SPORTS.uz талқини бўйича "топ-5" чемпионатларда ҳафта рамзий терма жамоаси
Якунига етган ҳафта “кўҳна қитъа”да тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу ўйинларда ўз позициясида энг яхши ҳаракат қилган футболчилардан иборат рамзий терма жамоани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Бош мураббий: Кристоф Пелисье (4-5-1)
Биз, одатда, рамзий терма жамоаларимизга мураббий сифатида ҳафта давомидаги энг ҳайратланарли ва катта ғалабага эришган клуб бош мураббийини қўйишга ҳаракат қиламиз. Бу гал ҳам анъанага содиқ қолган ҳолда, яна бир аутсайдер жамоанинг улкан зафарига эътибор қаратамиз.
Ҳар тарафи юлдузларга тўлиб-тошган ПСЖни мағлуб этган Франция биринчи дивизионининг энг сўнгги поғонадаги жамоаси “Лорьян” Европа "топ-5" чемпионатларида ҳақиқий сенсация қайд этди. Франциялик мутахассис шу пайтгача намойиш этиб келинган ўйинни четлаб ўтди ва Париж клубини мардонавор таслим этди.
Кристоф Пелисье ушбу беллашувда 4-5-1 тактик схемасидан фойдаланди. Биз ҳам рамзий жамоамизни ушбу чизги асосига қурамиз.
Дарвозабон: Петр Гулачи (“РБ Лейпциг”)
Венгриялик посбон рамзий терма жамоаларимизда тез-тез меҳмон бўлиб туради. Бу гал уни Бундеслига 19-турининг марказий баҳсида кўрсатган қаҳрамонликлари учун эътироф этишга қарор қилдик. “Байер”га қарши беллашув лейпцигликлар учун росмана оғир кечди. “Доришунослар” тўп назорати ва дарвоза томон аниқ зарбалар бўйича рақибдан устунлик қилди. Петр ўйин мобайнида 4 маротаба дарвозасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Бу билан у нафақат жамоасини 2-поғонада сақлаб қолди, балки Бундеслигада тобора сўниб бораётган чемпионлик умидларини муҳофаза этди.
Чап қанот ярим ҳимоячиси: Маркос Алонсо (“Челси”)
Испаниялик қанот ҳимоячисининг Лэмпард даврида захирага михлаб қўйилиши кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳа, Бен Чилуэлл жуда ишончли ва мазмунли футбол кўрсатмоқда. Бироқ, ҳозирги футболда ротация масалалари ҳам бор. Янги мураббий Томас Тухель “Бёрнли”га қарши ўйинда Маркосга имконият беришга қарор қилди. У эса янги устозининг ишончини гол билан оқлади.
Марказий ҳимоячи: Жером Боатенг (“Бавария”)
Мюнхен клуби яна бир йирик ғалабани тантана қилди. Одат тусига кириб ҳам қолди-ку, тўғрими?! Аммо барибир жуда тартибли ва ишончли футбол намойиш этиб, ғалабаларни тантана қилаётган жамоани эътироф этмаслик мумкин эмас. Бугун голларни қалаштириб ташлаётган Левандовски, қанотларда супер-рейдлар уюштираётган Гнабри ва бошқа ҳужум вакилларини рамзий жамоамизга кирита олмадик. Улар учун ҳам Боатенгни олдик. Нега? Чунки, яқин-яқингача ҳам, Флик жамоасининг энг ожиз нуқтаси марказий ҳимоя эканлиги айтиб келинаётганди. Ҳа, бу бор гап. Аммо уларнинг ҳужумдаги фаоллиги бу айбни ювиб кетади. “Хоффенхайм”га қарши “реванш”ни айнан Жеромнинг голи бошлаб берди. Шу жиҳатдан, у рамзий терма жамоамизнинг ҳақли аъзоси.
Марказий ҳимоячи: Льюс Данк (“Брайтон”)
Англия футболининг ашаддий мухлисларига таниш бўлган Данк илк маротаба рамзий жамоамиздан ўрин олмоқда. Биласизки, Грэм Поттер шогирдлари мудофаада у қадар муваффақиятли ҳаракат қила олмайди. “Тоттенхэм”га қарши беллашувда “чайкалар” ушбу анъанани “бузди”. Данк бошлиқ ҳимоя Леандро Троссард томонидан урилган голни муносиб ҳимоя қила олди. Бельгиялик футболчининг голи уларга ғалаба келтиришида ҳимоя чизиғининг ўрни беқиёс.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Хорхе Мирамон (“Леванте”)
“Реал” мухлислари “Леванте”га қарши беллашувни ёдга олган пайтда энг биринчи бўлиб учрашув ҳакамини кўз олдига келтириши табиий. Ўйинни бошқариб борган Давиде Медье Хименеснинг Эдер Милитаога кўрсатган қизил карточкаси, ҳақиқатан ҳам, баҳсли бўлди. Бу албатта, бошқа масала.
Ушбу четлатиш ўйин сценарийсига жиддий таъсир кўрсатди. Ўнг қанот ҳимоячиси Хорхе Мирамоннинг беллашув қаҳрамонларидан бири бўлишига, балки шу сабабдир. Испаниялик қанот ҳимоячиси майдоннинг ўнг тарафи бўйлаб ҳар бир чизиқда фаол ўйнади ва жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.
Марказий ярим ҳимоячи: Франк Кесси (“Милан”)
Кот-д’ивуарлик ярим ҳимоячи “россонерилар” таркибида пенальти ижрочиси ҳисобланади. Унинг кетма-кет ўйинларда гол ураётгани шундан. Бироқ, унинг хатти-ҳаракатларини ушбу голлар белгиламаслигини ҳам айтиб ўтишимиз зарур. Таянч ярим ҳимоячиси позициясида тўп тепувчи Франк “Милан” ўйинини том маънода бошқаради. Ҳайбати билан Кларенс Зеедорфни ёдга солиб юборадиган Кесси амалда ҳам у каби клуб тарихида ўз номини қолдириб келмоқда.
Марказий ярим ҳимоячи: Жонжо Шелви (“Ньюкасл”)
“Янги қаср эгалари” яна бир маротаба “Эвертон”нинг салоҳияти АПЛ кучли учлигига тортмаслигини кўрсатиб қўйгандек. Мавсум аввалидаги мағлубиятсиз сериялар ҳайбатидан биз “ирисчилар”ни совринли ўринлар учун даъвогар клуб сифатида кўра бошлаган эдик. Кейинроқ маълум бўлдики, бу натижалар Хамеснинг мўъжизавий ўйинлари инерцияси экан, холос. Эътибор берсангиз, Карло Анчелотти шогирдлари айнан колумбиялик ярим ҳимоячи жароҳат олиб, сафдан чиққан ўйинларда очко йўқота бошлади. Гап “Ньюкасл” ҳақида эди…
Премьер-лиганинг тушунарсиз жамоаларидан бири ҳисобланган Стив Брюс шогирдлари номдор рақибни анча ишонч билан таслим этди. Шелви эса майдон марказида мазмунли футбол намойиш этди ва битта ассист ҳам амалга оширди. Инглиз ярим ҳимоячисини 2 та гол урган Уилсонни рамзий жамоамизга кирита олмаганимиз учун компенсация ўрнида қабул қиласиз.
Марказий ярим ҳимоячи: Сауль Ньигес (“Атлетико”)
“Кадис”га қарши беллашув кутилмаганда драмага айланиб кетди. Дастлаб, Луис Суарес ҳисобни очар экан, кўпчилик ўйин “матрасчилар”нинг одатий ғалабаси билан якунланар экан, деган хаёлга борди. Аммо тез орада тажрибали Альваро Негредо ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин, тайм сўнгигача мадридликлар босим остида қолди. 44-дақиқада Сауль томонидан киритилган гол яна Симеонега хотиржамлик бахш этди. Иккинчи таймда ҳам интрига энг сўнгги дақиқаларгача сақланиб қолди ва якунда “Атлетико” чемпионлик пойгасидаги галдаги катта қадамни ташлади.
Чап қанот вингери: Адам Марушич (“Лацио”)
Черногориялик футболчи А Серия 20-турининг марказий беллашуви тақдирини белгилаб берган голни киритди. Яъни, у 3-дақиқада Голлини постига йўллаган тўп бутун ўйин сценарийсига таъсир кўрсатди. Ҳар икки жамоа ўртасида бевосита 6-поғона учун кечган беллашувда римликларнинг қўли баланд келди. “Бургутлар” ушбу ғалабани Бергамода қўлга киритгани эса, Симоне Индзагини янада хурсанд қилган бўлса, ажаб эмас.
Ўнг қанот вингери: Муҳаммад Салоҳ (“Ливерпуль”)
Мисрлик юлдуз “Вест Хэм”га қарши ўйинда жамоасига ғалаба тақдим этди. Унинг дубли том маънода индивидуал маҳорат эвазига урилди. Илк голида бир нечта ҳимоячи орасидан мукаммал зарба учун позиция топа олган Салоҳ, кейингисида ҳақиқий ҳужумчиларга хос бўлган жой танлаш маҳорати ва вазиятлардан совуққонлик билан фойдаланиш эвазига Фабианскини ожиз қолдирди. Бу ўринда, Жердан Шакирининг шеригини яхши тушуна олгани ҳам таҳсинга сазовор.
Марказий ҳужумчи: Патрик Бэмфорд (“Лидс”)
Жуда кўпчилик еврофутбол мухлислари 27 ёшли футболчинин жорий мавсумдан эътиборан, яхши таний бошлади. ЕЧЛ йўлланмаси учун жиддий кураш олиб бораётган “Лестер” дебютант жамоага ўз майдонида имкониятни бой берди. Ушбу баҳсда битта гол урган Патрик шериклари томонидан киритилган 2 та голга ассистентлик қилиб берди. Сермаҳсуллиги билан барча футбол мухлисларига бирдек манзур бўлаётган Бэмфордни тез орада терма жамоа либосида кўриб қолсак, ажабланмаймиз.
Ушбу рамзий терма жамоамиздан ўтган ҳафтани ажойиб тарзда ўтказган бир қатор футболчилар: Роберт Левандовски, Каллум Уилсон, Каллум Хадсон-Одои, Рохер Марти кабилар тушиб қолди. Уларнинг баъзилари мураббий тактикасига мос тушмаганлиги ва бошқаларининг позициясида сермаҳсулроқ ўйинчилар борлиги сабаб четда қолди. Бу, албатта, бизнинг талқин. Сизнингча, яна қайси футболчилар ушбу жамоадан ўрин олиши мумкин эди? Комментларда ўз вариантларингизни қолдиришингиз мумкин!
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар