Станислав Андреев: "Навбаҳор" совриндорлар сафидан ўрин олади"
Хабарингиз бор, “Навбаҳор” жамоаси аъзолари айни пайтда Самвел Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штаби қўл остида Туркиянинг Анталия шаҳрида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини олиб боришмоқда. “Лочинлар”нинг Анталиядаги навбатдаги машғулоти якунлангач, Туркия сафари олдидан “Навбаҳор” билан шартнома имзолаган тажрибали ҳимоячи Станислав Андреев билан боғланиб, унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
Қуйида футболчининг фикрлари эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Туркиядаги машғулотлар, “Навбаҳор”га ўтиши ҳамда рақобат
– Туркиядаги машғулотлар жуда яхши ўтяпти. Мураббийлар мазкур йиғин давомида асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратишмоқда.
Барча футболчилар бирга машғулотлар ўтказиб, ўзаро мулоқот қиляпмиз. Туркиядаги йиғин янги мавсумдаги ўйинларимиз учун анча асқотади, деган фикрдаман.
“Навбаҳор” билан мазкур жамоани “Пахтакор”да бирга фаолият юритган Самвел Вячеславович Бабаян бошқараётгани, жамоанинг янги мавсумда совринли ўринлар учун кураш олиб бориши, бундан ташқари, наманганлик мухлисларнинг ҳақиқий 12-ўйинчи эканликлари, уларнинг доимо севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашларини билганлигим боис, шартнома имзоладим.
Тўғрисини айтсам, Самвел Вячеславович мени Наманган клубига ўтган мавсумнинг давралар оралиғида таклиф қилганди. Лекин ўшанда бекободликлар билан амалдаги шартномам бор эди. Бундан ташқари, давралар оралиғида жамоани алмаштириш менга тўғри келмасди. Шу боис, мавсум якунланишини кутдим ва “Металлург”нинг Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолишга қўлимдан келганича ёрдам бердим.
Ўтган мавсум ўзингизга маълум, “Металлург” учун айниқса, 2-давра баҳслари анча қийин кечди. Жамоа мавсум якунига келиб, Суперлигада “жон сақлаб” қолиш учун кураш олиб боришга мажбур бўлди, ҳаттоки, про лига жамоасига қарши “плей-офф” ўйинида қатнашишимизга ҳам бир баҳя қолди. Худога шукр, якунда барчаси ижобий тарзда якунланиб, “Металлург” элитадаги ўрини сақлаб қолди. Тўғрисини айтсам, футболчилик фаолиятимда бундай ҳолатга биринчи марта тушдим. Энди бундай воқеликлар қайтарилмайди, деган умиддаман. Айтишадику, қийинчилик кетидан енгиллик келади, деб. Энди янги мавсумда “Навбаҳор” билан ижобий натижаларни қайд этиш ниятидаман.
Хабарингиз бор, 2017-2018 йилларда отам (Владимир Андреев) “Навбаҳор” мураббийлар штабида фаолият олиб борган. Албатта, наманганликлар сафига қўшилишдан олдин дадам билан ҳам маслаҳатлашдим. У мураббий эмас, аввало ота сифатида ўз маслаҳатларини бериб, клуб раҳбариятида яхши инсонлар ишлаши, “Навбаҳор” ҳам ўз номига эга клуб эканлиги, ушбу жамоа сафида ўйнаш фойдадан ҳоли бўлмаслигини таъкидлаб, бир қарорга келишни ўзим мустақил равишда ҳал қилишим лозимлигини айтди. Ўзим ҳам юқоридаги омиллардан келиб чиққан ҳолда, жамоа таркибига қўшилишга қарор қилдим. Худо хоҳласа, янги мавсумда клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби, шунингдек, мухлислар ишончини оқлашга интиламан.
Мени “Навбаҳор”да жуда яхши, меҳмондўстлик билан кутиб олишди. Янги жамоадошимларимдан айримлари, жумладан, Азимжон Аҳмедов ва Давронбек Ҳошимов билан “Пахтакор”да бирга ўйнаганмиз, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев ҳамда Иброҳим Ғанихонов ҳам ўз фаолиятларини “шерлар” таркибида бошлашган ва уларни ҳам яхши танийман. Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинидан олдин Наманганда бўлиб ўтган 9 кунлик машғулот давомида янги жамоадошларим билан яқиндан танишиб олдим, жамоа муҳитига мослашдим. Туркиядаги йиғинда улар билан янада яхшироқ чиқишиб оляпмиз.
Таркибимиз кучаймоқда ва янги мавсумда Худо хоҳласа, жорий йил якунида ижобий натижага эришиб, совриндорлар сафидан ўрин оламиз, деган умиддаман.
Олдиндан башорат қилишни ёқтирмайман. “Навбаҳор”нинг олдига бўлажак мавсумда Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Буни амалга ошириш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.
Албатта, “Навбаҳор”да менинг позициямда рақобат бор. Лекин бунга тайёрман. Рақобат бор жойда эса ўсиш бўлади. Асосий таркибдан ўрин олиш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан.
Етакчилик, универсаллик
– “Пахтакор”даги фаолиятим давомида айрим ўйинларда жамоа сардори сифатида майдонда ҳаракат қилган бўлсам, “Металлург”да кўплаб ўйинларда жамоадошларимни сардор сифатида майдонга бошлаб тушдим. Аммо ўзим ҳеч қачон жамоа сардори ёки етакчиси бўлишга қизиқмаганман. “Навбаҳор”да ҳам мени етакчи деб ҳисоблашса, яна яхши. Мен учун муҳими бу эмас, асосийси, ўзим болаликдан қизиққан касб, яъни, футболчи сифатида фаолият юритаётганим, жамоамизнинг ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб, ижобий натижаларни қайд этиши. Қолгани унчалик муҳим эмас.
Мураббийлар мени майдоннинг қайси чизиғига қўйишса, ўша ҳудудда ўйнайвераман, яъни, универсал футболчиман. Гарчи чапақай бўлсам-да, “Пахтакор”да олдин майдон марказида тўп тепдим. Кейин эса чап қанот ярим ҳимоясига олишди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2 та ўйинида мураббийлар чап қанот ҳимоясида синаб кўришди. Кейин пойтахтликлар таркибига қайтганимдан кейин “Пахтакор” мураббийлари ҳам шу позицияда ўйнашимни айтишди. “Металлург”да эса ўнг қанот ҳимоячилари жароҳат олишган ва дисквалификация сабабли, майдонга туша олишмаганлиги боис, ҳаттоки, 2-3 та баҳсда ўнг қанот ҳимоясида ўйнашимга ҳам тўғри келди. Қисқаси, мени мураббийлар майдоннинг қайси чизиғига қўйишса, ўша ерда ўйнайвераман.
Тажриба, пенальти тепиш, терма жамоа ва “Металлург”даги фаолият
– Албатта, тажрибали футболчи сифатида ёш футболчиларга ўз маслаҳатларимни бериб тураман. Ёшлигимда менга “Пахтакор”да тажрибали футболчилар ўз маслаҳатларини бериб туришган.
Ўз ўрнида яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ёшлардан ҳам нималарнидир ўрганиш мумкин. Ҳозирги ёшлар анча замонавийлашиб кетган. Бир сўз билан айтганда, ёшлар маслаҳат сўрашса, уларга ёрдам беришга тайёрман.
“Металлург”да штатли пенальтичи бўлганман ва албатта, бунинг ўзига яраша масъулияти юқори. Баъзилар ўйлаши мумкин, 11 метрли нуқтага келиб, эни 7 метрдан ошиқроқ бўлган дарвозани аниқ нишонга олиш нима деб. Лекин бу футболчидан руҳий ва жисмоний куч талаб этадиган ҳолат. Мухлислар шуни ҳам инобатга олишса, яхши бўларди.
Терма жамоадан ҳам ижобий таассуротлар қолган. Ҳар сафар жаҳон чемпионатига чиқиш учун бироз омад етишмаган. Айрим саралаш босқичида бир очко, айримларида битта гол.
Терма жамоа мураббийлари борасида тўхталадиган бўлсам, улардан ҳеч кимни алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Мени терма жамоага илк марта 2009 йилда Миржалол Қўшоқович Қосимов таклиф қилган. Кейин эса миллий термада Вадим Карленович Абрамов, Самвел Вячеславович Бабаяннинг қўл остида ўйнаганман. Қисқаси, терма жамоада ҳар бир мураббийдан нимадир ўрганганман.
Миллий жамоамизнинг 2017 йили эронликлар билан бўлган ўйинида жиддий жароҳат олдим.
Кези келганида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўшанда оғир дамларни бошдан кечирдим. Жароҳатдан тикланиш анча вақт талаб қилди, 10 ойча ўйин амалиётисиз қолдим. Жароҳатимдан энди фориғ бўлганимда, “Пахтакор”да катта ўзгаришлар юз берди, жумладан, мураббийлар штаби ҳам янгиланиб, Шота Юстинович Арвеладзе бош мураббий сифатида иш бошлади. Табиийки, у эндигина жароҳатидан фориғ бўлган футболчини таваккал қилиб, асосий таркибга туширмаслиги мумкин эди. Тўғри, бошланғич таркибда ҳам майдонга тушиш имкониятига ҳам эга эдим. Аммо кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни хоҳлардим. Худди ўша пайтда Андрей Сергеевич Шипилов “Металлург”га таклиф қилди. Шу боис, 2018 йилнинг 2-даврасидан кейинги фаолиятимни бекободликлар таркибида тўп тепиб, 3,5 йил давомида “Металлург” сафида ўйнадим ва қўлимдан келганича, жамоанинг муваффақиятларига ўз ҳиссамни қўшдим.
Шипиловнинг мураббийлигида “Металлург” икки мавсум давомида 5-ўринни қўлга киритди.
Ёқтирган футболчилари, мухлисларга тилаги
– Футболни ҳеч қачон бирор бир футболчининг ўйинини алоҳида кўриш учун кўрмайман. Шунинг учун бўлса керак, болалигимда кумирим бўлмаган. Ҳозирги футболчилардан “Ювентус”нинг аргентиналик ҳужумчиси Пауло Дибаланинг ўйини ёқади. Ҳамюртларимиздан эса Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов ва янги жамоадошимга айланган Жамшид Искандеров яхши ўйин намойиш этишмоқда.
Мухлисларга тилагим, жамоамизни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаб туришсин. Ахир, айтишадику, дўст кулфатдаан билинади, деб. Биз эса уларнинг ишончларини оқлашга интиламиз.
"Навбаҳор" матбуот хизмати.
Фикрлар