Таҳлил: Сурия қандай жамоа?
Ads

Хабарингиз бор, Эктор Купер бошчилигидаги  Ўзбекистон терма жамоаси 6 сентябрь куни Сурия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. “Миллий” стадионида ўтказиладиган ушбу баҳс ҳозирдан кўплаб мухлисларда анчайин қизиқиш уйғотаётгани тайин.

Сурия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар тарихига тўхталиб ўтишдан олдин. Сурия терма жамоаси ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

Сурия футбол асоциацияси 1936 йилда ташкил топган. 1937 йилдан бошлаб ФИФА, 1970 йилдан бошлаб ОФК таркибига киритилган. Асоциациянинг айни пайтдаги президенти Аҳмад Жаббан ҳисобланади. Мамлакат терма жамоасини германиялик Бернд Стенж бошқаради. 70 ёшли мутахассисга Осиё футболи бегона эмас. У 2013–2016 йиллар оралиғида Сингапур терма жамоасини ҳам бошқарган. 2016 йилнинг апрель ойида мураббийлик фаолиятини якунлагач, 2018 йилнинг январидан Сурия терма жамоасида ўз фаолиятини қайта тиклаган.

Энди бевосита терма жамоанинг ўзига тўхталиб ўтсак. Сурия терма жамоаси ўзининг дастлабки учрашувини 1949 йилнинг 20 ноябрида Туркияга қарши ўтказган. Ўша ўйинда “қасиун бургутлари” 0:7 ҳисобида имкониятни бой беришган. Аммо бу сурияликларнинг энг йирик мағлубияти эмас. Ушбу терма жамоа дарвозасига энг кўп голни Греция ва Миср терма жамоалари уришга муваффақ бўлишган. Ҳар иккала терма жамоага қарши ўтказилган учрашувда Сурия ўз дарвозасидан 8 тадан гол олиб чиқишга мажбур бўлган.  Шунингдек, сурияликларнинг расмий ўйинлардаги  энг йирик ғалабаси 12:0 бўлиб, Мальдив ва Филлипин терма жамоалари устидан қозонилган.

Энди бевосита терма жамоа таркибига тўхталадиган бўлсак, Сурия вакилларининг ўртача ёши 27,8 ёшни ташкил этади. Жамоа таркибидаги энг ёши катта ўйинчи жамоа сардори Фирас Ал ҳатиб бўлиб, 34 ёшли ҳужумчи 62 та ўйинда майдонга тушиб, 29 та гол уришга муваффақ бўлган. Терма жамоанинг асосини легионер футболчилар ташкил қилади. Бернд Стенж терма жамоа сафига жалб этган 22 нафар футболчининг 18 нафари айнан хориж клубларида тўп суришади.

Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, германиялик мутахассис Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоаларига қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари учун қуйидаги футболчиларни жалб қилган.

Дарвозабонлар: Иброҳим Алма (“Фулад” Эрон), Аҳмад Маданиа, Шаҳер Ал Шокир ( иккаласи ҳам “Ал Жаиш” Сурия).

Ҳимоячилар: Надим Сабаҳ (“Тишрин” Сурия), Омар Мидани (“Пирамидс” Миср), Жаҳед Ал Баур (“Ал Риффа” Баҳрайн), Амро Женят (“Ал Шабаб” Уммон), Ҳусейн Жваед (“Ал Завра” Ироқ), Габриель Соми (“Нью Ингленд Революшн” АҚШ).

Ярим ҳимоячилар: Маҳмуд Ал Мовас (“Умм Салал” Қатар), Ҳамид Мидо (“Ал Қувайт” Қувайт), Осама Омари (“Қатар СК” Қатар), Тамер Ҳаж Муҳаммад (“Оҳод” Саудия Арабистони), Фаҳд Юсуф (“Ал Сайлия” Қатар), Юсуф Калфа (“Ал Ҳазим” Саудия Арабистони), Аҳмад Ашкар Шокир (“Ал Жаиш” Сурия), Таэр Крума (“Ал Сувайқ” Уммон), Исро Ҳамвиа (“Ал Қодисия” Қувайт), Аиас Аосман (“Динамо Дрезден” Германия), Муҳаммад Осман (“Эраклес Алмело” Голландия).

Ҳужумчилар: Мардик Мардикиан (“Ал Жазира” Иордания ), Омар Ас Сома (“Ал Аҳли” Саудия Арабистони).

Эътиборли жиҳати шуки, терма жамоа таркибидаги легионер футболчиларнинг асосий қисми Араб футболидан у қадар узоқлашмаган. Яъни Муҳаммад Осман, Аиас Аосман ва Габриель Сомиларни ҳисобга олмаганда, бошқа барча легионерлар Саудия Арабистони, Қатар, Уммон, Ироқ, Қувайт каби Арабистон ярим ороли мамлакатларида тўп суришади. Шунингдек, “Фулад” дарвозабони Иброхим Алма ҳам Араб лигаларида тўп сурмаса-да, Эрон футболи араб футболига бир мунча яқинликларга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу футболчини ҳам юқоридагилар қаторига киритишни маъқул топдик.

Энди бевосита жамоа ўйин услубига тўхталадиган бўлсак, жамоа 4-2-3-1 тактикасига асосланган ҳолда ўйнайди. Жамоанинг энг хавфли ўйинчиларидан бири сифатида Омар Ал Сома ва Фирас Ал Хатибларни келтириб ўтиш мумкин.

Шунингдек, Суриянинг қанотлардан уюштириладиган ҳужумлари анча хавфди ҳисобланади.  Яъни қанотлардан уюштириладиган ҳужумлар баъзида қўққисдан марказга кўчади ва бунда ҳужумкор марказий ярим ҳимоячи ёки марказий ҳужумчи ҳар қандай хавфли вазиятни голга айлантиришга шай туришади. Шунингдек, жамоа майдон марказини эгаллаб олган ҳолда рақиб томон кетма-кет ҳужум уюштиришга интилади. Жуда катта тезликка эга бўлган Фирас Ал Хатиб томонидан иккинчи темпда қўққисдан бериладиган зарбалар кўпинча рақиб дарвозасидан ўрин олади. Умуман олганда, жамоанинг кўплаб ҳужумлари ушбу футболчи орқали ташкиллаштирилади. Шунингдек, “Ал Сайлия” ярим ҳимоячиси Фаҳд Юсуф ҳам қанотларда анча хавфли ҳисобланади. Бундан ташқари, Маҳмуд ал Мовас ва Омар Ал Сомалар олдинги чизиқда анча хавфли. Айниқса, 9-рақамда тўп сурувчи Омар Ал Сома жарима майдони ичида юзага келган кўпчилик вазиятларни голга айлантиради. Шунингдек, унинг узоқдан йўлланадиган зарбалари ҳам дарвозабонлар учун анча бош оғриғи туғдириши тайин. Сурия терма жамоаси иродали жамоалардан ҳисобланади. Бироқ уларнинг ҳам ўзига хос заиф томонлари мавжуд. Хусусан, қарши ҳужумлар вақтида жамоа ҳимоясида юзага келадиган пала-партишликлар кўпчилик вазиятларда гол билан якунланади.

Энди ҳар иккала терма жамоалар ўртасидаги учрашувлар тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари ўртасида жами 3 та ўйин ўтказилган. Ҳар иккала терма жамоанинг дастлабки ўйини 1996 йилги Осиё Кубогига тўғри келади. БАА мезбонлигида ўтган мусобақанинг гуруҳ босқичи доирасида ўтказилган учрашувда ҳамюртларимиз 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишганди. “Қасиун бургутлари”га қарши ўтказилган иккинчи баҳс 2016 йилнинг 1 сентябрига тўғри келади. Кўпчилик мухлисларимизнинг ёдидан ҳали кўтарилиб улгурмаган ўша ўйинда терма жамоамиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. (Гейнрихнинг селфисини эсладингиз-а?) Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида ўтган жавоб учрашувида вакилларимиз худди шу ҳисобда мағлуб бўлишганди. (Гейнрих тушиб қолган селфини ҳам эсладингизми?)

Умуман олганда, терма жамоамиз Сурияга қарши жами 3 та ўйинда майдонга тушган. Ушбу баҳсларнинг 2 тасида рақибларимизнинг қўли баланд келган. Тошкентда ўтказилган биргина ўйинда ҳамюртларимиз ғалаба қозонишга муваффақ бўлишган. Шунингдек, вакилларимиз Сурияга қарши ҳали бирор маротаба ўртоқлик учрашувида майдонга тушишмаган. Демак, ушбу баҳс Сурия билан ҳисоб китобни тўғирлаб олиш учун жуда яхши имконият. Шунингдек, бизни кутиб турган баҳсда Мисрни 32 йиллик танаффусдан сўнг Жаҳон чемпионатига олиб чиққан Эктор Купер терма жамоамизни илк маротаба майдонга бошлаб тушади. Шундай экан, воқеалар ривожини кузатамиз...