Суҳроб Бердиев нима учун “Пахтакор”да ўйнаб кета олмагани, “Қўқон-1912”нинг ўйин услуби қайси клубга ўхшашини айтди (2-қисм)
Ads

 

Бу мавсум “Қўқон-1912” олий лигада кутилганидан ҳам яхши иштирок этмоқда. Қўқонликларнинг бу мувафаққиятларига Суҳроб Нематов ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Биз эса ушбу ҳужумчи билан ташкил этган суҳбатимизнинг 2-қисмини сизларга ҳавола қиламиз.

Суҳроб Бердиев: “Қўқон-1912”нинг ғалабаларида пул асосий омил эмас (1-қисм)

“Қўқон-1912”нинг ўйин услубини қайси клубникига ўхшатиш мумкин?

- Германия чемнионатида 2-ўринни олган “Лейпциг”никига ўхшатиш мумкин. Чунки улар ҳам иштиёқ, ҳаракат эвазига натижага эришишди. 

Мана олий лига биринчи давра баҳслари якунланмоқда. Шунча вақт мобайнида сиз учун тасодиф бўлган жамоа борми?

- Бу йил мен учун тасодиф жамоа бўлмади. Чунки ҳозир деярли барча клубларнинг кучи тенг. Масалан, ҳеч ким Бухорода “Бунёдкор” 4:2 ҳисобида мағлуб бўлишини кутмаганди. Барча жамоаларда рақобат бор. Фақатгина “Локомотив” бошқалардан бир бош устун. Айни пайтда “темирйўлчилар” қолганлардан устун. Улардаги таркиб ҳам деярли мукаммал.

Клубларнинг савияси тенглашгани мухлислар учун ҳам яхши. Рақобат қила оладиган рақиблар тўқнаш келади. Қайсидир ўйинда кучли жамоа кучсиз клуб билан тўғри келмайди. Томошабоб учрашувлар ортади.

Бу тенглашув нимадан далолат. Барча клублар кучайганиданми ёки кучсизландими?

- Ҳамма тайёргарлик жараёнини яхши ўтказди. Шунинг учун айни пайтда кучлар тенг келмоқда.

Жамоалар ниманинг эвазига кучаймоқда?

- Айтганимдек барчаси тайёргарликка ва яхши мураббийга боғлиқ. Агар молиявий томондан қараладиган бўлса. ҳамма жамоаларда ҳам пул ошиб-тошиб кетмаган.

Агар клубларимиз сиз айтгандек кучайган бўлса, нима учун ҳамюртларими бу мавсум ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичида қолиб кетди?

- “Локомотив” бу йил ОЧЛ-2017га балки кўнгилдагидек тайёргарлик олиб бормагандир. Таркиб ҳам анча ўзгарган. Жамоанинг етакчилари бошқа чемпионатларга йўл олди. Умуман олганда, бу борадаги камчиликларни фақат жамоадагилар билади.

Мавсум сўнггига қадар “Қўқон-1912” “темирйўлчилар”га етиб олиши мумкинки?

- Олдинда иккинчи давра ўйинлари бор. Шунинг учун ҳозирдан бир нима дейиш қийин.

Биринчи даврадан сўнг сизни бошқа жамоада кўришимиз мумкинми? Яъни, таклифлар бўлдими?

- Йўқ. Таклифлар бўлмади. Ўзим ҳам шартномам якунлангунича Қўқонда қолмоқчиман.

“Қўқон-1912”нинг мана шу темпи қанчагача етади деб ўйлайсиз?

- Мавсум оҳиригача шу темпни ушлаб қоламиз.

Кейинги мавсумчи?

- Кейинги мавсум нима бўлиши қишда аён бўлади. Жамоада ким қолади, кимлар кетади. Шундан сўнг фикр билдириш мумкин.

“Қўқон-1912” бу қисқа муддатли лойиҳами?

- Бу асосан клуб мутасаддиларига боғлиқ. Чунки аксарият футболчиларнинг шартномаси бир йиллик. Ёки кўп йиллик. Қайсидир ўйинчининг битими якунланиши мумкин. Шунинг учун раҳбарлар йил якунида қандай ҳулосага келишса, шу бўлади.

Нима учун бизда футболчилар билан бир йиллик шартнома имзоланади?

- Бу олдиндан бўлиб келган. Тўғрисини айтсам, нима учун бир йиллик эканлигини билмадим.

Футболчига қайси бири қулай, бир йиллик шартномами ёки узоқ муддатли?

- Бу асосан шартномадаги бандларга боғлиқ. Қолаверса, футболчининг истаклари ҳам инобатга олинган бўлса, узоқ муддатли келишув яхши. Аммо ҳозирги кунда бир йиллик шартнома қулайроқ. Чунки сизга ваъда берган клуб раҳбари эртага ўз жойида қоладими йўқми билиб бўлмайди.

“Пахтакор”да нима учун ўйнаб кета олмадим деб ўйлайсиз?

- Балки, мураббийнинг тактикасига тўғри келмагандирман. Ёки ўйин услубим умуман “шерлар”никига ўхшмагандир. Яна билмадим.

Агар яна “Пахтакор”дан таклиф бўлса, боришга чўчимайсизми? Ҳар ҳолда таркиб тубдан ўзгариши, кучайиши кутилаётган жамоа.

- Албатта, бориб, ўзимни синаб кўрган бўлардим. Ўз иродам қанчалик эканлигини, тажрибам ортганлигини кўриб келардим. Қолаверса, шартномам якунланган бўлса. Акс ҳолда бу таклиф таклифлигича қолади. 

Сизга бир неча йил олдин Малайзиядан таклиф бўлганди. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз?

- Ҳаммаси ҳал бўлаётганда нимадир бўлди-ю ортга қайтишимга тўғри келди. Орадаги одамлар келиша олмагандир. Қолаверса, оилавий шароитим ҳам уйга қайтишимга сабаб бўлди.

Ҳозирги кунда савияси паст бўлса ҳам Малайзия чемпионатидан таклифлар бўлмоқда. Футболчиларимизнинг у мамлакатга йўл олиши фақатгина молиявий томон билан боғлиқми ёки бошқа ютуқлари ҳам борми?

- Менимча, фақат моддий томондан кучли. Бошқа нимадир дейиш қийин.

Сизга ҳам таклиф бўлса борасизми?

- Ҳозир йўқ. Чунки “Қўқон-1912” билан шартномам бор. Клуб ўз олдига мақсад қўйган. Шунинг учун мақсадли жамоада қоламан.

Европа чемпионатидаги жамоалар ўз олдига кучли бешлик ёки учликка киришни мақсад қилади. Бу эса уларга кейинги мавсум учун еврокубокларга йўлланма беради. Ҳўш, бизнинг клубларимизга кучли бешликми, еттиликми қандайдир аҳамиятли томони борми?

- Буни катта аҳамияти бор, биринчидан мухлислар ўз суюклиларидан янада кўпроғини кутишади. Иккинчидан натижага қараб кейинги йилги молиявий, бюджет томонлари белгиланади.

Суҳроб ака, вақтингизни аямасдан биз билан сухбатлашганингиз учун раҳмат. Сизга ва “Қўқон-1912”га қолган ўйинларда омад тилаб қоламиз.

- Сизга ҳам раҳмат.

  

Бекзод ИСАЕВ сухбатлашди