз мавсумнинг энг яхши ҳимоячиси, деб топилди. Унинг ҳисобида эса бу мавсумда 34 та учрашувдаги 11 қуруқ ўйин ҳамда 4 гол бор.
Таянч ярим ҳимоячиси: Лоренцо Пеллегрини
“Жаллороссилар” хавбеки бу мавсум клуби сингари яхши ўйин кўрсатди. Марказда ишончли ҳаракат қилган 24 ёшли ярим ҳимоячи ўз ҳисобига 9 ассист ёздириб қўя олган. Ундан ташқари, ўзининг аниқ кросслари, тўпга курашувчанлиги, кесиб узатиладиган паслари туфайли гранд клублар оромини ўғрилади. Бу мавсум “Рома” клуби медаллар учун курашга қўшила олмаган бўлса-да, Пеллегрини учун трамплин вазифасини ўташи мумкин. Лоренцо бошқа бир клуб сафига бориб қўшиладими ёки фаолиятини римликлар таркибида давом эттирадими? Воқеалар ривожини кузатамиз.
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Доминико Берарди
“Сассуоло” ўйинларида беназир бўлган, жамоанинг энг ишонган футболчиси Берарди рамзий жамоамизда ўнг қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қилади. Дарҳақиқат, унинг натижалари бунга тўлиқ ҳақли эканлигини исботлайди. Мавсумни 31 ўйин билан якунлаган италиялик қаҳрамонимиз ҳисобида 14 гол ва 10 та узатма бор. Бундан ташқари, 26 ёшли футболчи А Серияда сентябрь ойи бўйича ягона хет-трик эгаси ҳам ҳисобланади. “Сампдория” билан 1 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувда “Сассуоло” айнан унинг голлари эвазига зафар қучган эди.
Чап қанот ҳимоячиси: Луис Альберто
“Лацио”нинг чемпионлик курашида анча вақт “Юве”га муаммо туғдира олишига испан хавбекининг самарали ҳаракатлари ҳам туртки бўла олди. Рестартгача Италиянинг барча клубларига қарши катта устунликда ҳаракат қилган “бьянкадзуррилар” марказида Милинкович-Савич билан кучли тандем ҳосил қилган Альберто рамзий термамизнинг чап қанот ярим ҳимоясига жойлашди. Февраль ойининг энг яхши футболчиси, дея эътироф этилган 27 ёшли ярим ҳимоячи жорий мавсумда 6 та гол уриб, 15 та голга ҳаммуаллифлик қилган.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Алехандро Гомес
Гасперинининг ишонган футболчиси ҳисобланган Гомес айнан шу клубда ўзининг энг зўр ўйинларини кўрсатмоқда. Жамоасининг бу мавсум гол уриш бўйича рекордини янгилашида ҳам аргентиналик ярим ҳимоячининг хизматларини ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Ўз вақтида жамоадошларини қулай вазиятга чиқариб юбориши, кези келганда ўзи узоқ масофадан зарба йўллаши ёки жарима майдончасига ёриб кира олиши унинг устун жиҳатлари ҳисобланади. Июнь ойи якунларига кўра, А Сериянинг энг яхши футболчиси мақомини қўлга киритган “Аталанта” сардоридан кейинги мавсумда ҳам ёрқин ўйинлар кутиб қоламиз.
Ўнг қанот вингери: Пауло Дибала
Ортда қолган мавсум “Йил футболчиси” мукофоти айнан қаҳрамонимизга насиб этди. Шу эътирофнинг ўзи ҳам унинг нақадар кучли ўйин кўрсатганини исботлайди. “Юве” таркибида 33 ўйин ўтказган Дибала 11 гол ва 6 ассист эгасига айланди. Аммо унинг техникаси, ҳужумларни бироз орқароқдан бошлаши юқори даражадаги футболчи эканини англатади. Бежизга рамзий жамоамизда унинг хизматларига эҳтиёж сезмадик.
Чап қанот вингери: Криштиану Роналду
“Юве” формасини кийганидан бери фақат олдинга силжиши кузатилаётган Роналду ўйинлари бу мавсум ҳам барчага бирдек манзур бўлди. Португалиялик юлдузнинг голларини кўриб, унинг ёши ҳақиқатан ҳам 35 да эканлигига шубҳа уйғониши мумкин. Ахир ҳар ким ҳам бу ёшда баланд сакраб, рақиб ҳимоячиларини тезликда ортда қолдириб, узоқ масофалардан кучли зарба йўллаб, дарвозани ишғол қила олмайди. Бунинг учун тинмай меҳнат қилиш лозим. Криштиану эса асло бундан қочмайди ва шу сабабли, шу ёшида ҳам мавсум рамзий жамоаларидаги ўрнини ҳеч кимга бермаяпти.
Мавсумни 31 гол билан якунлаган қаҳрамонимиз “Олтин бутса” учун яқин келди. Бироқ...
Марказий ҳужумчи: Чиро Иммобиле
Бироқ Чиро бу йил катта сенсация муаллифига айланди. 36 та аниқ зарбаси билан рақибларини ранжита олган итальян форварди ҳисобида 9 та голли пас ҳам бор. Бу натижалари орқали у “бьянкадзуррилар”ни 2008 йилдан бери биринчи марта Европа Чемпионлар Лигасига қайтарди, А Серияда гол уриш бўйича Игуаиннинг рекордини такрорлади (36 гол), 2007 йилдан буён “Олтин бутса”ни ютган илк италиялик футболчи бўлди. Албатта, юқори даражада ўйин кўрсатган Иммобиленинг рамзий терма жамоамиздан ўрин олмаслиги мутлақо адолатсизлик бўлар эди.
Ушбу термамизда ҳам доимгидек бир қатор истеъдодли ҳамда кучли ўйин кўрсатган ўйинчиларга жой топилмади. Ромелу Лукаку, Милинкович-Савич, Деян Кулусевски, Хакан Чалханоглу, Дуван Сапата ва яна бошқа кўплаб футболчилардан кейинги мавсумда ҳам ёрқин ўйин кутиб қоламиз. Зеро, чемпионат қизиқарли ўтишида уларнинг ҳам хизматлари беқиёс.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар