Таэквондо бўйича Жаҳон чемпионати совриндорлари тақдирланди

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларида юксак натижаларга эришган, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган спортчилар ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда уларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш, халқаро спорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жаҳонда Ўзбекистоннинг обрўсини янада юксалтириш мақсадида шу йилнинг 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга  эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори имзоланган эди. Унга кўра, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини пул мукофотлари билан рағбатлантириш белгилаб қўйилган.

12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси давлат спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов спорт жамоатчилиги фаоллари ҳузурида таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида совринли ўринларни эгаллаган Никита Рафалович ва Динорахон Мамадибрагимовани юксак натижалар билан табриклаб, уларга зарбоп тўнлар кийгизди ҳамда пул мукофотлари сертификатларини топширди.

Таэквондо бўйича 23-жаҳон  чемпионати жорий йилнинг 24-30 июнь кунлари Жанубий Кореянинг Муджу шаҳрида ўтказилган ва турнирда 176 мамлакат вакиллари 16 комплект медаллар шодаси учун баҳс олиб боришган эди.

Никита Рафалович 74 килограммгача вазн тоифасида муваффақиятли қатнашиб, финалгача етиб борган. Аммо ҳал қилувчи баҳсда россиялик Европа чемпиони Максим Храмцовга имкониятни бой берганди. Ўз навбатида, энди собиқ жаҳон чемпионига айланган эронлик Масуд Хожи Заварех ва қозоғистонлик Қайрат Саримсақов каби кучли рақиблар ортда қолгани эътиборга лойиқ. Дарвоқе, Челябинскда ўтган аввалги жаҳон чемпионатида ҳам Никита вице-чемпион унвонига сазовор бўлганди.

- Бизга билдирилган ишончни оқлаганимиздан хурсандман. Бу – спорт, ва унда доим ҳам олтин медални қўлга киритиш осонмас. Жаҳон чемпионатида финалгача кўплаб жуда кучли рақиблар билан ўтган баҳслар нафақат жисмоний жиҳатдан толиқтиради, балки эҳтиросларни ҳам талаб қилади. Шунинг учун финалда ғалаба қозона олмадим, шекилли. Бизга кўрсатилаётган эътибордан  беҳад мамнунмиз. Келгуси мусобақаларда ҳам муваффақиятли қатнашиб, мухлисларимизни қувонтиришга ҳаракат қиламан, - деди Никита Рафалович.

Аёллар ўртасида 53 килограммгача вазн тоифасида Муджудаги шоҳсупанинг учинчи поғонасига ҳамюртимиз Динорахон Мамадибрагимова кўтарилди ва бронза медали билан тақдирланди.

- Бизнинг спорт ареналаридаги муваффақиятларимиз бунчалик юксак қадрланишидан кўнглимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлади. Мусобақаларга тайёргарлик кўришимиз учун бизга барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Давлатимиз раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик бизни янада яхшироқ натижаларни қўлга киритишга ундайди. Келгуси мусобақаларда ҳам муносиб қатнашишга ҳаракат қиламиз. Айниқса, 2018 йилги Осиё ўйинлари шоҳсупасига кўтарилишни жуда хоҳлайман, - деди Динорахон Мамадибрагимова.

Декабрда Гран-при мусобақаларининг финали сайёрамизнинг энг кучли таэквондочиларини тўплайди. Биз ушбу стартларда ҳам ўзбекистонлик спортчиларга омад ёр бўлишини тилаймиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!