Суперлига ҳакамлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан юртимиздаги ҳакамлар савиясини ошириш ва футбол учрашувларини сифатли бошқарилишини таъминлаш мақсадида, бир қатор чора тадбирлар амалша оширилмоқда.

Бугун ана шу мақсадда “Бунёдкор” стадионида Суперлига ҳакамлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Суперлиганинг 3та тури давомида ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

Йиғилишда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ҳакамлар ва назоратчилар бўлими бошлиғи Маъмур Саидқосимов, ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ФИФА инструктори Фарҳод Абдуллаев йиғилганларга ҳакамлар томонидан Суперлига учрашувларида йўл қўйилган хатоларни намойиш қилиб, келгуси учрашувларда бу каби хатоларнинг олдини олиш ва ҳакамлик борасида камчиликларга йўл қўймаслик борасида амалга оширилиши керак бўлган зарур чора-тадбирлар ҳақида сўз юритишди.

Куннинг иккинчи қисмида Суперлига ҳакамлари учун майдонда турли баҳсли вазиятлар яратилди. Ҳакамлар эса бу вазиятлар бўйича қарорлар чиқаришди. Барча жараён видеотасвирга олиниб, кейин ҳакамларга секинлаштирилган ҳолда вазиятлар намойиш қилинди. Ҳар бир ҳакам қарор чиқариш жараёнида йўл қўйган камчиликларини кўриб, ўзи учун тегишли хулосалар чиқариб олди.

Бу каби йиғилишлар мавсум давомида мунтазам равишда ўтказиб борилиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!