SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига 16-тур рамзий терма жамоаси (таҳлил)

Дарвозабон: Элдор Адҳамов (“Андижон”)
Водий дербисидаги дуранг қийин аҳволдаги “Андижон” учун, дарҳақиқат, муҳим эди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, андижонликлар “Навбаҳор”га қарши ҳар иккала дербида ҳам чемпионатнинг қолган учрашувларига нисбатан яхшироқ ҳаракат қилишди. Мавсум ўртасида жамоага олиб келинган Элдор тез орада клубга мослашиб кетиб, ҳозирда алмаштириб бўлмас футболчига ҳам айланиб олган. Наманганликларнинг тажрибали ҳужумчилари ҳам унинг постига йўл топа олмагани бунга исбот.

alhamov

Чап қанот ҳимоячиси: Искандар Шайқулов (“Сўғдиёна”)
“Қўқон-1912”га қарши беллашувда “Сўғдиёна” шунчаки тўхтатиб бўлмас жамоага айланди. Бақоев клубида стабиллик етишмаслиги рост. Аммо бир ўйини чиқиб қолган “Сўғдиёна”нинг потенциали ҳақида “Пахтакор”дан ҳам сўрашингиз мумкин. Шайқуловнинг супер зарбаси тур безагига айланди. Ўша куни қўқонликларга имкон бермаган жиззахликлар ҳимоясининг рамзий тимсоли сифатида Искандарни қабул қилгайсиз!

shayqulov

Марказий ҳимоячи: Олег Толмасов (“Қизилқум”)
Навоийликларнинг бахтига, Олег бошлиқ мудофаа вакиллари Сирожиддин Қўзиевга узоқ масофадан зарба йўллашга имкон беришмади. Акс ҳолда, термамизнинг афсонавий посбони Игнатий Нестеров муборакликларнинг яширин қуроли “маза”сини тотиб кўрган бўларди. Толмасов ҳужумларга ҳам тез-тез қўшилиб туриш орқали рақибларга етарлича қийинчилик туғдира олди.

tolmasov

Ўнг қанот ҳимоячиси: Дилшод Саитов (“Насаф”)
Қаршиликлар ўз уйида “Сурхон”ни аяб ўтирмади. Шу куни янада фаол ҳаракат қилган ўнг қанот вакилларини эътироф этмасдан иложимиз йўқ. Дилшод Саитов рамзий терма жамоаларимизнинг доимий аъзоларидан бири ҳисобланади. Умуман, “аждарлар”да иккала қанот ҳимояси шу қадар бир-бирига моски, уларнинг қай биридир, албатта, рамзий терма жамоамиздан ўрин олади. Бамисоли, Арнольд – Робертсон! Кимгадир муболаға туюлиши мумкин, аслида қаршиликларнинг ушбу икки футболчиси ростдан ҳам Суперлигамизни безаб турувчи ҳимоя вакиллари сирасига киради.

saitov4

Марказий ярим ҳимоячи: Нурилло Тўхтасинов (“Бунёдкор”)
Вадим Абрамов жамоасининг кучи Нуриллонинг чап оёғига жо бўлгандек, гўё. Рамзий термаларимизда мағлуб жамоа аъзоларига кам эътибор қаратишимиз хато. Футбол - жамоавий ўйин. Тўхтасиновнинг елиб-югуришларини Абдужалилов туширган “қовун”лар йўққа чиқарди. Гап ўша вазият ҳақида борар экан, Лутфулла Тўраевнинг узатмасига ҳам эътирозимизни билдириб кетишимиз даркор. Орқа чизиқда рақиб ҳужумчилари юрган бир пайтда дарвозабонга бу қадар ноқулай узатмани амалга ошириш нотўғри. Ушбу гол 2011 йилги УЕФА Суперкубогидаги Мессининг “Порту” дарвозасига киритган голига ўхшаб кетади: марказдагилар кераксиз пайтда тўпни дарвозабонга оширади, аргентиналик эса тайёр туҳфани жон деб қабул қилади.
Ўзбекистонга қайтамиз...

нурилло т

Марказий ярим ҳимоячи: Жавоҳир Сидиқов (“Пахтакор”)
Тактик схемадаги чизгилар туфайли рамзий терма жамоамизда Жавоҳирни бироз орқароқда қайд этишга мажбур бўлдик. Аслида, у ҳужумкор ярим ҳимоячи зонасида ва кўпроқ чап қанот вингери позициясида намоён бўлди. Муҳими, у рамзий терма жамоамиз ҳужумкор вакиллари қаторида тилга олинмоқда ва у “Металлург”га қарши беллашувда бунга муносиб тарзда ҳаракат қила олди: 1 та гол, 2 та ассист.

сиддиқов

Чап қанот ярим ҳимоячиси: Жасур Ҳасанов (“Сўғдиёна”)
Бу тур қанот вакилларига бағишланди. Тажрибали Ҳасанов “Қўқон-1912”га қарши ўйинда жамоадошларининг 2 та голига ассист амалга оширди. Водийликларнинг иккинчи қаватдаги муаммоларини тўғри англаб етган ва тўғри нуқталарга пасларни амалга оширган футболчининг узатмалари амалда баҳс тақдирини ҳал қилди.

хасанов

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Ислом Кенжабоев (“Насаф”)
Кенжабоев ҳам аста-секин ўз ўйинини топиб бормоқда. У ва Бобир Абдихолиқов ҳужумда яхши шерикларга айлана олишмоқда. Ойбек Бозоровнинг кутилмаганда “Сурхон”га қарши баҳс олдидан захирада қолдирилиши жамоа ўйинига таъсир кўрсатадигандек эди. Аммо “аждарлар” жароҳат олган Ойбек учун ҳам янада кучлироқ ҳаракат қилишди.

кенжабоев

Чап қанот ҳужумчиси: Элгужа Григалашвили (АГМК)
Вацадзенинг голида “Бунёдкор”нинг қай бир ҳимоячисини айблашга ҳам ҳайронсиз! Бу ерда индивидуал маҳорат ва сўзсиз шеригини тушуниш масалалари бош фактор вазифасини ўтади. Орқага қараб турган кўйи шеригини бу қадар сезишни бошқа қандай таърифлаш мумкин.
Абдужалиловнинг хатосидан ҳам айнан грузиялик футболчи ўз вақтида, унумли фойдаланиб кетди.

элгужа

Ўнг қанот ҳужумчиси: Бобир Абдихолиқов (“Насаф”)
Бобирни қанот ҳужумига қўйганимиз ҳам тактик вазият нуқтайи назаридан. Таран ҳужумчи позициясига кўпроқ фамилиядоши мос келгани туфайли чаққон Абдихолиқовни ўнгроққа жойлаштирдик.
У Суперлига тўпурарлари рўйхатида тинимсиз олдинга қараб бормоқда. 23 ёшли ҳужумчи учрашув якунланиши арафасида йирик ҳисобдаги мағлубиятдан бўшашиб турган “Сурхон” дарвозасига вазиятдан фойдаланиб яна 2 та тўп киритиб олди.

бобир

Марказий ҳужумчи: Темурхўжа Абдухолиқов (“Локомотив”)
Иккинчи даврада биз ростдан ҳам кучайган “Локомотив”ни кўрмоқдамиз. Албатта, катта жамоаларга қарши учрашувларда “темирйўлчилар”нинг асил кучига баҳо беришимиз мумкин бўлади. Аммо биринчи даврадаги жамоа “Бухоро” ва шу каби Суперлиганинг ўртамиёна клубларига ҳам мағлуб бўлаётган эди.
Оғир пайтда ўз жамоасини ташлаб кетмаган “Локомотив” етакчиси Темурхўжа Абдухолиқовга улкан ҳурматимизни изҳор этган ҳолда, рамзий терма жамоамизнинг марказий ҳужумини унга ишониб топширдик.

темурхўжа

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Насаф
24/09/2020 15:43
Пул учун нима п....лани емайсан