Суперлига биринчи давра: “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашувидаги можаро, марказлашган чемпионат, “Локомотив”даги пасайиш ва бошқалар

Ўзбекистон чемпионатида биринчи давра якунланди. Иккинчи даврани “Пахтакор” иштирокидаги учрашувлар бошлади. “Шерлар” Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш учун 10 сентябрь куни Қатарга йўл олди. Шу боис Шота Арвеладзе шогирдлари айрим баҳсларни эртароқ ўтказди. Қолганлар учун эса иккинчи давра 10 сентябрдан бошланди.

Хўш, ортда қолган 13 та тур учрашувлари бизга нималарни тақдим этди, қайси ўйинлар, воқеалар ёдимизда қолди? Ҳозир шулар ҳақида.

Суперлига пандемия сабаб катта тўхталишлар эвазига ўтказилиб келинмоқда. Шунинг учун аввалги мавсумлардаги каби чуқур таҳлил қилиш ёки мулоҳаза билдириш бироз қийинроқ.

Суперлиганинг илк ўйини можаро билан бошланди. “Пахтакор” – “Навбаҳор” беллашувида ҳакамлик мавзуси трендга айланди. Учрашув ва унинг атрофидаги баҳс­мунозаралар анча вақтгача тинмади.

5751582805730

Турнир икки марта рестарт олди. Коронавируснинг дастлабки хавфи сабаб март ойида чемпионат тўхтатилганди, кейинроқ эса июлда яна мажбурий танаффусга чиқилди. Илк маротаба мамлакат чемпионати учрашувларининг бир қисми марказлашган ҳолда пойтахт ва Тошкент вилояти стадионларида нейтрал майдонларда ўтказилди.

Миржалол Қосимов, ниҳоят, ўзи истаган жамоани қурмоқда. Ўтган йили мағлубиятлар ва омадсиз ўйинлар туфайли босим остида қолган мураббий бу мавсум рекордлар ўрнатмоқда. Олмалиқликлар ўз тарихларида илк бор бир давра ўйинларини мағлубиятсиз ўтказишди. Шунингдек, АГМКнинг мағлубиятсиз серияси 13 ўйинга етди ва бу борада мутлақ рекорд қўйилди. Хатто “Пахтакор” ҳам имкониятни бой берган бир паллада Қосимов жамоаси иккинчи даврагача чемпионатда енгилмас жамоа бўлиб туради.

“Пахтакор” чемпионатнинг 4­турида “Сўғдиёна”дан енгилди. Жиззахдаги беллашув тақдирини биргина гол ҳал қилганди. Эътиборлиси, Улуғбек Бақоев шогирдлари биринчи даврада амалдаги чемпион ва вице­чемпионни таслим этди. Иккита ўйинда дуранг қайд этган “Пахтакор” қолган учрашувларда рақибларини аяб ўтирмаяпти. “Шерлар” биринчи даврада энг кўп гол урган жамоа – 45 та. Бу борада уларнинг энг яқин таъқибчилари бўлмиш “Қўқон­1912” ва “Насаф” ҳисобида 23 тадан гол мавжуд.

Санжар Турсунов (АГМК) ва Шерзодбек Каримов (“Сурхон”) энг чиройли гол муаллифига айланди. Турсунов 60 метр масофадан дарвозани ишғол қилди. Каримов эса тўпни бурчакдан зарба билан бевосита тўрга киритди. Шедевр! Қай бири устунроқ эканлигини ажратиш қийин бўлган голлар.

28.08.2020 Sogdiana 2-0 Surkhon (33)

“Андижон” банкротлик жари ёқасидан қайтди (шекилли)! “Бургутлар”нинг муаммолари йиғилиб, охирги турга келганда жамоага панд бериб қўйишига бир баҳя қолди. “Андижон” молиявий инқироз сабаб, 13­турда иштирок эта олмаслигини билдирганди. ПФЛ “Пахтакор”га қарши ўйинни бекор қилди. Водийликларга техник мағлубият ёзилаётган бир паллада жамоа ўйинда қатнашадиган бўлди. (Биздаги маълумотларга кўра, ЎФА раҳбариятининг вилоят ҳокими билан мулоқоти ҳал қилувчи аҳамият касб этган.) Кейинроқ клуб матбуот хизмати “Андижон” маҳаллий тадбиркор қўлига ўтганини маълум қилди. Янги раҳбар ОАВга берган интервьюсида мақсадлари улкан эканлигини айтган. Мухлислари бор жамоанинг шундай тугатилиши адолатдан бўлмасди. Орада андижонлик иккинчи легионер бош мураббий билан хайрлашди. Виктор Кумиковдан сўнг жамоани яқин ўтмишнинг истеъдодли тўпурари Бахтиёр Ҳамидуллаев бошқарадиган бўлди.

Суперлиганинг икки клубида Россияга иккита йирик трансфер амалга оширилди. “Локомотив” вакили Остон Ўруновнинг аввал Қозоннинг “Уфа”сига, кейинроқ Москванинг “Спартак”клубига кўчиб ўтгани катта воқелик сифатида қарши олинди. “Бунёдкор” иқтидори Жасур Жалолиддинов эса Москванинг “Локомотив” клуби сафига бориб қўшилди.

Одатда, давралар оралиғидаги танаффусда клублар сафида жуда кўплаб кўчиб ўтишлар кузатиларди. Бу гал олди­бердиларнинг анча камайганлигини кўришимиз мумкин. Фақатгина “Қизилқум” 10 футболчини ўз сафига қўшиб олди. Қолганлар кўп ўзгаришларга қўл урмади.

“Локомотив” ўйинида бирдагина кескин пасайиш кузатилмоқда. Мамлакатнинг яқин йиллар ичидаги кетма­кет чемпиони “темирйўлчилар”нинг кўрсаткичлари ёмонлашди. Истеъфога чиқарилган Андрей Фёдоров ўрнида Дилшод Нуралиев қисқа муддат вазифа бажарувчи бўлиб турди. Кейин Нуралиев яна “Локомотив” ёшлари билан ишлашга қайтарилди. Жамоага яхши таниш бўлган Андрей Микляев бош мураббий этиб тайинланди. Унга Тимур Кападзе ёрдамлашиши айтилди.

LOK v SUR (46)

“Сурхон”да мураббийлар қўнимсизлиги давом этди. Дастлабки турларда Шавкат Абдухўжаев бош мураббий сифатида матбуот анжуманларида қатнашди. Кейинроқ Баҳром Ҳайдаров термизликлар бошқарувини қўлга олди. Орадан вақт ўтиб, Равшан Ҳайдаров "Сурхон" бош мураббийига айланди. Афтидан, жамоа энди мураббийга ёлчиган кўринади. Лекин августдаги бир қатор учрашувларда термизликлар ўз дарвозасига гол уриши, ҳаракатлари сустлиги эътиборни тортди.

Умуман олганда, мураббийлар қўнимсизлиги футболимиз ривожига болта урувчи ҳолат десак, адашмасак керак. Айнан шу сабабга кўра, “Қизилқум” ва “Бухоро” ўз мухлисларини хурсанд қила олмагандек.

Биринчи давра ортда қолди. Умид қиламизки, иккинчи даврада ўйинлар тўхталишларсиз давом эттирилади ва биз муросасиз, қизиқарли, ҳужумкор ўйинлардан баҳраманд бўламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!